Тарихни англашда, уни келажак авлодларга қолдиришда музейлар жуда ҳам катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Шу боисдан Ўзбекистонда 90-йилларда кўплаб музейлар мамлакатнинг турли жойларида фаолият бошлади, кўплаб музейлар бутунлай янгидан барпо этилди, борлари мукаммал таъмирдан чиқарилди. Ўзбекистонда музейларнинг янги тарихи 1992 йилдан бошланди ва шу йилнинг ўзида жуда кўплаб янги музейлар ташкил этилди. 1998 йил 12 январда қабул қилинган "Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-1913-сонли Фармон жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Шундан кейин улар давлат муҳофазасига олинди ва янада ривожлантириш ҳақида дастур ишлаб чиқилди. Улар давлат бюджети томонидан қўллаб-қувватланди. 1998 йилда "Ўзбекмузей" ташкил этилди ва 1999 йили музейлар ҳаётидан хабар берувчи "Мозийдан садо" журнали чоп этила бошланди. Бу журнал уч тилда ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилади.

Ўзбекистондаги 10 та йирик шаҳар тарихий шаҳарлар рўйхатига олинган: Бухоро, Самар­қанд, Хоразм, Қўқон ва бошқалар. Айниқса, Самарқанд ва Бухоро жуда ҳам тарихий обидаларга бой шаҳарлар ҳисобланиб, ҳар йили жуда кўп хорижий меҳмонлар ташриф буюради. Бундан ташқари бу шаҳарларда музей-қўриқхоналар барпо қилиниб, улар муҳофазасига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ҳозирда юртимизда 7 та давлат музей-қўриқхоналари фаолият юритмоқда. Улар Бухоро, Самар­қанд, "Ичан-Қалъа", "Сармишсой", "Шаҳрисабз", "Термиз" ва "Қўқон" давлат музей-қўриқхоналаридир.

Музей-қўриқхоналар маълум ҳудуддаги музейлар базасида ташкил этилиб, мамлакат ёки минтақанинг тарихий-маданий ва табиий меросини сақлаб қолиш учун муҳим бўлган меъморий, тарихий ва табиий ёдгорликларни ўз ичига олган очиқ осмон остидаги музейнинг бир тури ҳисобланади. Ушбу ёдгорликларни ҳимоя қилиш учун давлат бундай музейларга қўшимча равишда қўриқхона ҳуқуқий мақомини беради.

Музей-қўриқхоналар ҳудудларни, ансамблларни, мажмуаларни ҳамда тарих, маданият ва табиатнинг алоҳида ёдгорликларини музейлаштириш асосида ташкил этилади. Қўриқхона мақоми унга киритилган ҳудудларни ва объектларни сақлаш ва улардан фойдаланишнинг махсус усулларини ўз ичига олади. Музей-қўриқхоналар тарихий-бадиий, тарихий-меъморий, тарихий-археологик, тарихий-маданий, ҳарбий-тарихий, адабий-мемориал, илмий-техник, ишлаб чиқариш йўналишларида ташкил этилади. Ўзбекистонда биринчи музей-қўриқхоналар ХХ аср­нинг 80-йилларида ташкил этилган. Булар Самарқанд, Бухоро ва Ичан қалъа (Хива) музей-қўриқхоналаридир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 майдаги "Сармишсой", "Шаҳрисабз", "Термиз" ва "Қўқон" давлат музей-қўриқхоналари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига биноан республикамиздаги музей-қўриқхоналар сони еттитага етди. Албатта, бу маданий мерос обидаларини сақлаш йўналишида муҳим қадам ҳисобланади.

Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси 1982 йилда вужудга келган. Музей-қўриқхона фондида 235 мингдан ортиқ экспонатлар мавжуд.

2018 йил Ўзбекистон Республикаси ҳукумати қарори билан "Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси" – "Самарқанд" давлат музей-қўриқхонаси этиб қайта номланди. Самарқанд музейи Марказий Осиёда ташкил этилган дастлабки музейлардан бири ҳисобланади. Музей ўлка ва унинг ўтмиши ўрганиладиган манбаа ва қадимий асори-атиқаларнинг четга чиқиб кетмаслигини таъминловчи, уларни бир жойга тўпловчи муассаса ҳисобланган.

1868 йилда Самарқанд руслар томонидан истило этилгач, 1874 йилда қуриб битказилган Зарафшон округи бошқаруви биноси (ҳозирги Самарқанд шаҳар ҳокимияти биноси)да археологик музей ташкил этилди. Қисқа фурсатда музейда 5 мингдан зиёд археологик, нумизматик ашёлар ва қўлёзмалар тўпланди.

Озода САЛОЕВА,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва

дизайн институти санъатшунослик ва

музейшунослик факультети 4-курс талабаси.

 

(Давоми келгуси сонда).