Шеърият – адабиётнинг ўзига хос сермаъно наво гулшани. Унинг сеҳри оғушида қўлига қалам олган ижод аҳлининг ҳар бири ўз ҳис-туйғуларини сатрлардаги сўзлар тизимига бағоят усталик билан сингдириб юборади. Ёқимли томони наводорлиги бўлса, юқумли томони маънодорлиги экани беинкор ҳақиқат. Бунга гулллар диёри адабий-бадиий оламида ўзининг қатор-қатор шеъру ғазаллари билан таниқлилик мақомига эришган Руқия Ғозиева яратиқлари яққол кафолат бера олади.

Бир ҳолатни алоҳида қайд қилмоқ лозимки, бармоқ вазнидаги шеърлари билан теппа-тенг аруз вазнидаги ғазал, рубоий, туюқ, мухаммасу мусаддас, фард жанрларида қалам тебратаётган шоиралар наинки Наманганимизда, бутун республикамизда ҳам унчалик кўп эмас. Ана шу озчилик орасида ўзига Хаёла тахаллусини муносиб кўрган Руқия Ғозиеванинг алоҳида ўрни борлигини унинг "Arjimand media" нашриётида босилган арузий тўплами яққол исботлаб турибди.

У, аввало, Навоий, Бобур, Машраб ижодидан, қолаверса аёл шоиралар – Зебунисо, Нодира, Увайсийларнинг шеъриятидан илҳомланиб сабоқланган. Устозларга издошликка интилган. Ҳам шаклан, ҳам маънан, ҳам фикран, ҳам бадииян ўхшашу ноўхшаш байт­ларида ўзлигини намоён этишга эришгандир. Денгизнинг таъми томчиси тотидаям мужассамлиги туфайли биргина "... ташлаб кетар бўлсанг" радифи ғазалининг фақатгина матъла (бошланма) ҳамда мақтаъ (якунлама) байтини биргаликда мутолаа қилиб, таҳлиллаб кўрайлик:

Фироқ дарди ёмон бўлғай аё ташлаб кетар бўлсанг,

Борурға йўл басе қўймас ҳаё ташлаб кетар бўлсанг.

Ёрга илтижони қаранг: дастлаб агар ташлаб кетса, айрилиқ дардининг ёмонлигидан дарак берилмоқда. Ортидан борай деса, маъшуқага ҳаё, яъни ибо, уялаш, тортиниш тўсқинлик қилиши чиройли таъкидланмоқда. Бу шунчаки гап эмас, алдовдан йироқ, беихтиёр ишонишдан ўзга чора қолдирмаяпти ошиққа. Оралиқ байтларда ошиқнинг беқарорлиги назарда тутилиб, ихтиёрни ўзига қўяди, мажбурлаб қандай ушлаб қолсин ҳаё олдида ожизку. Шундаям маъшуқ таслим бўлар чоғдан сўнгги умидини узмаган. Васлидан жудолиғ онлари етганида нигоҳини охирги марта ташлашига илинжи борлигини яширолмайди. Ахир ёрни ёмон деёлмайди, қиё боқишига шак-шубҳа билдирмайди:

Берар бир бодаи васлинг магарки сенгадур осон,

Қараб сўнг бор Хаёлангга қиё ташлаб кетар бўлсанг.

Руқия Ғозиева ғазалларининг қўшиқланишга мойил оҳангги бирам баравжки, ўқилиши равон, худди мусиқавий наво янғлиғ кўнгилга енгил инади. Туйғуларига ошонлиғ сари етаклайди. Боиси, қофиялари ҳамиша тўқлигиям етмагандай, ички қофиядошлик ёки маъно кучайтирувчи ўринли такрорлари янада ёқимли. Сизни бир йўла фикр оқимидаги тўлқинланишлару, оҳангдош сўзларнинг сеҳри ўзига мафтун қилиб юборади.

Куйдирди қош қаро ёр, қароларида ўлдим, қароларда ўлдим,

Соғинч бошга бало, дор, балоларида ўлдим, балоларида ўлдим.

Кўринмас қасди борим, етмас анга изҳорим, кўзларда ашки зорим,

Тополмадим тарафдор, жазоларида ўлдим, жазоларида ўлдим.

Шоира ғазалларини лингвопоэтик жиҳатдан юқори баҳога кўтарувчи ягона омил – унинг бадиий сўз айтиш маҳорати юксак даражада эканидан, албатта. Арузий битикларидаги тазоддан ташбиҳга, издивождан ташхисгача, талмиъдан тарсеъгача, хуллас, бадиий сўз санъатининг юксак намуналари бисёр.

Тахаллуслар бўладики, шоир учун ўрни келганида иттифоқ санъатидан фойдаланиб, чиройли байтлар тўқиш имкониятини яратади. Бу борада Руқия Ғозиева жуда омадли. Ахир унинг тахаллуси хаёл сўзи билан эгиз, айнан бирку!

Хаёлани хаёлларга осиб нелар хаёл қилдинг,

Қиёматгами дийдорлар, магар аввал кетар бўлсанг.

Ёки бир сўзнинг ўзида икки хил маъно мужассамлангани янада маъ­қулу манзур. Яъни худди бир ўқ билан икки қушни ургандек маҳорат мўъжизаси бўй кўрсатади бундай ҳолатда:

Бир савоб қилмоқ йўлинда, истасанг қил оқибат,

Дема кўнгул йўқ Хаёлда, дил хирожим сандадур.

Хаёланинг шоиралар ичида икки тилда ижод қиладиган камдан кам тоифасига киришини ҳам айтиб ўтмоғимиз жоиз. Ширу-шакар услубида ёзган ғазаллари бир талайлиги сабабиям ана ўшанда. Икки тилдаги сўзларни маъно жиҳатдан бир-бирига қовуштириб байт битиш аслида осон эмас. Лекин кўп йиллик тажриба-маҳорат машқининг ҳосиласи чакки эмаслигини "Девон"га киритилган ғазаллари исботлаб турибди:

Топиб рўёби минг корлар тилимдин,

Олиб завқлар хабардорлар тилимдин.

 

Чун орзу боз ҳавасларга эришмиш,

Бу шаҳду даври иқрорлар тилимдин.

 

Очиб элга яхши сўз то муродим,

Тўкилди чандо изҳорлар тилимдин.

Хаёл ширу-шакар деса бу тилни,

Бўстон ифори ашъорлар тилимдин.

Зукко адабиётшунос олим, профессор Ёқубжон Исҳоқов ёзганидек: "Ғазал мураккаб поэтик тузилишга эга бўлган "инжиқ" жанр. Айниқса, тахаллус санъати ғазалнинг вазн табиати, поэтик синтаксиснинг барча талабларига риоя ва қофия оҳангдорлигига амал қилишдан ташқари, ҳар бир байтдаги фикрнинг ўзига хослиги ҳамда байтлараро фикрий уйғунликка ҳам эътибор беришни талаб этади". Юқоридаги талабларга Хаёланинг ғазаллари тўлиқ жавоб бериши билан ҳамиша бадиий қимматга муносиблик касб этаверади. Энг муҳими, улардаги ошиқона руҳ, аввало, диёрга ва ёрга чексиз меҳр-муҳаббат ҳисларидан куч олиб, кўнгиллар сари парвоз айлайди, кўнгилларда кўним топади.

Девонга 95 та ғазал, 16 та мухаммас, 1 та мусаддас, 6 та рубоий, 1 та туюқ ва 16 та фард киритилган. Жанрлар ранг-баранглиги таъминланган. Диққатга сазовор жиҳати, мумтоз адабиёт анъаналари давом эттирилган ҳолда уларга замонавий маъно-мазмуну замонавий руҳ бағишланган. Жумладан, шундай ҳолат айниқса мухаммасларда ёрқин кўзга ташланади.

Биламизки, мухаммас беш сатрдан иборат бўлади. "Мужда"даги бундай шеърларнинг барчаси бошқа шоирларнинг ғазалларига боғланма тарзида яратилган. Аслида, соф мухаммасдан кўраям, боғлама мухаммасни битиш анчайин мураккаб. Боиси, соф мухаммасда муаллиф эркин қалам тебратади. Иккинчи турдагисида бунинг иложи йўқ, чегараланган бўлади, яъни боғланаётган ғазалнинг ҳар бир байти (икки сатри) олдига худди шунинг шакли ва маъносига уйғун уч мисра тизилади. Тизилгандаям, шунчаки эмас, мукаммал бўлиши шарт. Агар бунга эришилмаса, ғазалга "ёпишмайди". Бошқача айтганда "пайванд"и унга қўшилиб, маъно "куртак"ларию, "япроқ"ларини ёзолмайди. Мухаммас боғлайман деб, ғазалга ҳам путур етказиб қўйиш ҳеч гап эмас. Шунинг учун аввалдан ғазалнавислик маҳоратини яхши эгаллаганларгина мухаммаснависликка қўл уришади. Натижада маҳорат бобида ўзига хос мусобақа кетади. Мухаммас боғловчи ғазалнависга бўйлашиш учун интилади. Хаёланинг ёзганлари "ҳаммуаллифликдаги бешлик" – мухаммас битиш малакаси маромига етганига бемалол шоҳидлантиради:

Истадим ҳамдам бўлиб, ёр бирла дийдор истадим,

Билмадим ғамдин ўлиб, ҳуш йўқму ё, бор истадим,

Топмадим онча юруб, ваҳ-ваҳки бекор истадим,

Қон ютиб умре жаҳон аҳлида бир ёр истадим,

Лекин ул камрак топилди, гарчи бисёр истадим.

Юқоридаги беш сатрнинг учтаси кимникию, иккитаси кимники эканини тахаллуси ажратиб турмаса, ҳам мазмунан, ҳам руҳан уйғунлаштириб юборилган. Беихтиёр сўнгги-якунлама бандга кўз югуртирамиз:

Қай табиб қошиға неча чопмадим бу ғуссадин,

Қон кўнгилни гул хўб ёпмадим бу ғуссадин,

Кел Хаёла, неча ҳисса тотмадим бу ғуссадин,

Эй Навоий, чун рафиқе топмадим бу ғуссадин,

Ўзни бекаслик балосиға гирифтор истадим.

Ана, энди баҳолаш ўзингизга ҳавола. Бизнингча, изоҳга хожат йўқдай. "Девон"даги Бобур, Машраб, Насимий, Ҳабиб Саъдулла, Абдулла Жаббор ва Абдулла Жалил ғазалларига мухаммаслар ҳақида ҳам шу фикр­дамиз.

Кўпчилик катта ҳажмдаги шеърни ёзиш қийину, кичик, қисқа сатрлардагисини яратиш осон, дея ўйласа керак. Парадоксни қарангки, бунинг акси, агар ўша бармоқ саноғидаги сатрлардан иборат рубоий, туюқ ва фардларни маромига етказиб қоғозга тушириш қийин. Чунки катта маънони, агар таъбир жоиз бўлса, тоғни кичик шаклу шамойилдаги шабнамга қуёш кўнган мисол жойлашдек гап. Инчунин, Хаёла девонидаги битиклар уни асло хижолат тортқизмайди.

Йўлга неча кўз тикиблар ўлтурай,

Юз кўришмакдин фироқим ўлдурай.

Кўрмагунча онча ором йўқдурур,

Кел висол ондин дилимни тўлдурай.

Қайси мумтоз адабиёт яратиқларидан кам бу рубоий. Қофиялар тўқ, маънолар мағизли, руҳ қанотли, шаклга монандлик устувор. Булар, шубҳасиз Хаёланинг ижодда бадиий камолотини яна бир бор тасдиқлайди.

Унинг "Сенга хосдир балки дилдорсиз яшаш, Менга офат дўсту дийдорсиз яшаш" деган фардиям бебоис ёзилмаган. Янги Ўзбекистоннинг куйчиси эканидан Хаёланинг кўнгли чоғ, кўкси тоғ. Дўстлар дийдоридан, кун сайин гуллаб-яшнаётган диёридан, дилларга дўст, тилларга таронага айланувчи сўз айтишга ўзини ҳамиша қарздор ҳисоблайди. "Мужда" йиллаб кўнглидан кечган ана шу ҳиссиётларнинг ҳосиласи, ижодий хирмони экани шеърхонлар учун суюмли, қадрли ва арзирли назм армуғони бўлса ажаб эмас!..

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Турон фанлар академияси академиги.