ёхуд устозу шогирднинг янги тўпламига назар

Санъат – сеҳрли олам. Унинг соҳибу соҳибаларининг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати ҳар бир санъаткорнинг ҳамма яшаб турган сарҳадсиз олам ичида ўз оламининг ҳам бўлиши ва бу оламини беқиёс машаққату изланишлар билан яратишга истак-иштиёқи баландлигида, шу эзгу йўлга бутун умрини бағишлашида деб биламан.

Санъат гўё мукаммал гулдаста бўлса, унинг ҳар бир тармоғи ранго-ранг гуллар кабидир. Бири-биридан чиройли, бири-биридан мафтункор, бири-биридан сеҳрли. Бутун нафосати, жозибаси саҳнада намоён, саҳнада наволи, саҳнада жарангдор, саҳнада жилодор. Ана шу таърифу тафсифларнинг барчасига туғма ва тарбиялама талант эгаларигина эришишади. Ижрочилар ва томашабину тингловчилар бежиз руҳан, қалбан бирлашиб кетмайдилар. Товушлар таронаси, сўзлар маъно-моҳияти, ҳаракатлар ҳосиласи беихтиёр ҳайрату ҳаяжон ҳолатига туширади. Гоҳ кулдиради, гоҳ ғам чектиради, гоҳ кўз ёш тўктиради ўзининг сеҳру жодусига ўраб фикру хаёлимизни. Шундан санъаткор аҳли ўзига хос арбоб саналади, шундан санъаткор аҳли кўнгилга муҳрланади, шундан санъаткор аҳли санъат шайдоларининг меҳр-муҳаббатига сазоворланади. Шундан санъаткор аҳли олқишланади, эъзозланади, ардоқланади. Худди устозу шогирд Равшан Абдураҳмонов ва Самандар Маҳкамжоновларнинг "Наманганлик санъат намояндалари" тўпламида қойилмақом қилиб, эҳтиромли сўзлар билан муҳрлаб қўйилганидек.

Мен қарийб 250 саҳифали китобни тўлалигича шарҳлаб ўтишдан ўзимни тияман. Негаки, батафсил ўқиб чиқиб ва кейин юқоридаги фикрларимга қўшилиш ёки қўшилмасликларини китобхонларнинг ўзларига қолдираман. Лекин саҳифаларга назар югуртириб, ғоят мароқланганимни айтишга бурчлиман. Қаранг, Наманганда ўтган ХХ аср ва ҳозирги ХХI асрнинг биринчи чорагида қанчадан-қанча санъатимиз улуғлари етишиб чиққан, давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган, эл-юртда чинакам қадр-қиммат касб этган эканлар-а! Кимлар дерсиз? Улар Ўзбекистон Халқ ҳофизлари – Абдулла Файзуллаев, Муҳаммаджон Дўстмуҳаммедов, Жамолхон қори Ғиё­сов, Хожиакбар Аҳмедов, Ўзбекистон халқ артистлари – Сорахон Эшонтўраева, Ёқуб Аҳмедов, Мария Кузнецова, Манас Левиев, Эргаш Йўлдошев, Маърифат Убайдуллаева, Коммуна Исмоилова, Мукаррама Азизова, Саиджон Колонов, Дадаали Соатқулов, Турсунхон Жаъфарова, Муҳриддин Мансуров, Собир Раҳмоний, Шаҳодат Раҳимова, Маматхон Убайдуллаев, Ҳабиба Охунова, Турсуной Мамедова, Камолиддин Раҳимов, Ўринбой Нуралиев ва бошқалар наманганлик умрбоқий саҳна фидоийларидир.

Наманган ва наманганликларни фахрлантирадиган яна муҳим ҳолат пойтахт Тошкентда яшаб, Ватанимизга донгу довруғ таратган, айниқса, мустақиллик йилларида юксак унвонларга мушарраф бўлган Матлуба Дадабоева, Мирза Азизов, Меҳри Бекжонова, Зулайҳо Бойхоновалар ҳақидаям қимматли маълумотлар, лавҳалар, ҳикоялар, эсдаликлар жамланганидир. Наинки, қўшиқчилару актёрлар, уларнинг қаторида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоблари – Уста Рўзиматхон Исабоев, Муталлиб Аббосов, Аҳмад Жабборов, Карим Йўлдошев сингари санъатимиз дарғаларигача тўпламдан муносиб ўрин ажратилган...

Хуллас, наздимда устоз-шогирд – Равшан Абдураҳмонов ва Самандар Маҳкамжоновлар беҳад савобли юмушни уддалаганлар. Тўпламни варақлаганлар улуғ сиймоларнинг суратларини ҳам кўрадилар, улар тўғрисидаги битиклар билан танишадилар. Ёши улуғларнинг эса хотиралари жонланади. Аслида, ҳозир шу каби китобларни яратиш осон эмас, чоп этиш ҳам катта маблағни талаб этади. Бироқ, эзгу ишнинг баҳосини ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. Энг муҳими, санъатшунос дўстим ва издош шогирднинг журъатини фақат ва фақат қутлашимиз жоиз. Мазкур тўплам гарчи санъат муассасаларининг, олий ва ўрта махсус таълимининг шу соҳага дахлдор кишилари, тор доирага мўлжалланганига қарамай, аслида кенг халқ оммаси ҳам уни зўр мамнуният билан кутиб олади, қўлма-қўл қилиб ўқийди. Санъатимиз улуғларининг оилалари, қариндошлари ва барча санъатсеварлар учун навбатдаги ижодий армуғон муборак бўлсин!

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон ва Халқаро Турон Ёзувчилар

уюшмалари аъзоси, "Шуҳрат" медали соҳиби.