ёхуд чақалоқлигиданоқ туғма дард чекиб, шифокорларнинг муттасил муолажаси билан сал кам ўн йил яшаш насиб этган, бироқ бедаво хасталик оқибатида ҳаётга тўймай ёруғ оламдан кўз юмган армонли набирам Амирхонни хотирлаб...
Инсонга умр Аллоҳнинг бир боралик инъоми. У хоҳ узун, хоҳ қисқа бўлсин шукурини қилиб, аввало, оиласидагиларга, қариндош уруғларига, сўнг маҳалла кўйга меҳр бериб, умрининг ҳар кунинигина эмас, балки ҳар соатини, ҳар дақиқасини, ҳар лаҳзасини ғанимат билмоқда хосият катта. Буни ҳамиша ҳам ёдда тутавермаймиз биз осий бандалар. Қачонки, ўзимизга ёки яқинларимизга оғир хасталик илашсагина, бошимизни ёстиққа боғлаб қўйсагина кўзларимиз ялт этиб очилади. Ёруғ оламда яшаётганимиз учун, тўрт мучамиз соппа-соғлиги учун яратганга мингдан-минг шукурлар тилимизни тарк этмаслиги шартлигини англаб етамиз.
ШИРИН ОРЗУЛАРНИНГ АЧЧИҚ ДЕБОЧАСИ
2014 йил 3 январь. Бу кун ҳаётимдаги энг унутилмас қувончу, кутилмаган изтироби билан хотирамга қаттиқ муҳрланиб қолган. Қувончи шундаки, катта ўғлим Шерзодбек ота, мен эса бобо бўлдик. Ўғлим ҳам тўнғич фарзанд кўрди, мен ҳам тўнғич набирани қўлга олдим. Шодлигимнинг чеки йўқ. Ўғлим ва келиним негадир ҳомушроқ туришарди. Ҳайрон бўлдим. Ким ҳафа қилдийкин? – деган фикр хаёлидан ўтди. Сал фурсатдан кейин "Набирангиз..." бошқа сўзни айтолмади келиним кўзларида ёш қалқиб. Набирамга нима қилибди? – дея сўрашимниям кутмай оқ халатли аёллардан бири ҳақиқатни тушунтиришга ўтди: "Бобоси, набирангиз қўлларида сал нуқси билан туғилди". Дарров капалагим учди. "Наҳотки, фариштадек беғубор, мурғак гўдакда туғма ногиронлик бўлса?! Наҳотки, суюнишимизнинг ўрнини куйиниш эгалласа?! Наҳотки, биз ҳомиладор келинимизга етарли ғамхўрлик кўрсатолмадик?!" Кўнглимдан кечган саволлар ичимни тирнарди.
– Қўлига нима қипти? – Шошилиб изоҳ сўрадим. – Аниқроқ айтсангиз-чи?!
– Бош бармоқлари йўқ.
– Иккаласиниям-а?!
– Ҳа.
– Шу холосми?
– Билак суюкларидаям камчилик сезиляпти.
Энди бутунлай шок ҳолатга тушдим. Лекин ёнимда мўлтираб турган ўғлим ва келиним олдида буни сездирмасликка киришдим.
– Майли, Яратгандан нолимаслигимиз керак, ношукурлик асло ярашмайди, набирамни бармоқлари бут бўлмасаям, ақли расога ўхшайди, мунчоқдек кўзларини қаранг, оппоқдасини фаҳмлаб, жудаям ёқимли тикиляпти.
– Энди нима қиласизлар? – Дўхтирнинг саволи жўяли ва ўринли эди-ю, биз аллақачон Амирхонимизга дил ришталари билан қаттиқ боғланиб қолган эдик. Шу заҳоти қатъий жавобимизни очиқчасига айтдик: "Ўзимиз қараймиз, ўзимиз даволатамиз. Худо хоҳласа, бор меҳримизни шу ширинтойга бағишлаймиз!".
Туғруқхонадагилар ҳам бефарқ бўлишмади. Аксинча чақалоқни зарур тиббий текширувлардан ўтказишга киришишди. Гўдагимиз туғруқхонадан шифохонага ўтказилди. Врачлар обдон кўришди. Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти мутахассислари болага биринчи ташхисни қўйишди: "Туғма артрогрипозлигини, икки билак суяклари ва панжасида бош бармоқлари йўқлиги"ни тасдиқладилар.
Уни врачлар назоратида, асраб-авайлаб парваришладик. Етти ёшида мактабнинг 1-синфига олиб бордик. Ўқишда тенгдошларидан ортда қолишмасликка тиришди. Учраганни ўзига дўстга айлантира олди. Чунки у фикр-мулоҳазаси теран, ақлли, меҳрибон бола сифатида шаклланди. Одамларнинг аҳволига ачинишига йўл қўймас, соғлом тенгдошларидан қолмаслигини исботлашга интиларди. Иқтидори ўзига хосу ўзига мос эди. Албатта, унинг сингиллари – Шаҳруза ва Айшахонлар туғилишса ҳам Амирхонга бўлган меҳру муҳаббатимиз йилдан йилга кучайса кучайдики, асло сусаймади. У ўзининг янги-янги ҳавасласа арзугудай саъй-ҳаракатлари билан бизларни қувонтираверди. Бобо сифатида набирамга китобхонлик хислатимни тезда юқтира қўйганимни кўрганимда беихтиёр "Ўзимни ўқирмон ўғлим" дея ғурурланганимни айтмайсизми.
Набирамизни бағримизга босиб, аввалига Ирвадондаги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига югур-югур қилган бўлсак, кейинроқ Тошкентгача етиб бордик. У ердаги тиббиёт марказига туғма нуқсонли болалар касаллиги билан шуғулланадиган мутахассис Германия давлатидан ташриф буюрганлиги хушхабарини Намангандаги шифокорлардан эшитган эдик-да. Юқори тажрибали мутахассис Амирхонни обдон текширгач, ниҳоят қуйидаги хулосани айтди: "Фарзандингиз ақлан соппа-соғ, бемалол юради, ўзи ўзининг уддасидан чиқаркан. Худога шукур қилинглар..." Менинг, турмуш ўртоғимнинг, ўғлимнинг кўзларимизда бу гал севинч ёшлари маржондек тизилди. Набирам эса ёқимли жилмайди. Ҳа-ҳа юзларида ёқимли табассум жилваланди. Ақли бутунлигини, ўзларига малол келмаслигини оқ халатли нажоткор мутахассисдан эшитди-да...
ТАХИКАРДИЯ, БУ ҲАМ ЕТМАГАНДАЙ АНЕМИЯ ФАНКОНИ ҲУРУЖИ
Кечагидек ёдимда, 2020 йилнинг 22 августи. Амирхоннинг соғлиғида негадир салбий ўзгаришлар юз бера бошлади. Зудлик билан УЗИ текширувига олиб бордик. Ижобий ташхис қўйилди-ю, ўзида яхши томонга ўзгаришни пайқамадик. Энди эхоскопия қилдирдик: тахикардия аниқланди. Кардиологлар муолажа бошлашди. Сал-пал тетиклашгани билан ичида бошқа дард ҳам ғалаён қилаётган экан. Бу роса бир ойдан сўнг аниқланди. 22 сентябрда топширган қони таҳлили ёмон чиқди. Биз "Янгилишилган экан" деган жавобни сабрсизлик билан кутардик. Афсуски вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг гемотология бўлимига ётқизилди. Мактабдаги ўқишиям чала қолди. Врачлар зарурат учун таҳлиллаш мақсадида суяги ичидаги илигидан намуна олиш кераклиги, бунга бола эмас, ҳатто катта ёшдаги йигитлар ҳам чидашлари қийинлигини айтишди-ю, бироқ набирам яшаши кераклиги учун розилик бердик. Икки марта ўтказилган жараён набирамда энди қон касаллиги пайдо бўлганини тўла тасдиқлади. Шум хабар ҳаммамизни бир лаҳза ҳайкалдек қотириб қўйди.
– Ҳозирдан умидсизликка тушманглар, Амирхонни тузатиш учун қўлимиздан нима келса, шуни қиламиз, – деди оқ халатли нажоткорлардан бири.
Бирдан ҳушёр тортдик "Қанча сарф бўлса кўтарамиз, боламизни ҳаётини асраб қолиш учун" дейишга эндигина оғиз жуфтламоқчи эдим, врачнинг ўзи яна таскинга ўтди.
– Давлатимизга болалар жуда-жуда қадрли. Улар соғлиғини сақлаш учун барча шароиту имкониятлар етарли. Бепул дори-дармон таъминотида ҳам муаммо йўқ. Фарзандингиз соғайиши учун бизлар ҳам сизлардан кам қайғурмаймиз!
Дўхтир ҳақ гапни айтган экан. Кейин гематолог-врачлар қайта-қайта Амирхонни беминнат даволашиб, оғир аҳволини анчайин енгиллатишди. Бироқ набирам учун шифохона гўё иккинчи уйига айланиб бораверди. Декабрга ўтиб, қон кўрсатгичи кам чиқди. Ой охирида пойтахтга йўл олдик. Тошкентдаги болалар гематология маркази мутахассислари қабулига кирдик. Янги қон таҳлилини кўришиб, қимматли маслаҳат ва йўл-йўриқлар беришди. Ниҳоят у мактабига ўқишга боришга ярайдиган ҳолатга етди. 2021 йилнинг саккиз ойи давомида соғайгандек юрди-ю, яна ҳаракат қилса, дарров чарчаб қола бошлади, иштаҳаси бўғилиб, ҳолсизланиб бораверди. Сентябрга ўтиб, лабидан қон қочиб, бўрдек оқариши танасидаги ички дард "исёни"дан белги берди. Тағин шифохонага ётқизишдан ўзга чорамиз қолмади.
Биз учун ўша дақиқаларда дўхтирнинг – кимлиги қизиқтирмасди. Бутун ўй-хаёлимиз набирамизнинг қил устида турган ҳаётини сақлаб қолиш билан бандлигиданми бўлим мудирими, даволовчи врачми оғзидан нима чиқса, елдек югуриб, топиб тутқазишгача тайёр эдик. Бироқ, улардан эшитганимиз қисқа ва лўнда бўлди: "Фарзанд сизники, касали бизники. Соғайиб кетади. Сизлар ҳам умид ва ишончни асло сўндирманг!" Зимистон кўнглимизга нур югурди яна.
2022 йилдан набирамнинг борган сайин хавфли ҳолатлардан аҳволи тангланишини тез-тез такрорланадиган бўлиб қолди. Таъбир жоиз бўлса, касалхоналар гўё унинг "иккинчи уйи"га айланиб қолди. Қон қуйиш муолажасигина уни ҳалокатдан қутқариб турарди. Шу йили 23 октябрда Ўзбекистон Республикаси болалар гемотологияси, онкология ва клиник иммунологияси марказигача етказиб олиб бордик. Навбатдаги даволаниш жараёнида муҳим таҳлиллар ўтказилди. Фақат қонидан эмас, энди илигидан ҳам таҳлил учун олинди. Ҳатто генетик таҳлил Ҳиндистонгача юборилди. Натижа эса ўта ёмон эди... Билиб юрагимиз орқага тортиб кетди. Тўғри, илик кўчириб ўтказиш муолажаси энг сўнгги чора эканини айтишди. Бироқ, дардманд бола ўта нимжон, чидармикин, ярармикин?! – деган савол ўйда бадтар сиқилдик. Негаки, иликдан таҳлил олишнинг ўзидаёқ Амирхонимиз чидаб бўлмас оғриқдан жабр чекиб, унинг жони жуда-жуда озорланганига ичимиз қанчалар ачигани ўзимизга аён эди.
Биз саккиз ёшли Амирхонимизнинг яшаб қолиши учун танасида кўмикни – "қон фабрика"сини соғломига алмаштириш шартлигидан, лекин набирамнинг жони ҳали бунга чидаш берадими-йўқми мавхумлигидан чуқур изтиробга тушгандик. Ўша лаҳзада шок ҳолатга тушиб қолгандик...
Қаратган қараб қолмайди, барибир озми-кўпми беморнинг умри узаяди. Тошкенту Наманганнинг гематолог, онколог врачларига такрор-такрор мурожаат этиб, набирам гарчи бедаво дардга чалинган бўлса-да, аҳволи маълум вақт енгиллашиб, қисқа, яъни озу соз ҳаёт завқини сура олди. Меҳрибон яқинлари, оқ халатли халоскорлари қуршовида руҳи тушкунламадан, сўнгги дақиқагача яшашдан умидини узмади.
ОЙИСИГА МЕҲРИБОН БОЛАМ
Амирхон ойиисини жуда-жуда яхши кўрарди. Шунчаки ҳа сени ойинг дейишга қўймасди. Дарров оппоқдада... ойижон ўқишга, ишга бордилар, уй тозаладилар, чарчайдилар деб бошларди, тарафини олиб.
Набирам учун шифохона иккинчи уй бўлиб қолганди. Бир йил олдин қуйилган қонни кучи бир ой ёки кўпроққа етарди. Кейинчалик тез-тез қон, плазма ва бошқа муолажаларни оладиган бўлди. Бечора болажонимни қўллари илма тешик бўлиб, кўкариб кетганидан раҳмингиз келарди. Муолаажа хонасига киргани безилларди, баъзан киргиси келмай йиғлаб туриб оларди. Онасининг нола билан «Ўғлим тузалишинг керак» деган сўзини эшитиб, ноилож рози бўларди.Томирини топишда омади чопса бир уринишда, баъзан қовушмаса ўғлимни шўри... Оёқлари ҳам қолмасди. Бир куни қўлларидан садо чиқмагани учун катетрни оёғига қўйишибди. Қадам босса, оғриқ қисқаси онаси кўтариб юрибди. Бу ҳолдан норизо болам онаси аптекага чиқиб кетганида мардларча муолаажа хонасига кирибди. Ҳамшираларга қарата «Илтимос, мен қийноқларга чидаб бераман. Оёғимдаги катетрни қўлимга қўйинглар. Онам мени кўтариб чарчайди, у сиз ҳам эзилиб кетганлар» деган экан. Ҳамширалар ва бир палатада ётган бошқа аёллар набирамга тасанно айтиб йиғлаб юборибдилар. Ҳамширалар роса уринишибдию аммо томирга туша олмабдилар. Мени болажоним ақллилигини қаранг, «Оёғимдаги катетръ ҳозирча турсин. Қачон янгисини топсаларинг олиб ташлайсизлар» деган экан.
СЎНГИ СЎРОВ
ЁХУД УЧАР ШАРЛАРДАГИ МАКТУБ
Ўйлаб қарасам инсон умри хоҳ узун, хоҳ қисқа бўлсин, яшаб ўтилгач, худди кўз юмиб-очгунча вақтга тенглашар экан. Одам одамга, одам оламга ғанимат экани шундоқ аён. Менинг сал кам ўн ёшли набирамнинг умри кейинги йилларда кўпроқ шифохоналарда кечди. 2023 йилнинг июль ойигача 15 марта ётиб, даволанди. Сўнгги икки ойда эса даволаш муассасаси иккинчи уйига айланиб қолди. У бунга мажбур эди. Сабаби, гематологлар назоратида Амирхоннинг танасига янги қон қуйиб турилмаса, яшаши мумкин эмасди. Аввалига ойда бир, аста-аста 20, 15, 10 кунга айланди бу оралиқ. Не этайликки, булариям ҳолва экан, бора-бора 1 кунга, охир-оқибат 5 соатга тушди. Энди...
Биз мўъжиза кутардигу, ундан дарак бўлмади. 5 сентябрь куни Амирхон онаси ва холасидан учар шарлар сўрабди. Унга хат битиб, осмонга учириб юборишни истабди. Ниятини кичик ўғлим Азизбек ва келиним Маликахонга айтибди. Тезда шифохона яқинидаги дўкондан бир неча шарларни шишириб, набирамнинг палатасига олиб киришибди. Холасига эса мактубини ёздирибди:
"Аллоҳим, ўзингга минг бора шукур, мени дард билан синасанг ҳам. Яхшиям дўхтирларнинг борлиги, ҳамиша танамдаги оғриғимни йўқотишади. Меҳрибонларим, оппоқдадажоним, бувижоним, абажоним, холажоним, амакижонларимнинг умрларини узоқ қилгин. Ўзингга аёнку, уларни усти-устига қийнаб қўйдим, менга шифо берсанг, улар ҳам роса қувонишарди... ". Амирхоним айтиб турибди бу сўзларни холаси эса тартибга солиб, қоғозга туширибди.
"Бирга-бирга учирамизми?" – дебди дадаси Шерзодбек набирамнинг кўнглини яйратиш учун.
– Юролмайманку?
– Ўзим кўтариб оламан...
Улар ташқарига чиқишиб, Амирхоннинг Аллоҳга битилган мактубини шарларнинг ипига маҳкам боғлашиб, кўкка қўйиб юборишибди. Болам учар шарлар юксак-юксакларга кетгунича, кўздан ғойиб бўлгунича мамнун тикилиб қолибди. Бироқ билмасдики, ўзининг сўнгги соатларини яшаётганини, билмасдики, энг сўнгги ҳаёт завқини тотаётганини, билмасдики, энг сўнгги умиди сўнаётганини.
Бугун мен нажотталаб набирамизни қарийб ўн йил давомида қайта-қайта даволаб, фаол ҳаётини тиклаб туришда беминнат муолажасини, самимий муомаласини аямаган, травматолог, педиатр, кардиолог, терапевт ва гематолог врачларга, уларнинг атрофидаги ҳамшираларга бутун оиламиз номидан чексиз раҳматлар айтишга ўзимни сидқидилдан бурчли деб ҳисоблайман. Бор бўлинг, омон бўлинг, саломатлик посбонлари!
Равшан АБДУРАҲМОНОВ,
Наманган шаҳридаги, "Оби ҳаёт" маҳалласида
яшовчи фахрий педагог.