Ўзбек – толеи баланд миллат. Боиси, ўзининг бобо ва момо сўзларига эга. Улар тил аталмиш тилло сандиғининг бебаҳою, бетугал жавоҳирлари мисол маънавий-маърифий дунёсини асрлар оша ёритиб ва бойитиб келмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги навбатдаги маънавиятчилар анжумани "Давлат тили ҳақида"ги қонун қабул қилинганининг 34 йиллигига бағишланди. Унда даставвал ВССБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев сўзга чиқиб, шу ҳақда гапирди.

– Маълумки, бундан тўрт йил муқаддам давлат тилимизнинг ўттиз йиллик санасига бағишланган тадбирдаги Президентимиз маърузасида тилимиз ривожи учун лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилганди, – деди у мамнуният билан. – Ўша куннинг ўзидаёқ "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузини тубдан оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги тарихий Фармон ҳам имзоланди. 2020 йил 10 апрелда кучга кирган қонун билан 21 октябрь – "Ўзбек тили байрами куни" этиб белгиланди. Демак, байрамимиз яна биттага кўпайди.

Анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва публицист Содиқ Сайҳун "Тилимиз: кеча, бугун ва эртага" мавзуидаги мароқли маъруза билан чиқди. Ижодкор йиғилганларга тилимизнинг тарихи ҳақида қимматли маълумотлар берди. Минг йиллар муқаддам буюк тилшунос Маҳмуд Қошғарий яратган "Девону луғат-т-турк" асаридаги кўҳна сўзларимизнинг умрбоқийлигини фахр билан таъкидлади. Бугунги кунда тилимизга эътиборимиз суст­лигини айтиш билан бирга ҳар бир киши ўзбек тили ривожи учун муттасил жон куйдириши лозимлигини уқтириб ўтди.

"Тиббиёт ва замон" журнали муҳаррири Манзура Эргашева жойларда лотин алифбосидаги ўзбек тилида иш юритиш, пешлавҳалар ва хона кўрсаткичлари тўғри ёзилиши устидан масъуллар назоратини кучайтириш юзасидан зарур тавсиялар берди.

Тадбир иштирокчилари томонидан билдирилган муаммолару таклиф-мулоҳазалар тингланди. Уларни ижобий ҳал этиш масаласида ҳам кенгашиб олинди.