Инсон учун энг яхши фазилатлардан бири борига шукур қилмоқликдир. Кимки, шунга эга бўлса, унинг кўнгли равшан юради, қалбидан ширин орзулар аримайди. Боиси, шукроналик билан сабр эгизак. Ахир "Сабр­нинг таги олтин", "Сабр қилсанг, ғўрадан ҳолва битар" деган нақл­ларда катта ҳикмат мужассам. Сабрли бўлганлар нолишдан ти­йиладилар. Унинг ўрнига ақл билан иш тутиб, энг қийин чоғларда ҳам муаммоларга, албатта, жўяли ечим топа оладилар. Чунки, Аллоҳ ҳаммани тенг кўради, ҳаммага меҳрибон.

Ҳаёт қанчалик мураккаб бўлмасин, барча инсон инсондек яшашига бирдек имконият берилган. Яратганнинг ўзи кўриш учун кўз, эшитиш учун қулоқ, ейиш учун оғиз, юриш учун оёқ, ушлаш учун қўл, фикрлаш учун ақл, ҳис қилиш учун кўнгил инъом этган. Ҳеч кимни кам ёки ортиқ кўрмаган. Шундай экан, тақдиримизга шукроналик билан, умримизни эзгу амаллар билан безашга ҳамиша бурчлимиз. Ахир унинг ҳар соати, ҳар дақиқаси, ҳар сонияси ғанимат, бетугал синовлардан иборат. Буни чуқур англаганлар ҳеч вақт қоқилишмайди. Мобадо қоқилган тақдирдаям, тезда ўзини ўнглаб, хатоларидан сабоқланиб, турмушини яна тўғри изга солиб юборишга қодирдирлар агар шукроналик кўнгилларини тарк этмаган бўлса!

Инсон – асли азалдан тирик жон. У табиат фарзанди. Шу туфайли гоҳ соғ, гоҳ носоғ ҳолатда туради. Ер, сув ва ҳаво яшаши учун қанчалик зарур ва муҳимлигига қарамай, жамият ичида, одамлар орасида ўзини тутиши, муносабати, ҳис-туйғуларини бошқариш масъулиятиям ундан асло кам эмас. Шукроналикнинг бу борадаги ўрнию, аҳамиятиям беқиёс. Тўғриси, ҳаёт фақат тўй-томоша билан кечмайди. Ғам-ташвишиям етарли. Баъзилар ана шу икки ҳолатнинг алмашиб туришини унутиб қўйишади. Қувноқ кунларини абадий дейдиганлар, бошига тушган аламли-ғашли дамлари вақтинчалигини идрок этмайдиганлар афсуски топилади. Негаки, бундайларда шукроналик етишмайди, қўлидаги омадини бой бериб қўйишсагина кўзлари очилади ёки сабр-тоқат қилмаганидан кейин чексиз пушаймонлик чекишади улар.

Масалан, омади келган тадбиркор кўраётган фойдани яширса, солиқдан қочса, нафси қутқисига кириб, ҳужжатларни сохталаштиришга уринса, охири ўз бошига ўзи оғир кунларни келтиради. "Эҳ, нега борига шукур қилмадим-а?" деган афсус-надомат кўнг­лини ўртайди. Бунга қарама-қарши ўлароқ ҳалол тадбиркор бир неча одамни иш билан таъминлаб, озми-кўпми топаётган бойлигига шукроналик билан яна олға астойдил интилаверса, тинч ва хотиржам ишлаб, корхонасини бугун бўлмаса, эртага кенгайтиради, донг-у довруғи ортади, элда ҳурмати юқорилаб, ҳатто кўксига давлатимизнинг ордену медалларини тақади. Бу айнан шукроналик шарофати эмасми?!

Шукур эркакми-аёлми, ёшми-кексами, албатта, унга руҳий барқарорлик, аъло кайфият бағишлайди. Айниқса, иссиқ жони касалликдан озор чекаётган бемор "Дардни берган Аллоҳ, шифосиниям ўзи беради" дея шукроналик ортидан умидворликни кўнглига қўндириши, врачгаям ихлос назари билан боқиши қаёқда-ю, "вой-вой"лаб", "Нега бошқалар ўйнаб-кулиб, соғ-саломат юради-ю, мен азоб чекиб ётаман?" деган тушкун хаёлда ётиш қаёқда.?! Шубҳасиз, биринчи тоифадаги кишилар тез соғаяди, иккинчи тоифадагилар нолигандан нолиб, шифокорниям ноқулай аҳволга солишади. Бунинг замирида бетоқатлик, бош­қаларга ҳасад борлиги кундай аён.

Шукроналик ўз ҳолатини, ўз мав­қеини, ўзидан юқориларга эмас, ўзи қаторидагиларга, ўзидан пастроқ турадиганларга, бахтли бўлса, ғоят бахтлиларга эмас, бахти энди кулаётганларга, омади ўнг қараб, иши сал-пал юришаётганларга таққослашдан бошланса, олам гулистон! Бунинг учун бошқаларга ҳавас кўзи билан қараш, ҳаммаям ўзи каби бахт­ли умр кечиришга ло­йиқлигини тан олиш зарурдир. Бир кам дунёнинг ками кимнинг ҳаётига гоҳ-гоҳ изтироб солмайди, дейсиз. Шундай бўлса, шоир­нинг "Иллат излаганга – иллатдир дунё, Ҳикмат излаганга– ҳикматдир дунё" деган сатрларини ҳеч вақт эсдан чиқармайлик!

Мен шу улуғ ёшга етгунимча давлат идораларида халққа ҳалол хизмат қилиб сира камлик кўрмадим. Аксинча, кўпчиликнинг меҳрини, қозондим, обрў-эътибор топдим. Ҳозирда пенсиядалигимга қарамай, туман маънавиятчиларига бош-қош бўлиб юрибман. Андижоннинг Шаҳрихон шаҳридан Тўрақўрғонга келин бўлиб тушганман. Қиз ва куёвларим истиқлол даврида бахтиёр оилаларнинг соҳибу соҳибаларига айланишди. Набираларим қатор-қатор. Улар бобоси ва момоси дуоларидан баҳраманд ҳолда ўйнаб-кулиб юришганини кўриб, хурсандлигимиздан бошларимиз осмонга етади.

Эҳ-ҳе, ёзсам ёзишга арзийдиган воқеа-ҳодисалар, хотиралар китобга тўлиб-тошади. Лекин шу кичик мақола орқали мухтасар ифодаласам: Икки даврда яшаган аёл сифатида кўнглимда фахру ифтихорларим бисёр. Аввало, шу тўрт фасл тўкис юрт – Ўзбекистонда ёшаётганимга, халқимнинг олдинги сафларида юришга лаёқатим ҳам, соғлиғим ҳам яраётганига, инсонпарвар, адолатли мамлакатимизнинг янги Конституциясидаги ҳуқуқларимга бениҳоя шукроналар айтаман!

Маъсудахон БЕГМАТОВА,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази Тўрақўрғон туман бўлими раҳбари.