Давлатобод тумани марказий шифохонасига ташриф буюрган киши ҳовлидаги ва ичкаридаги ўзгаришларни кўриб беихтиёр ҳайратга тушади. Фасаддаги кўркамлик, мукаммал таъмирдан чиқарилган ёруғ ва шинам бинолар, ундаги замонавий жиҳозлар тиббиётчиларни халққа янада ҳалол ва фаол хизмат қилишга руҳлантирмоқда. Аввалдан бўлгани каби жамоа ўртасида мароқли маънавий-маърифий тадбирлар ташкиллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган ҳафта шифо муассасасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Турон фанлар академияси академиги, шоир ва публицист Содиқ Сайҳун таклиф этилди.

Тадбирни шифохона бош врачи Тоҳиржон Бойдадаев қисқача кириш сўзи билан очиб, барчани Ўзбек тили байрами куни билан қизғин қутлади.

Бадиий ижод ва тилшунослик билан изчил шуғулланиб келаётган қаламкаш кўҳна туркий тилимиз тарихидан йиғилганларни яна бир бор бохабар этди. Хусусан, Маҳмуд Қошғарийнинг "Девону луғат-т-турк" – туркий сўзлар тўпламидаги тиббиётга тааллуқли сўзларга алоҳида урғу берди. Абу Али ибн Сино қўллаган атамаларни тилга олди. Ўзбек тилимиз софлигини сақлаш, тараққиётини таъминлаш миллатимизнинг муқаддас бурчи эканини алоҳида уқтирди.

Шунингдек, қадимий туркий тилмиздаги ўтюг, кирпич, фартук, товар, лаваш, йогурт, стакан каби сўзлар бугунгача бошқа тилларда ҳам қўлланиб, ўзимизга қайтаётгани ҳақида ғоят тўлқинланиб гапирганида барчанинг кўнглида она тилисидан ўзгача фахрланиш туйғуларини жўш урдириб юборди.

Байрамолди анжуманида сўзга чиққан шифохонанинг маънавий-маърифий ишлар бўйича мутасаддиси Мавлуда Турсунова тиббиётчиларни тил тарғиботида фаол қатнашишга, давлат тилида иш юритишда пешқадам бўлишга даъват қилди.