Ахсикент – "Наманган Афросиёби" деган таърифий атама ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Кўҳналиги, бағрида халқ ҳаётига оид кўпдан-кўп сир-синоатларни "яшириб яшаётгани" боисидан тилга тушди. Уларни тупроқтепалар остидан очиқликка чиқариш, оммага кўз-кўзлаш мавриди етганини истиқлол даврида аён кўриб-билиб турибмиз. Энг муҳими, бу қадимий обидани ободонлаштиришга шахсан Президентимиз Шавкат Мир­зиёев­нинг наманганликларга берган мотивациялари, юксак эътиборлари вилоятдошларимизни беҳад руҳлантириб, янги режаларни натижага айлантиришдек эзгу ишга астойдил енг шимаришга даъват этганликларидир. Юртбошимизнинг: "Бу диёрдаги машҳур Ахсикент, Мунчоқтепа, Айритом, Муғтепа каби меъморий ёдгорликлар ўтмишда ушбу ҳудудда ўзига хос цивилизация ва бой маданият ривожланганидан далолат беради" деган гаплари эндиликда янги-янги очилма ва топилмалар билан далилларни тобора бойитмоқда.

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрда "Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида "Ахсикент" археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида" 831-сонли қарори қабул қилинган эди. Қарорга мувофиқ Наманган вилояти ҳокимлиги муассислигида давлат унитар корхонаси шаклидаги "Ахсикент" жамғармаси ва унинг дирекцияси етти йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

Тўғри, бу ерда қазув-қидирув ишларига ўтган асрнинг 60-йилларидан Ўзбекистон Фанлар академияси Архелогия институти олимлари киришишган, топилмаларни илмий жиҳатдан ўрганишга ёндашиб, бир мунча натижаларга эришишган, сўнгра гоҳ-гоҳ муваққат экспедициялар билангина кифоланиб қолишган эди. Ҳозирда эса алоҳида эътиборда, давлат томонидан бу ерни жаҳон туризми харитасига киритишга арзийдиган очиқ осмон остидаги музей мажмуасига айлантириш учун катта маблағ ажратилмоқда. Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов раҳбарлигида белгиланган кенг кўламли чора-тадбирлар асосида бунёдкорлик одимлари ташланмоқда. Тарих фанлари доктори, ахсикентшунос Абдулҳамид Анорбоев қазув-қидирувларга ҳамиша бош-қош. Унинг айтишича, аввал топилган ерости водопроводининг яна иккита кузатув жойи кўзга ташланди. Сув ўтказгичлар қалин мудофаа деворлари остидан юрган бўлиб, 20-30 метр, ҳатто баъзи жойларда 50 метр чуқурликда жойлашган. Ер остидан қувурларда оқиб келадиган сувни кузатиш хоналарида ҳовузчалар бўлиб, лойқаларни олиб, тозалаш учун зарур қулайликлар яратилган. Яна бир эътиборталаб ҳолат: бир жойда сувни иккинчи баландликка кўтариш учун даст­лаб шунча пастликка шўнғитиб туширилгани учун оқим ўз-ўзидан табиий равишда юқорига кўтарилиб, яна равон йўлга ўтиб, йўлини давом эттиравергани аниқланди. Ўн-ўн бир аср муқаддам шундай ихтироларни ўзлаштирган аждодларимиз яратиғига ҳайратланмаслик асло мумкин эмас. Ахир улар физикадаги туташ идишлар қону­ниятини, математик ҳисоб-ки­тобларни пухта билишган эканлар-да.

Ахсикент асли 2500 йил муқаддам дунё саҳнида давлат сифатида вужудга келганига қарамай, унинг учун ўрта асрлар чинакамига гуллаб-яшнаш даври бўлиб, кўҳна китобларда битилиб қолган. Буюк Ипак йўли ёқасида жойлашгани, катта дарё қирғоғидаги хушҳаво баландликда қад ростлагани шаҳарни узоқ йиллар – токи мўғуллар босқинигача тинч ва осуда туришига шароит туғдирган. Давань – катта подшоҳлик мамлакати пойтахти мақомини муқимлаштирган. Албатта, халқона ҳикмат -"Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ"лиги ота-боболаримизнинг неча-неча асрлик кечмишида қайта-қайта такрорланиб, намоёнланган. Шунинг учун ўзгаларга тобелик, эмин-эркинликнинг йўқотилиши оқибатлари беиз кетмади. Ва аксинча, маърифатпарвар ҳукмдорларнинг илм-фанга, адабиётга ҳомийлиги, рағбату раҳнамолиги халқ донишмандлигини ғоят юқори поғоналарга кўтариб юборган. Натижада шарқона илк уйғониш палласи маърифат маёғини юксак тутганлар сафида ахсикентлик ҳар жиҳатдан зукко ва заковатли улуғ зотлар ҳам олам аҳлига танилишди.

Зотан, кучли давлатда, айнан унинг пойтахтида илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат юксак даражада тараққий эттирилиши одатий ҳол. Ахсикентдай марказий шаҳарга юқори салоҳиятли олимлар, шоир ва ёзувчилар, дин арбоблари чорлангани ҳамда йиғилгани шак-шубҳасиз. Туркиялик Ёқут Ҳамавий (1149-1229) "Мўъжам ул-булдон" – "Шаҳарларни тасвирловчи китоб"ида маълумот берганидек: "Фарғона – кенг ер, унга қарашли шаҳар ва қишлоқлар ҳам катта, унинг улкан шаҳри Ахсикент­дир. Шаҳарга олимлар, фозиллар, илм-фаннинг порлоқ юлдузлари, қўлигул ажойиб бинокорлар, хуллас, етмиш хил ҳунарнинг соҳиблари тўпланган". Инчунин, араб ҳалифалиги давридаям, сомонийлар ҳукмронлиги чоғидаям, қорахонийлар замонидаям дин, илм-фан, маданият ва адабиётнинг ривожи учун зарур шароит ва имкониятлар яратилган Ахсикентнинг шуҳрати бутун дунёга таралган эди.

Ақлу заковат бобида ўзини кўрсатишга қодир замон алломалари ҳукмдорлар саройида етарли сийловларга сазоворланишган. Улар яратган янгиликларнинг турмушга татбиқи халқ ҳунармандчилигиниям тараққий эттириб юборган. Илмий кашфиётлари наинки Ахсикент, балки дунё тамаддунида муҳим ўрин тутган. Бадиий ижод маҳсуллари эл-улус кўнглини эзгуликларга, завқ-шавққа тўлдирган. Таваллуд тупроқлари Ахсикент янги-янги камолот манзиллари сари ундаган, оқ йўл тилаган, десак заррача хато қилмасмиз. "Бешикдан қабргача илм изла" ҳадисини ўз ҳаётининг мазмуни ҳисоблаб яшаган беқиёс заҳматкаш аждодларимиз фақат замондошларининг эмас, келгуси авлодларнинг ҳам фахрига айланишди.

Асли Ер юзининг шарофатли мавоси – Турон заминидан етишиб чиққанлар дунё илм-фанида минг-минг йилларга арзигулик сабоқ мактабини яратиб кетганлар. IX-XII асрлардаги илк уйғониш даврида яшаганлардан Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абунаср Фаробийларнинг қаторида Ахсикент фарзанди Аҳмад ал-Фарғоний ҳам бежиз бўй кўрсатмади. Шу заминда кўз очиб, шу бешикда улға­йиб, илм-фан маъшалини оламаро юксакларга кўтаргани оддий тасодифий ҳол эмас, аксинча инсоният маънавий оламидаги буюк уйғониш муждасидир.

Ота-бобоси Қубодан бўлган Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир (Қодир) ал-Фарғо­ний 798 йили Ахсикентда (ўшанда Фарғона аталарди) туғилади. Дастлабки таълимни пойтахт мадрасасида олгани, диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллагани унга камолот эшикларини очди. Бағдодга бориб, "Байт ул ҳикмат"– ("Билимлар уйи") – ўша давр академияси остонасидан ҳатлади. 829 йилда маърифатпарвар ҳукмдор ал – Маъмун ташаббуси билан Бағдодга ёнма-ён Шаммосия шаҳарчасида ташкилланган расадхона маъмури сифатида узоқ йиллар фаол кузатишлар олиб борди. Фалакиёт тақвимини тузишга эришди.

Ал-Фарғонийнинг улкан хизмати астрономия асосларини яратганидир. Птолемейдан (II аср) кейин то ал-Маъмун замонигача – етти аср давомида мағрибу машриқда ал – Фарғонийдан бошқа буюк истеъдод соҳиби учрамайди. У ўзининг машҳур "Мадҳал ун – нужум" ("Ас­трономияга кириш") асарини 30 бўлимдан иборат қилиб ёзган. XVI асрда яшаган Ибн ал-Кафтий таъкидлаганидек: "Бу асари фалақиёт илмида мислсиз воқеадир".

Ҳамюртимиз серқирра олим эди. Кўпроқ фалакиёт билан шуғулланса-да, фан оламида буюк математик, географ ва геодист олимлар отаси деб ҳам тан олинган. Бу соҳаларга оид илмий мероси аслида кўп эди-ю, бизгача атиги 8 таси етиб келган, холос. Шунга қарамай, бетимсол ақлу шуурига, беназир ижодкорлик салоҳиятига жаҳон халқлариям қойил қолмасликка иложи йўқ. Ҳатто Американи кашф этган Христофор Колумбгача Аҳмад ал Фарғонийдан "ёрдам олган". "Уларнинг яшаган даври орасида 650 йилдан ортиқ фарқ борку, қанақасига?" дея асло таажжубланманг. Колумб 1492 йилда "Санта-Мария" номли кема етакчилигида 3 та кема билан дунё океанлари оша саёҳатга чиққанида ал-Фарғоний яратган дунё харитасини доимо ёнида олиб юрган. Қандай қилиб бу харита унга етиб борган эканлигига қизиқсак, Аҳмад Фарғоний тузган хариталардан аввалроқ португал денгизчиларидан бири фойдаланган. Қачонки, қизига генуялик Христофор уйланганида хариталарни мерос қилиб қолдирган. Балки Колумб шу харита қўлига теккач, янги қитъа мавжудлигини англаб, экс­педицияга чиққандир...

Аҳмад ал-Фарғоний умрининг охирги бир неча йиллари Мисрнинг Қоҳира шаҳрида кечган. Олим кашфиётлари ўз давридаёқ халққа хизмат қилгани унинг обрў-нуфузини бениҳоя кўтариб юборган.Чунончи, сув сатҳи ўлчамини кўрсатувчи "миқ­ёс жадид" асбоби Нил дарёси атрофидаги деҳқончиликни офатдан огоҳлантирувчи хусусияти билан бебаҳо ихтиро эди. Мазкур устурлобдан XX асрнинг 60-йилларигача, аниқроғи Асван тўғони қурилгунча ўн бир аср мобайнида мисрликлар фойдаландилар. Бугунга келиб эса музей сифатида қадрланмоқда.

Ҳаммага маълумки, 1998 йилнинг 24 октябрида буюк бобомиз таваллудининг 1200 йиллигини тантанали нишонладик. Фарғона шаҳрида Аҳмад Фарғоний истироҳат боғи очилди. Унинг улуғвор ҳайкали тикланди.

(Давоми бор).