Кеча уч-тўрт оғайнилар билан адирга гулбара сайли баҳонасида дам олгани чиқдик. Машинадан юкларни тушириб, тамадди қилиш учун жой ҳозирлай бошланди: кимдир дастурхон солган, кимдир кўрпача тўшаган, кимдир дарров олов ёқишга уннаган, қўйингчи ҳамма ўзи билан ўзи овора. Мен қирни кеза кетдим. Аслида адирга келишдан асосий мақсад ҳам ўқувчиларим билан ҳар йили гулбара сайлига чиққанда юрган йўларимизни, гулбара терган жойларимизни кўриш эди.

Мана, орадан бир йил ўтиб яна келдим, лекин ёнимда ўқувчиларим йўқ. Шу сабабданми кайфиятим пастроқ. Атрофга назар ташладим. Бу йил ёгингарчиликлар кўп бўлганиданми дўнгиликларда майсалар мўл. Узоқларда кўзга ташланган бодомзорлар, эртапишар ўрикзорлар гуллашга улгурган. Турфа ранглари билан адирга ажиб бир гўзаллик ва файз бериб турибди.

Адирнинг кун ботиш томонида денгиздай чайқалиб улкан сув омбори ястаниб ётибди. Секин сув бўйига тушдим. Узоқда моторли қайиқ овози эшитилмоқда. Сув омборининг нариги томонида бир гала ёввойи ўрдагу ғозлар сув бетида тўпланишган.

Беихтиёр хаёлга ғарқ бўлибман. Қуёш нурида сув жимирлаб кўзни қамаштиради, ўйноқи балиқлар сув юзида кўриниб-кўринмай сузиб юрибди. Уларга тикилиб ўтириб хаёлим ўқувчиларим билан келган ўша кунларга кетди. Ўғил болалар сув ҳавзаси бў­йида югуришиб, каттагина балиқ тутиб олганини, ким биринчи гулбара топганини, худди шу ерда ўтиришиб тушлик қилганларини, ҳай-ҳай дейишимга қарамай, бир-бирларига сув сепишганлари кўз олдимда намоёнланди. Ҳозир ҳам сув сепишаётгандай, хаёлми ё ўнгимми билмай қолдим.

Орадан қанча вақт ўтди билмадим. Бўйнимга муздек сув сачради. Эс-ҳушим ўзига келиб қарасам, буйнимга тушган сув ёмғир томчилари экан. Ҳаво ҳам бутунлай ўзгариб, шамол кела бошлади, яқинда борлиққа ёйилиб турган офтоб йўқолиб, осмонни қора булут қоплабди. Узоқдаги тепаликдан овоз келди. Қарасам ошналарим қўл силтаб мени чақиришмоқда.

Ёмғир ҳам тезлаша бошлади. Ўрнимдан туриб шерикларим томонга юрдим, ёмғир томчилари шамолда юз-кўзимга урилар, лекин руҳим тетиклашгандай. Чунки бугун ўтмишга, ўқувчиларим билан гулбара сайлига чиққан кунга қайтгандай бўлдим, уларни яна кўргандай, улар билан юргандай бўлдим. Ҳавонинг бунча тез ўзгарганига хайрон бўлмадим, ёға бошлаган ёмғир ҳам малол келмади. Чунки бу, биз интиқлик билан кутган баҳор ҳавоси, баҳор ёмғири, баҳор фасли эди.

Фозилжон МАҲМУДОВ.