Миллатимизнинг икки улуғи гарчи ҳаётда учрашишмаган бўлса-да, бир-бирларига ғойибона муносабатда яшашганидан тарихий китоблар орқали бохабармиз. Навоий 1441 йилнинг, Бобур 1483 йилнинг февралида дунёга келишган. Ораларидаги ёш фарқи 42 йил. Демак, бирлари вафот этганда, яъни 1501 йилда, бирлари 18 ёшда эди. Ажабо! Олтмишни қоралаган Ҳиротдаги буюк инсон Ахси ҳокими Умаршайх Мирзонинг тахт вориси – шаҳзода Бобур Мирзони қандай танидийкин?! Масофа узоқ, боз устига катталари пиру комил даражасидаги ғоят юқори мартабали инсон, кичиклари эса эндигина давлатдорлик даъвосидаги темурийзода, ҳали назму насри машҳурлик ҳам касб этмаган. Лекин эътибору эътирофга кирганининг боиси нимада? Ўзимиз савол қўйиб, ўзимиз жавоб излаб кўришимизга тўғри келса ҳам бу ҳолат биз учун жудаям мароқли ва фахрли.

Биламиз, бобоколонимиз ҳазрат Низомиддин Амир Алишер Навоий ҳаётга зийрак боқиб, бугуннинг бағрида эртанинг тақдири ётишини теран англаб яшаган. Барқарор давлат, инсонпарвар жамият, фаровон турмушни таъминлаш билимдон, мард ва адолатли шаҳзодалар қўлидан келишига қатъий ишонарди. Ана шундай юксак фазилатлар соҳиби бўлишга муносиб ёшларга беҳад меҳрли тарбиячи зот ўз атрофдаги Бадиуззамон Мирзо, Шоҳ Ғариб Мирзо қаторида Бобур Мирзога ҳам эътиборини дариғ тутмади.

Ахси ҳукмдори Умаршайх Мирзонинг тахт вориси Заҳириддин Муҳаммад ўсмирлигида пойтахтдан салкам юз чақирим йироқдаги Андижон шаҳри четида катта онаси Эсандавлатбегимнинг Қўштегирмон боғида билим олиш ва ҳарбий малака эгаллаш билан машғул эди. Ўша чоғдаёқ унинг шоҳномаларни, мумтоз назм жавоҳирларини ўқишга вақт ажрата бошлаганиям маълум. Алишер Навоийни эса гўзал ва таъсирчан ғазал ва рубоийлари мутолааси асносида таниган.

Тўғри, беш достонли "Хамса" ва тўрт китобли "Чор девон" ҳали бу ерларга етиб келмаганди. Лекин замонасининг машҳур шоири битиклари шак-шубҳасиз вароқларга кўчирилган ҳолда эл ўртасида ёйилган. Бобурнинг туркий тилга муҳаббати кучлилиги, айни даврда Навоийнинг туркиёна байтларини жуда ёқтиргани табиий ҳол эди. Бежиз "... Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким Ҳирийда нашъу намо топибтур, бу тил биладур" деб ёзмаган.

Қўлимиздаги тарихга оид муаллифи номаълум қўлёзма асарда айтилишича, Ахси масжиди имоми мулло Асириддин ўз шаҳри – Ҳиротга кетиш пайтида унинг куч-кўронларини етказишга кўмаклашиб борган Одил исмли йигит у ёқдан қуруқ қайтмайди. Мулло Асириддин Ҳирот бозоридан чиройли най ҳамда Навоий ғазалларининг вароқларга кўчирилган нусхаларини сотиб олиб, совға сифатида бериб юборади.

Шаҳзода отаси Умаршайх Мирзо Сайҳун дарёси қирғоғидаги каптархонадан қулаб, шаҳид бўлгач, ўз олдига юксак мақсад қўяди. Бобоси Амир Темур давлатининг бошкенти – Самарқанд тахтига талпинади. Бир марта қўлга киритиб, қўлдан чиқарса ҳам, ниятидан асло воз кечмайди, яна қайтадан қўшин тортади, шаҳардаги хайрихоҳларининг кўплиги боис тағин омади чопади. Шов-шувли воқеалардан Навоий ҳам воқиф бўлгани аниқ. Бундан ташқари унга музаффар шаҳзодаю, шеърият майдонидаям ўз ўрнини забт этишга журъатли ёш назмнависдан мактуб ҳам етиб борганди. "Бобурнома"нинг 1501 йил воқеалари қайдланган маълумотлар шундан далолат қилади: "Бу иккинчи навбат Самарқандни ол­ғонда, Алишербек тирик эди. Бир навбат манга китобат ҳам келиб эди. Мен ҳам бир китобат йибориб эдим, орқасидан турки байт айтиб, битиб юбориб эдим. Жавоб келгунча тафриқа ва ғавғо бўлди".

Афсуски, ҳар икки мактубда нималар битилгани ҳанузгача номаълум. Аниқроғи, ҳеч бири ўша талотўпли вақтларда сақланиб қолмаган. Нима бўлганидаям Навоий ва Бобур муносабатларига янада ойдинлик киритувчи бошқа қатор узуқ-юлуқ маълумотлардан бехабар эмасмиз. Энг қадрлиси, тағин Бобурнинг ўзидан топа оламиз. Навоий шахсига ҳам, ижодига ҳам ҳурмати баланд эканидан бохабар бўламиз. Инчунин, Ҳиротда кечган кунлари баёнида Навоийни хотирловчи ўй-хаёлларини, ихлосу ишончини мамнун кайфиятда ифодалайди: "Ҳирийдан (Ҳиротдан – С.С.) чиққунча Алишербекнинг уйларида эдим... Бу йигирма кунда машҳур сайргоҳлардин бир Султон Ҳусайн Мирзонинг хонақоҳидин ўзга ер кўрулмаган шояд қолмади экин... Алишербекнинг ўлтурур уйлариким, "Унсия" дерлар, мақбара ва масжиди жамеиниким, "Қудсия" дерлар, мадраса ва хонақоҳиниким, "Халосия" ва "Ихлосия" дерлар, ҳаммом ва доруш-шифосиниким, "Сафоия" ва "Шифоия" дерлар, борини андак фурсатта сайр қилдик".

Кимсан Самарқанд тахтини қайта-қайта уч марта эгаллаган, бироқ кутилмаганда замона зайлию, Шайбонийхон устунлиги туфайли ноилож шаҳарни ташлаб, аҳволи танг ҳолатда темурийзода ҳукмдорлар ҳузурига борган, қарийб уч ҳафта меҳмон сифатида сийланса ҳам сарой хонадонида шоҳона шароитда яшашдан кўра, Алишербекнинг уйида кун кечиришни аъло ҳисоблаган шаҳзода Бобурга беихтиёр ҳавасу ҳайратимиз уйғонади. У Навоийнинг жонли қиёфасини кўролмасада, атиги йигирма кун бўлса ҳам шоир уйида турди, гўё чироғини ёқди, руҳини дуо-тиловатлари билан шодлантирди. Ўзиям ғойибдан маънан куч-қувват, мадад олди, десак сира-сира янглишмаймиз. Балки ўша кунларнинг ҳар соатида йилларга тенг сабоқ, умрга татигувчи ибрат илмини кўнглига сингдиргандир. Ахир Навоийнинг уйи – ўз даврининг назму навогоҳи, илму адаб даргоҳи эмасмиди. Шарқ оламининг даҳолари қолдирган дурдона қўлёзма асарларнинг қатма-қат кони, Бобур учун ўқиб-ўрганмоқнинг қисқа ва бетакрор имкони эмасмиди. Худди шундай эди. Бутун вужудини шоҳу дарвешлик туйғуси қамраб олган шогирд кечикиб бўлса-да, устози кирган эшикдан, устози остонасин ҳатлаб, дунёга боққан қутлуғ дарвозадан янги эзгу ниятлар оғушида оламга кучу қудратини адолатли шоҳ сифатида намоёнлаш учун шаҳду шижоат билан чиқди. Ҳинд сари юзланди. Буюк империя бунёд этди.

У ҳеч қачон Навоийни унутмади. Устоз ғояси – таянч қоясига айланди. Давлат тузди, "Вақоеъ" ёзди. "Девон" тартиб берди. Боғлар яратди, масжиду мадрасалар қурдирди. Темурийларнинг муносиб давомчисига айланган қудратли сулолага асос солди. Бобурийлар номи билан дунё тамаддунида ўчмас излар қолдирди.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

(Давоми келгуси сонда).