Қамбар Ҳайдар ўзига хос ижодкор. Бировга эргашмаган. Ўз йўли, ўз овози ва қаламига эга. Гоҳ назмда, гоҳ насрда бўлсин ўз услубидан чекинмайди. Шеър­лари, ҳикоя ёки эсселарининг халқчиллиги сабаби шунда бўлса ажаб эмас. Бугунга қадар ўнга яқин китоблари сотув расталарига қўйилди, ўқувчилар қўлига етиб борди. Камина ҳам китоб жавонимда Қамбаралининг асарларини сақлайман. Уларни босмахона бўёғининг ҳиди кўтарилмасидан ўқиб чиққанман. Бўш қолганимда қайта қўлимга оламан. Ўзимга ёққан ҳикоя ёки шеърларни такрор мутолаа қиламан. Асар қаҳрамонлари шундоқ ёнимда тургандек туюлади, уларнинг нафасларини ҳис этаман. Қишлоқ манзаралари, табиат тасвирлари, одамларнинг олийжаноблиги, соддалиги руҳимни кўтаради.

Дарвоқе, камина Қамбар Ҳайдар билан йигирма йиллик қадрдонмиз. Мен таниган пайтларда у журналист эди. Радиода, кейин газетада қалам тебратди, муҳаррир бўлди. Кўплаб очерклар мақолалар ёзди. Унинг уйқусиз тунлар битган очерклари на фақат туман, вилоят, балки республикамизнинг нуфузли газеталарида босилди. Қўли қадоқ, меҳнаткаш, юраги ватанга меҳр муҳаббат билан урадиган инсонларни улуғлади, шарафлади, халқ ва давлат мулкига кўз олайтирган кимсаларни қалами билан қамчилади. Эл оғзига тушди. Қамбар Ҳайдар бўлиб танилди. Унинг қаҳрамонлари мансаб курсисида ўтирган амал эгалари эмас, оддий халқнинг вакиллари. У ўз очерк ва мақолаларида айнан шу инсонларнинг тақдирини, бой маънавий дунёсини, меҳнатдан топаётган бахтини, турмуш тарзини ёритади. Бу эса бугун ўзининг етмиш йиллик тўйини нишонлаётган дўстимизнинг инсон омилига бўлган муносабатининг рамзи эди.

Иккимингинчи йилларда Қамбар Ҳайдар адабиётга шоир ва ёзувчи сифатида кириб келди. Ўзининг ихчам, содда, самимий, халқона сўзлар билан битилган шеърлари, ҳикоялари, эсселари билан китобхонлар қалбини забт этди. Мухлислари кўпайди. Устоз адибларимиз эътирофига сазовор бўлди. Китобларига сўзбоши битишди.

Қамбар Ҳайдар шеъриятини мен уч тоифага ажратгим келади. Меҳнатдан бахт топган инсонларнинг шукронаси, ёшларимизнинг она-Ватанимизга бўлган меҳри, садоқати, ошиқнинг ўз маҳбубасига бўлган чуқур ва самимий муҳаббати. Назаримда ёзувчи китобларининг қўлма-қўл бўлиб кетишининг, вилоятимиздаги кўплаб олийгоҳ ва ўрта умумтаълим мактабларида тез-тез учрашувлар бўлиб ўтишининг сабаби, шоирнинг кундан кунга, асардан асарга чархланиб бораётган қаламидан отилиб чиққан қайноқ мисралар бўлса ажаб эмас.

Қамбар Ҳайдар ижодида мени таажжубга солган яна бир нарса бу унинг она табиатимизга бўлган муҳаббати. Унинг ўзи табиат ва гўзаллик шайдоси. Хоҳ насрий, хоҳ назмий асар ёзса, албатта, Ватаннинг гўзал табиатини тараннум этади. Тоғлар, боғлар манзарасини мусаввир каби қалам билан ранг-баранг қилиб чизади. Ўқувчи эса ўзини шу гўзал табиат бағрида юргандек ҳис этади. Бундай ҳол ҳамма ёзувчига ҳам насиб қилавермайди. Уйғунлик ва вобастлик Қамбар Ҳайдарга буюргани чин. Унинг ўзи тоғлар бағрида, табиат қўйнида улғайган ёзувчи бўлиб танилди.

Бунга ёзувчининг "Изҳор ёхуд кўнгил мавжлари" китобига киритилган ҳикояларини мисол келтиришимиз мумкин. Асар қаҳрамонлари юқорида айтиб ўтганимиздек оддий, содда, орамиздаги, ҳар куни биз кўриб, билиб, гаплашиб юрган инсонлар. Кундалик ҳаётимиздан олинган улар. Ҳеч қандай бўёқсиз ва бўрттиришсиз, муболағаларсиз, халқона тилда тасвирланган. "Бодомгул", "Онанинг кўз ёшлари", "Ажр" каби ҳикоялари ўқувчи сифатида менинг қалбимдан чуқур ўрин олган. Бу ҳикояларни ўқир экансиз, албатта, у сизда теран фалсафий маънолар касб этади. Қамбар Ҳайдар асарларининг бирортасида тўқиб чиқарилган уйдирма образни учратмайсиз. Ёзувчининг маҳорати шундаки, у ҳақиқатни уйдирмаларга қарама-қарши қўяди. Шунинг учун муаллиф ҳикоялари, очерклари, шеърлари инсон ҳаётининг шайдолик мавсумига хизмат қилади, ақлини чархлайди, деб айта оламиз.

Ёзувчи қандай асар ёзишга қўл урмасин, аввало, қаҳрамон характерини очиб беришга, унинг сўзларини ўқувчига содда ва равон тилда етказиб беришга интилади. Ўзаро мулоқатда ишлатиладиган сўзларга, шеваларга эътибори ҳамиша қатъий. Асарларида қандай қаҳрамон тимсолини яратишидан қаътий назар сўзлар кетма-кетлигига жиддий ёндашади. Халқимиз тилида ишлатилган ва ишлатилаётган сўзларга маҳорат билан жон бағишлайди. Ҳикматли ва ибратли сўзларни жой-жойига қўйиб, асарга сингдириб юборади. Буларнинг бари Қамбар Ҳайдар ҳикояларининг таъсирчанлигини оширишга, ҳаётийлигига, воқеа-ҳодисаларнинг моҳияти очиб берилишига хизмат қилади.

"Қамбар Ҳайдар бундай кучни, салоҳиятни қаердан олмоқда. Унга қувват берадиган, илҳом берадиган бирор манба борми?", деган ҳақли савол кўнглингизга келиши табиий. Унинг уйида каттагина кутубхонаси бор. Китобларини айрим кутубхоналардан ҳам тополмайсиз. Ўзи ҳам китобхон, кўп ўқийди, изланади. Ўқимаган китоби йўқ. Қамбарали қаламининг асардан асарга чархланиб бораётгани, мулоҳазали ва мушоҳадали асарлар яратаётганининг сабаби шунда. Устоз адибларимиздан ёзиш маҳоратини ўрганади.

Айтмоқчи, Қамбар Ҳайдар тўрт фарзанднинг отаси, ўн тўрт нафар набиранинг бобожониси. Уларнинг бари бағрида. Унинг адабиётга кириб келишида, журналист ва ёзувчи бўлиб танилишида янгамиз Мунаввархон опамизнинг хизматлари ҳам беқиёс. Ўқимаган китоблари йўқ.

Қамбар Ҳайдар камтарин, камсўз инсон. Кўп гапиришни эмас, тинглашни ва кузатишни хуш кўради. Асарларининг таъсирчанлиги ва ўқимишлилигининг, тили равонлигининг боиси балки шундадир. Учрашувларда, ижодкор дўстлари даврасида Қамбар Ҳайдар "Мен адабиётга яқинда кириб келдим", деган сўзни тез-тез тилга олиб қўяди. Ҳеч қачон "Мен бундай асар ёзмоқдаман, мана бу асарим нашрдан чиқди", деган сўзларни айтишдан ўзини тияди. Фақат янги китоби чиққанда дастхат билан совға қилади. Шеър ва ҳикояларини ўқисангиз, унинг асарларини узоқ тажрибага эга бўлган, қалами пишган етук ёзувчи ёзган, деб хаёл қиласиз.

Дўстимиз, қадрдонимиз Қамбар Ҳайдар бугун етмиш ёшга тўлди. Айни ижод қиладиган, янгидан янги асарлар ярата оладиган ёшда. Дунёнинг бир қатор улуғ адиблари шоҳ асарларини айнан етмишдан ўтканда битишган. Камина бир дўст ва мухлис сифатида Қамбар Ҳайдарга омонлик, соғлиқ ва ижодий парвозлар тилайман, янги асарларини кутиб қоламан.

Исоқжон НИШОНОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Қозоғистоннинг Абай номидаги медали соҳиби.