Барчамизга яхши маълум, якунланган йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Республика маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказиб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган кенг кўламли вазифаларни белгилаб берди.

Маълумки, жадид боболаримиз ўз замонасида жадидчилик ғояларини яратар ва тарғиб қилишни кўзда тутар экан, бу ғоялар нафақат миллий, балки умумбашарий қадриятларни ҳам ўз ичига олиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратганлар.

Узоққа бормайлик, ўзимизнинг Тўрақўрғон фарзанди Исҳоқхон Ибратнинг саккиз тилни билиши, уни омма орасида кенг тарғиб қилиши, ривожланган ғарб мамлакатларидан илғор технология ашёларини олиб келиб, 1908 йилда илк босмахонани ташкил этиши ва китоб чоп этишни йўлга қўйгани нафақат Наманган, балки бутун мамлакат аҳли учун жуда катта аҳамиятга молик бўлган дадил маънавий қадам эканлигини унутмаслигимиз зарур.

Яна бир ҳамюртимиз – биринчи халқ шоири Муҳаммадшариф Сўфизода очган илк жадид мактаби ўз дастурига миллий қадриятлар билан бир қаторда умумбашарий қадриятларни киритгани ҳам кўпчиликка яхши маълум.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, барча соҳаларда бўлганидек, тиббиётда ҳам маънавият масалалари доимо эътиборда. Соҳада Президентимиз йиғилишда илгари сурган ғояларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича муайян режалар белгиланган. Хусусан, олимлар, ижодкорлар тарғиботчиларни таклиф этган ҳолда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, бу сингари тадбирлар ва "Маърифат соатлари"да жадид боболар ҳаёти, фаолияти ва ижоди ҳақида ҳам тушунчалар бериб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, соҳа вакиллари орасидаги тадбирларда муомала маданиятини юксалтириш, тиббиётчилар одоби, мижоз-беморлар билан мулоқот маданияти каби мавзуларни қамраб олишни назарда тутганмиз.

Тиббиёт ходимлари томонидан аҳоли орасида олиб бориладиган профилактик суҳбатларда соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя этиш, жисмоний фаол­лик ва соғлом овқатланиш мавзулари билан бирга фуқароларга ҳар қандай вазиятда ўзни тута билиш, ортиқча асабийлашмаслик ва зўриқмаслик, муомала қилишда босиқ-вазмин бўлиш, меҳрибонлик, кечиримлилик фазилатларга эга бўлиш ҳақида ҳам сўз юритилиши талаб қи­линяпти. Чунки бу маънавият белгисидир.

Йиғилишда Прези­дентимиз қуйидаги сўзларни бежиз таъкидламадилар: "Ҳаммамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимизни истардим, яъни ҳаёт бор экан, жаҳолат ҳам, маънавий таҳдидлар ҳам бўлиши табиийдир. Аммо энг хатарлиси – юрт келажагига ло­қайд­лик, эзгу қадриятларга нисбатан бепарволикдир. Тинч ва фаровон ҳаёт қуриш учун, аввало одамлар қалбида бир-бирига ҳурмат, халққа, Ватанга меҳр ва ишонч мустаҳкам бўлиши зарур".

Манзура ЭРГАШЕВА,

"Тиббиёт ва замон" журнали муҳаррири.