Ўзбекнинг нимаси кўп? Байрами кўп, маросими кўп, тантанаси кўп. Азал-азалдан бир даврага тўпланишни, дийдорлашишни, гурунглашишни, ўйнаб-кулишни, яйраб-яшнашни яхши кўради. Каттаю-кичик гўзалликни ёқтиради. Тўйлашишган чоғ бирам бир-бирларига меҳр-оқибатли, ширин муомалали, ёқимли мулозаматли бўлиб кетишадики, асти қўяверасиз. Ахир меҳмоннавозликдан обрў-мартаба топишнинг завқига нима етсин! Энг эътиборлиси, ҳали тўй, байрам санаси келмаёқ унинг нашидаси кўнгилларга ўзгача кайфият бағишлайди. Тараддудсиз анжуман қизимаганидек, байрамларнинг ҳам ўзига хос, халқимиз руҳиятига мос жиҳатлари бир талай. Айниқса гуллар фестивали Наманган ва наманганликлар учун жуда-жуда суюкли, жуда-жуда қадрли.

Бобомерос удумимизга бугунги авлод янада файзу шукуҳ бағишлаётгани ҳар йили кўз ўнгимизда намоён. Йилдан-йилга анъанавий тадбир дастурларининг бойитиб борилаётгани, кўлами кенгайтирилаётгани кўнгилларда ифтихор уйғотади. Ахир бу байрамимиз халқаро миқёсга чиқиб улгурди. Бутун Ўзбекистонгагина эмас, Марказий Осиёга, ҳатто бошқа қитъа мамлакатларигача маълуму машҳурлашаётгани истиқлол давридаги ҳаётий ҳақиқатга айланиб кетди. Бундай довруғ қозониш аслида сира-сира осон бўлмади. Бироқ бизга илгаридан гулсеварлик етти ёшдан етмиш ёшгачанинг қон-қонига сингиб кетгани бу борада беҳад қўл келаётир.

Наманган гулчилар юрти, гуллар диёри номини олганига ҳам 62 йил бўлмоқда. Нега шундай аталганини кекса авлод яхши билади. Ўтган асрнинг 60-йиллари бошидан бошланган гул байрами ўз-ўзидан ёки тасодифан ташкилланган эмас эди. Биз каби етмишни қоралаган, биздан улуғроқ саксонга қараб кетаётганлар ўша пайтларда бола ва ўсмир эдик. Ота-оналаримиз ёз палласида Наманган шаҳрининг қоқ марказидаги маданият ва истироҳат боғига сайрга етаклашарди. Шаҳарнинг барча катта кўчалари ўртасидаги эни ихчам, бўйи йўллар билан теппа-тенг, узундан узоқ гулзор шунақанги хуш манзара эдики, ёнларидан бепарво ўтолмасдик. Ранго-ранг тусда очилган, шода-шода ғунчалари "жилмайиб" турган атиргуллар ҳам ҳусни, ҳам анвойи ифорлари билан мафтуну лол этарди қўярди. Автобус ёки пою пиёда боғ томон борадиганларнинг беихтиёр баҳру дили очиларди. Нигоҳларида ҳайрату ҳавас жилваланарди. Гулсиз кўча, гулсиз майдон, гулсиз йўлак йўқ эди. Қатор-қатор давлат муассасалари ва ташкилотларнинг олдигача мўъжаз гулзорга айлантириб юборилганди. Йўлдаям, ўнгу сўлдаям турли-туман гуллар барқ уриб ўсиб ётарди. Баҳор байрамларида гулдас­та кўтарган, бир-бирига гуллар тутган ёшларнинг сону саноғига етиб бўлмасди. Гуллар одамларни наинки ташқи гўзалликка, балки ички гўзалликкаям ўргатаётгандек туюларди менга ўшанда. Чунки, гул тутганларнинг юзларида табассум ўйнарди, самимий сўзларида меҳр гўёки тафт бериб турарди. Одамлар бир-бирига гул улашса, кўнгиллари янада мунаввар тортарди. Одамлар у пайтлар гулни пулдан ҳам аъло кўришарди, чамамда.

Гулга меҳр – элга меҳр. Гулга эътибор – элга эътибор, юртга эътибор дегани, албатта. Тинчлик бар­қарор Ўзбе­кис­тонимизда гулни севмаган, гулни ардоқламаган одамнинг ўзи йўқ, гулсиз ҳовли, гулсиз уйни топиш қийин. Баҳору ёздаям, кузу қишдаям гуллар бизлар билан бирга яшайди, кўнг­лимизга нафосат нашидасини, димоғимизга ифорини аямайди. Фақат эка олсак, вақтида суву озуқасини бериб турсак бас!..

Яна ўйлаб қоламан: Гулқишлоқ, Гулистон, Гулшан, Гулзор, Лола каби аҳоли яшайдиган манзилу маконларнинг борлиги яхши. Бундай қишлоғу маҳаллаларнинг ободлиги ҳам тайин. Лекин яшаш жойларимизнинг номлари қандай бўлишидан қатъий назар уйимиз, ҳовлимиз, кўчамиз, маҳалламиз ва қишлоғу шаҳарларимиз гулистон, гулшан, гулзор бўлмоғи керак. Гул байрами Наманган шаҳридан бошланиб, барча туману шаҳарларда давом этса, янада мароқли, янада кенг қамровли тусга кирса, табиатга шайдолигимиз оммавийликка айланса борми, ана унда Наманган гулвилоят номига тўла-тўкис муносибланади.

Келинг, азиз ҳамюртлар, Намангандаги гул байрамининг томошабинлари бўлибгина қолмай, гуллар соғинчи билан ташриф буюрадиган минглаб, миллионлаб узоқ-яқиндаги меҳмонларимизни ҳайратга солувчи, бир олам таассуротлар туҳфаловчи кўргазмалар, табиий гулзорлар яратувчиларнинг эзгу ҳаракатига қўшилайлик! Гулчилар гўшаси азал Наманган, Тилларда достону ғазал Наманган! – бўлиб дунёга довруқ солаверсин!

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.