Баҳорда кундалик рационда – витаминлар, минераллар, озуқали моддалар ва ўсимлик толаларига бой бўлган турли хил озиқ-овқатлар албатта, бўлиши керак. Баҳорий таомлардан – Сумалак, ҳалим ва янги униб чиққан кўкатлардан кўксомса, кўкчучвара тайёрлаб ейиш саломатлик учун жуда фойдали.

Баҳордаги кўкатлар ва таомлар иммун тизимини мустаҳкамлайди, микроэлементларга бўлган эҳтиёжни тўла қоплайди, витаминлар етишмаслигининг олдини олади, инсонга тетиклик, куч-ғайрат бағишлайди. Аждодларимиз азалдан миллий спорт ўйинлари, беллашувлар ташкил этганлар. Қуйида шулар ҳақида сўз боради.

СУМАЛАК

Тарихчиларнинг таъкидлашича, бундан 3 минг йил илгари ҳам Марказий Осиё халқлари баҳорги ўт-ўланлардан махсус таомлар тайёрлаб еганлар. Буюк тилшунос Маҳмуд Қош­ғарий ўзининг "Девону Луғотит Турк" асарида ёзишича, ивитилган буғдой ёки арпа "Сума" деб аталган.

Баданда табиий витаминларга эҳтиёж ўта кучайган "илик узилди" вақтида тайёрланадиган сумалак камқувватлик, беҳоллик, бош айланиши, кўз тинишидан халос этади. Олимларнинг айтишича, унинг таркибида қонга жуда тез сўриладиган монохарид моддаси бор. Таркибидаги оқсил миллиардларча ҳужайраларимиз учун энг яхши озуқадир. Бу таомда соғу-бемор учун бирдай зарур бўлган "С" дармондориси мавжуд. Бундан ташқари унда токоферол моддаси бўлиб, у женшень таркибида учрайдиган "Е" дармондорисининг айнан ўзгинасидир. Сумалак гипертония касалига энг яхши даводир. У қон таркибини яхшилайди, суюлтиради. Ошқозон ва ичак йўлларини қувватлайди. Иссиғи кўтарилган, қон босими ошган киши сумалак билан икки кун парҳез қилса, ўзида яхши ўзгаришни сезади. 100 грамм сумалак 141 килокалорияга эга.

Тайёрлаш жараёнида дошқозон атрофида момоларимиз, қиз-жувонлар тўпланиб, ўйин-кулгу қилишган. Сумалак сайли маънавий ҳаётда муҳим ўрин тутиб, у қадимдан кишиларда бирдамлик, аҳиллик ҳиссини мустаҳкамлаб келган.

Гарчи сумалак табиий маҳсулотлардан тайёрланса-да, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси, панкреатит, холецистит, глютен моддасига аллергияси борлар сумалак истеъмол қилмаслиги мақсадга мувофиқ. Шунингдек, оғир жарроҳлик муолажаси ўтказилган беморларга ҳам бу неъматни бермай турган маъқул. Сумалак қийин ҳазм бўлгани боис уч ёшдан кичик болалар яламаслиги керак. Чунки ошқозонида ҳазм муаммоси пайдо бўлиб, ичи кетиб қолиши ҳам мумкин. Тўрт ёшдан ошган болаларга бир кунда 50 грамм сумалак кифоя.

Мазкур таомни сут ва сут маҳсулотлари, асал, асалари муми билан биргаликда ейиш ҳам мумкин эмас. Баъзи хонадонларда сумалакни банка-қопқоқ қилиб, совитгичда сақлашади. Аммо бу таомнинг ҳам яроқлилик муддати борлиги хаёлларига келмайди. Яхши пишган сумалакни узоғи билан 6-7 кунгача истеъмол қилиш мумкин, холос. Сўнгра таркибида патоген микроблар тўплана бошлайди. Бу эса организмнинг заҳарланишига олиб келади.

 

КЎК СОМСА

Бу турдаги Наврўз таомлари энг зарур дармондори ва қувватга эгалиги, иммунитетни кучайтириши билан ажралиб туради. Жағ-жағ, исмалоқ, беда каби ўсимлик кўкатлари ва пиёз тўғралиб, ўсимлик ёғи, туз ва мурч билан аралаштирилади. Хамирни ёйиб, хоҳлаган шаклда кесилади. Шакллар ичига масаллиқлар солиб, тугилади. Сом­салар устига тухум суртиб, седана сепилади ва пиширилади.

ҲАЛИМ

Ҳалим буғдой ва мол гўштидан тайёрланадиган қадимий миллий таомларимиздан бири. Ҳалим тайёрлаш учун қайроқи буғдой бир оз намланиб, ёғочда туйилиб, совуқ сувда ювилади, сўнг 5-6 соат давомида илиқ сувда ивитилади.

Тўғралган гўшт қиздирилган ўсимлик ёғида қовурилади, сўнг тайёрланган буғдой солиниб, дарҳол сув қуйилади ва 2-3 соат давомида паст оловда қайнатилади. Таомни тўхтовсиз ковлаб туриш лозим. Аждодларимиз ҳалимни минг дардга даво деганлар.

Зулхумор ХОЛМИРЗАЕВА,

Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг

Наманган вилояти бўлими Норин тумани филиали мудири.