Одилжон Иномов 1963 йил 12 ноябрда Наманган вилояти, Чортоқ туманида ишчи оиласида туғилган. 1980 йилда тумандаги 75-ўрта мактабни (ҳозирги 6-умумтаълим мактаб) тамомлаган. Мутахассислиги – журналист. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган. Ўзбе­кис­тон Журналистлари уюшмаси аъзоси.

Меҳнат фаолиятини Чортоқ туманлараро босмахонасида оддий ишчиликдан бошлаган О.Иномов кейинчалик "Чортоқ ҳақиқати", "Наманган ҳақиқати", Наманган вилоят телерадиокомпаниясида, "Халқ иродаси", "Шифокор ва ҳаёт" газеталарида турли вазифаларда фаолият юритган. Ўн икки йил "Камолот" газетаси муҳаррири, "XXI АСР" республика газетасининг Наманган ва Фарғона вилоятлари бўйича махсус мухбири сифатида фаолият кўрсатган.

У изланувчан ва ташаббускор журналистлардан.

Одилжон Иномов ви­лоят­да биринчи бўлиб нодавлат – "Шарқ ТВ" телевидениесига асос солиб, нафақат Наманганда, балки, водийда ойнаи жаҳон мухлислари қалбига йўл топа олди. 2019 йилдан буён вилоят ҳокимлигининг "Наманганская правда" газетаси бош муҳаррири вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг маънавиятга доир қатор публицистик мақола ва ҳикоялари, ҳажвий асарлари Одилжон МУҲАММАД имзоси билан кўпчиликка яхши таниш.

"Шифокор ва ҳаёт" газетаси таҳририяти Одилжон Иномовни қутлуғ ёши билан муборакбод этади. Ҳамкасбимизга узоқ умр, ижодий баркамоллик тилаймиз.

 

ОЙНАДАН ЎПКАЛАМАНГ

ҲАММА ҲАМ ЖУРНАЛИСТ БЎЛОЛМАЙДИ

Ёхуд ўзини мухбир деб таништираётган айрим сохта "ҳамкасблар"га дашном

Олий даргоҳда таълим олаётган пайтларимизда ҳам, амалиётда ҳам устозларимиз журналистиканинг нони қаттиқ бўлиши ҳақида кўп ва хўп гапиришган. Лекин ўша қаттиқ бурдани ейишда албатта журналистик ахлоқ-одоб доирасидан чиқмаслик миллий журналистикамизнинг муҳим шарти эканлигини обдон тушунтиришган. Бироқ, бугун очиқлик сиёсати асносида босма нашрларни ўзларича "ортда қолдираётган" интернет журналистикаси, у билан шуғулланаётганларнинг ҳаммаси ҳам касб этикасига нечоғли амал қилишмоқда?! Ижтимоий тармоқларда: "Мен фалон сайтнинг журналистиман" деб ўзини таништираётган укаларимизнинг омма олдида ўзларини турли тарзда тутишлари миллий журналистикамизга путур етказиб қўймаяптими?!

Уч-тўрт йил оралиғида нафақат журналистикани, балки, умуман бирон бир олийгоҳни тамомламаган айрим ёшларнинг жамоат ва меҳнат жойларига, аҳоли хонадонларига муаммо ёки мурожаатни ўрганиш жараёнидаги уқувсизлик, масалага олдиндан тайёргарлик йўқлигини кузатаман. Айниқса, шундай кезларда "журналистман" деб ўзини таништираётган – ижтимоий тармоқ "қироли"га айтар сўзлар ёғилиб келади. Медиа майдонда "байроқ" кўтариш учун, аввало, соҳага доир бирор бир китоб ўқидингизми ёхуд кимдандир озми-кўпми сабоқ олдингизми?! Гапни ҳамма билади. Ҳаммада ҳам гап кўп. Лекин халқимизда "Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир!" деган мақол бор. Бунинг замирида олам-олам маъно мужассамлигини унутмаслик керак!..

Чинакам журналистика билан шуғулланаётган интернет сайтларидаги ҳамкасбларимиз ҳақиқатан ҳам ўз маҳоратларини тўлақонли ишга солиб, замон билан ҳамнафас бўлишмоқда. Уларга айтар сўзим ҳозирча йўқ. Холис айтганда уларни табриклаш керак.

Бироқ бугун ижтимоий тармоқда қайсидир аризачи-мурожаатчи ёки иккинчи томон – тегишли мутасаддилардан манфаатдор бўлиб маблағ топиш илинжида пиар қилаётганларни ҳам омма билиб-кўриб турибди. Аслида бундайларни оддий ғишт териш, сувоқ қилиш ёки бошқа бир ҳунарни бошини тутолмай енгил йўл билан ижтимоий тармоқларда "ризқ териб юрганлар" дейиш мумкин. Медиа, аниқроғи, журналистика шунчаки пиар ҳамда саводсизлик билан ризқ терадиган майдон эмас! У ҳар бир мавзуга қўл уришда мукаммаллик, холислик, аниқлик ва чуқур таҳлилни талаб этади. Демак, юзаки, хом материални истеъмолчига шошма-шошарлик билан етказиш фақат оммани чалғитишга хизмат қилади, миллий журналистикамиз шаънига доғ туширади, холос.

Хусусан, юқорида қайд этганимдек бу билан бутун бир ўзбек интернет журналистикасини қоралаш фикридан йироқман, албатта. Фақат ҳар бир ишда меъёр бўлганидек, қўлингиздан бошқа иш келмаса ўзингизни тармоққа уриб, журналистикага даъво қилманг. Миллий журналистикамизга путур етказманг! Ҳақиқатан ҳам, жамият ва халқ дарди билан яшаш, шу касбни эгаллаш ниятингиз бўлса журналистик касб маҳоратингизни оширишга ҳам вақт ажратинг, эринманг!

Бу соҳада микрофон ё диктофон ёхуд телефон тутиб олиб, одам бир юмалаб журналист, мухбир бўлиб қолмайди. Бу касбнинг ҳам анча заҳмати бор! Биринчи навбатда савод керак. Журналистика соҳасида саводни ошириш учун эса қайсидир... эмас, энг мақбули жуналистика, ҳеч бўлмаса филология йўналишида 4 – 5 йил ўқиш лозим. Катта устозларнинг сабоғини олиш зарур. Ана энди шунинг ўзи етарли, деб билсангиз, катта хато қиласиз. Яна билиб қўйингки, диплом билангина ҳам ҳеч қачон, ҳеч ким ҳақиқий журналист бўлиб қолмайди. Аксинча йиллар давомида ўқиб юрган пайтларингизда телеканаллару газета-журналлар таҳририятларида, борингки, бугунги талаб бўлмиш – ҳақиқий интернет нашрларида амалиёт ўташ, газета-журнал, китоб ўқишдан бошқасига вақтингиз бўлмаслиги шарт!

Бундан ҳам муҳим шартни айтайми сизга? Айтсам, ижодга, журналистикага хос Худо юқтирган яна нимадир, истеъдод деган нарса ҳам бўлиши керак-да!

Одилжон МУҲАММАД.