Бу – Президентимизнинг Наманган ҳақидаги эътироф ибораси. 2016 йилнинг 2 ноябрида Учқўрғон туманида наманганлик сайловчиларнинг вакиллари билан бўлган учрашувда сўзлаган нутқида зўр мамнуният ҳисларига тўлиб-тошиб қимматли таклифларни билдирган эди: "Мен қачонки гўзал ва бетакрор Наманган заминига келсам, бу ердаги кўча ва хиёбонлар, майдонларда яшнаб турган гул-чечакларни, сўлим ва ораста манзилларни кўриб, очиғи баҳри дилим очилиб кетади, – деган эди давлатимиз раҳбари. – Вилоятда ҳар йили гул байрамининг чиройли ўтказилиши, бу байрам наманганликлар ҳаётига сингиб, яхши анъанага айланиб қолгани бежиз эмас. Нега деганда, гулу райҳонни, гўзалликни яхши кўрадиган ва шундай ободонликни ўз қўли билан яратадиган одамларнинг қалби ҳам гўзал бўлади.

Наманган аҳлининг ана шундай хусусиятидан келиб чиқиб, сизлар бир ташаббус билан чиқсангизлар, деган таклифни ўртага ташламоқчиман. Яъни давлат ва жамоат ташкилотлари, айниқса, ёшлар, нуронийлар, гўзал аёлларимиз, қизларимиз кучни бир ерга тўплаб, вилоятнинг ҳар бир шаҳар, туманида республикага намуна бўладиган, мамлакатимизнинг ҳамма еридан одамлар бу ерга келиб завқ оладиган, энг замонавий шаклда "Гуллар боғлари"ни яратсак, Наманганга ярашадиган иш бўлур эди".

Албатта, юқоридаги самимий истаклар ижобати учун Наманганда ўша пайтдан бошлаб, аниқ режалар тузилди, режаларни натижаларга айлантириш саъй-ҳаракати йилдан-йилга кучайтирилди. Наманган чинакамига гулмаконга, гулдиёрга айлантирилди. Гулчи тадбиркорлар изчил қўллаб-қувватланди. Анънавий гул байрамининг нуфузи оширилди, ҳатто илгаригидаги каби тадбир-тантаналарга икки-уч кун камлик қилиб қолди. Гул байрами аввалига бир ҳафта, кейин ўн кун, эндиликда эса роса бир ойлик нафосат кўригига айлантириб юборилди. Минг-минглаб меҳмону мезбонлар эмас, миллионлаб гул шайдолари Наманганга йўл солаётгани беинкор ҳаётий ҳақиқатдир.

Ҳисоб-китобларга қараганда, 21 майдан бошланган Халқаро гуллар фестивалига биринчи ҳафтада дунёнинг 43 та давлатидан 40.000 яқин меҳмон чорланди. Узоқ-яқиндан келган туристлар сони икки ҳафтада 2 миллион 500 нафардан ортиб кетди.

Бугун Наманганга ташриф буюрганларнинг нигоҳлари сону саноқсиз гулларни "қучиб", димоғлари ифорини туюб улгурмайди, десак асло муболаға эмас. Кўчаларнинг ўртасидаям, икки қирғоғидаям гулзорлар, фақат ергамас, юқорига боқсангиз ҳам гулзорлар. Тувакгуллар авваллари қишда уйлар, хоналар ичини безарди. Бугунга келиб, ясама "темир тепаликлар" устига мустаҳкамланган. Машиналарнинг, от араваларнинг устига чиқиб, атрофини "ўраб" олганига ҳайратланмай иложимиз йўқ. Буларнинг барчаси – гулкор қўлларнинг маҳорату миришкорлиги шарофатидан. Наманганликларнинг кеча-кундуз гулга парвоналиги шарофатидан, халқаро фестивалга муносиб тайёргарликлар шарофатидан.

Халқаро гуллар фестивали доирасида турли оммавий маданий тадбирларнинг ташкилланаётгани халқимиз учун айни муддао бўлмоқда. Чунончи, фес­тивал олдидан Ўзбек миллий драма театри актёрлари билан учрашув-томоша давраларга файз киритди. Очилиш маросимида мамлакатимиз машҳур санъаткорлари концерти намойиш этилди. Айниқса, Қорақалпоғис­тон Республикасининг "Айкулаш" фольклор дастасининг чиқишлари қўшиқ ва рақс шинавандаларининг завқига-завқ қўшди. Чет элдан ташриф буюрган санъат усталари, айниқса, Рафел Эл Романнинг концерти наманганликларнинг бир умрлик ёдларида қоладиган тадбирларга айланиб кетди.

"Фарғона водийсида туризм: Ахсикент туризм марказини яратиш" мавзусидаги Халқаро конференцияни ҳам тилга олмасдан ўтолмаймиз. Унда Покистондаги туризм элчиси Аммад Рохайл, архитектор, доктор Заҳро Ҳусайнлар ҳам қатнашишди. Анжуман иштирокчилари Ахсикент, Сирдарё ва Янги Ахси мажмуаларига мароқли саёҳатлар қилишди.

Мана, бир ҳафтадан кейин Халқаро гуллар фестивали якунланади. Наманганга машҳурлик, наманганликларга мезбонликдан фахру, ғурур бағишлаган ҳаяжонли гўзаллик ва нафосат ойлигининг 62-мавсуми ўзгача чиройи, ўзгача завқу шавқи, ўзгача тантаналари, ўзгача таассуротлари билан тарихнинг эслаб юрса арзигулик саҳифаларига айланиб қолади.

Содиқ САЙҲУН.