Камтар, хушмуомала ва дилбар инсон билан бундан ўн тўрт йил аввал танишган эдим. Вазмин, самимий ва талабчан раҳбар сифатида таассурот қолдирган, ўшанда. Суҳбат чоғида касбий фаолиятим билан қизиқди ва ҳамкорликда самарали ишлашимизга умид билдирганди. Ишчанлик ва ўзаро ҳурмат асносида кечган илиқ муносабатимиз узоқ давом этди.

Ҳар қандай мураккаб вазиятларда донишмандлик билан масалаларга ечим топишга қодир бўлган малакали мутахассис, тажрибали раҳбар билан ўн икки йилдан кўпроқ муддат бир тизимда ишладик. У доимо соҳа равнақи учун жон куйдирар, тиббий хизмат сифатини янги босқичга кўтариш, самарадорлигини ошириш учун астойдил изланарди.

Ажойиб инсон, етук мутахассис, тиб­биёт соҳаси ташкилотчиси Неъматилла Қирғизбоевнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, намуна қилса арзигулик меҳнат фаолияти кўпчилик ҳамкасбларига тажриба мактаби бўлиб хизмат қилса неажаб. У 1961 йили Уйчи туманида туғилган. 1985 йилда Ўрта Осиё тиббиёт педиатрия институтини тамомлаганидан сўнг Наманган шаҳридаги 2-бирлашган болалар шифохонасида интернатурани ўтаган. 1986 йилда Уйчи туманидаги Ғайрат қишлоқ врачлик пункти мудири сифатида шифокорлик фаолиятини бошлаган эди.

Билимдон ва ташаббускор етакчи тез орада туман марказий шифохонаси раҳбарларидан бирига айланди. Дастлаб марказий шифохона бош врачининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари, кейинчалик даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосари, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ўринбосари лавозимларида хизмат қилди. 2005 йилда Уйчи тумани марказий шифохонаси бош врачи лавозимига лойиқ кўрилди. Орадан тўрт йил ўтиб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.

– Неъматилла Жўрабоевич билан бир тасодиф туфайли танишиб қолганман. Аниқ ёдимда, 2009 йилда соҳа фаолиятини ўргангани нуфузли идорадан текширувчилар келиши кутилаётган пайт эди. Ўша кезларда у Уйчи туманида ишларди. Иккаламиз бошқарма бошлиғидан ҳужжатларни тартибга келтириш топшириғини олганмиз. Демоқчи бўлганим – фидоийлиги шу даражада эдики, ҳали лавозимга тайинланмасидан тизим обрўси, шаъни учун соатлаб, ҳаттоки кечаси, баъзида тонггача ҳам иш ташкил қилган. Неъматилла акада касбга содиқлик, тизим манфаати учун жонкуярлик, одамгарчилик, инсонийлик, айниқса, одиллик ҳислатлари мужассам эди, – дейди Соғлиқни сақлаш аълочиси Назиржон Давлатов.

Дарҳақиқат, Н. Қирғизбоев 2011-2014 йилларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган. "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси"дир. Охирги даврда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бош­қармаси Наманган вилоят бўлими бошлиғи вазифасини бажараётган эди.

Афсуски, умри қисқа экан. Оғир касаллик уни бой тажриба тўплаб, тизим ишини ривожлантиришга катта ҳисса қўшишга қодир бўлган чоғида орамиздан барвақт олиб кетди. Неъматилла Жўрабоевич ўтган йили тиббиёт ходимлари куни арафасида 61 ёшида вафот этди.

Ўзининг кўп йиллик ҳалол ва фаол хизмати билан соҳа тараққиётини таъминлашда жонбозлик кўрсатган инсонни тез-тез ёдга олиб турамиз. Унинг умр йўли, инсоний фазилатлари, намуна олса аризулик жиҳатлари кўз ўнгимизда гавдаланади. "Хотира ва қадрлаш куни" арафасида соҳа жонкуярининг олижаноблиги, фидойилиги ва касбига садоқати кўп бор эсланди.

Қутлуғ сана олдидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов билан бир гуруҳ фаоллар унинг хонадонига ташриф буюриб, тиббиёт соҳаси фидойисининг босиб ўтган умр йўли, соҳа равнақи йўлидаги хизматларини хотирладилар. Оила аъзоларига Ўзбекистон Соғ­лиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Ф. Ханапияев имзолаган Ёрлиқ топширилди. Ёдномада қуйидаги ёзувлар бор.

"Сизни буюк Гиппократ таърифлаганидек, ўзи ёниб бўлсада бошқалар йўлини ёритувчи шамга қиёслаймиз. Сизда инсонийликнинг барча фазилатлари мужассам эди, фақат яхши амаллар қилар эдингиз, ҳар тарафлама мукаммал эдингиз. Афсуски, бешафқат ўлим сизни орамиздан олиб кетди. Биз Сиздек инсон билан кўп йиллар ёнма-ён меҳнат қилиб, бошқалар дардига малҳам бўлишга муяссар бўлганимиздан фахр­ланамиз. Сизнинг ёрқин хотирангиз дўстларингиз, яқинларингиз, ҳамкасбларингиз қалбида мангу яшайди. Охиратингиз обод, руҳингиз шод бўлсин, азиз ҳамкасбимиз!"

Неъматилла акани устоз деб биламан. Унинг ширинсўзлиги, камтарлиги ва адолатпарварлиги кўп бор ҳайратга солган. Зукко раҳбар, малакали шифокор, беморларга меҳрибон, ҳамкасбларга талабчан инсон эдилар. Мукаммал ва тартибли иш юритишларини, босиқлик ва донишмандлик билан фикрлашларини, кўтарилган масалалар ижобий ечим топмагунча тиниб-тинчимаганликларини эслаймиз. Ширинсўзлик ва раҳимдиллик хислатларидан ўрнак олганмиз. Н.Қирғизбоевнинг ёрқин хотираси барча ҳамкасблари, шогирдлари қалбида мангу сақланиб қолади, – дейди Ўзбекистон Соғ­лиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилоят Кенгаши раиси, Соғлиқни сақлаш аълочиси Аббосхон Мамадалиев.

Неъматилла Қирғизбоев намунали оила соҳиби сифатида ҳам ҳурмат қозонган. Турмуш ўртоғи Маъмура Тожибоева билан бахт­ли ҳаёт кечирди. Уларнинг уч нафар фарзандлари бор эди. Қизлари Мунира, Зуҳра ва ўғиллари Ҳасанбойни юрт корига ярайдиган, меҳнатсевар, яхши хулқли инсонлар этиб тарбиялашган.

Тиббиётчи шоир ёзганидек:

 

Қалби тоза, сахий инсон эдингиз,

Ҳар соҳада теран эди фикрингиз,

Жонингизни фидо айлаб ҳар ишга,

Давраларда бор эди ўз ўрнингиз.

 

Одилликни қатъий шиор этдингиз,

Камтарликда камолотга етдингиз,

Суҳбатингиз эди дилхуш, мароқли,

Афсус, афсус, бевақт эрта кетдингиз.

 

Энди шогирд, ҳамкасб, яқинларингиз

Ёд айлагай ҳамиша пок номингиз,

Дуодамиз, қабрингиз нурга тўлиб,

Жаннатларда бўлсин, сизнинг жойингиз.

 

Яхшилар ёди ҳеч қачон унутилмайди. Эл-юрт равнақи, халқ бахту саодати учун қилинган хизматлар доимо ёдда тутилади. Малакали шифокор, халқ саломатлигини мустаҳкамлаш учун сидқидил хизмат қилган инсон, оқил ва ташаббускор раҳбарнинг босиб ўтган умр йўли ҳозирги авлод тиббиётчилари учун ибрат мактаби бўлиб қолишига ишончимиз комил.

Абдулла ҒОЗИЕВ.