Шарқ олами биринчи уйғониш даврининг буюк алломаси Абу Райҳон Берунийни бутун дунё танийди. Уни машҳур қилган турли соҳадаги илмий-тарихий асарларидир. Берунийшуносларнинг эътирофича, бу донишманд инсоннинг шуғулланган соҳаларини санашдан кўра, шуғулланмаган соҳаларини санаш осонроқдир. Демак, у сер­қирра фаолият соҳиби. Тўғри, меъмор бўлиб бинолар барпо этмади, лекин ўзидан жаҳон илм-фанига устун бўлиб турадиган маънавий ёдгорликлар қолдирди. Беруний раҳбарлигида ҳатто "Маъмун академияси" ташкил этилди. Мана, ўшанга ҳам минг йилдан ошди. Жорий йилда эса улуғ зот таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаяпмиз.

У 973 йилнинг 4 сентябрида Хоразмнинг Кот (баъзи манбаларда Қиёт) шаҳрида туғилган. Мазкур жой ўша пайтларда хоразмшоҳларнинг бошкенти ҳисобланган. Пойтахт бўлгандан кейин, албатта, илм-фан ўчоғига айланган. Асли исми Муҳаммад бўлган боланинг отаси Аҳмад эди, Беруний унинг тахаллусидир. Отаси маърифатпарвар инсон эканлигидан ўғли яхши сабоқ олиши учун жуда эрта ғамхўрлик қила бошлаган.

Берунийшунос олим Абдусодиқ Ирисовнинг ўрганишича, у ҳар жиҳатдан барвақт балоғатга етади. "Натижада ўн олти яшарлик чоғидаёқ Котда астрономик кузатишлар олиб борган. Қизиғи шундаки, керакли асбобларни ўзи тайёрлаган, ҳатто у ер глобусини ҳам ясаган. Бу ўрта аср учун катта кашфиёт эди".

IX – X асрларда юртимизда самонийлар салтанати вужудга келади. Фан ва маданият юксала бошлайди. Сўнгра давлат бош­қаруви қорахонийлар қўлига ўтади. Маъмун иккинчи пойтахт­ни Урганчга кўчиради. Бу ерда академия ташкил этади. Академия етакчилари қаторида Беруний ҳам бор эди. У ёш олимларга раҳнамолик қилади, илму кашфиёт бобида чинакамига ибрат кўрсатади. Кейинчалик Ғаз­на шаҳрида яшаб, 1048 йили вафот қилади.

Етмиш беш йил умр кўрган илм-фан фидойисидан авлодларга беқиёс мерос қолди. Ўлимидан ўн уч йил аввал, яъни 1035 йилда ўзи ёзган асарларининг 113 та номини қайд этиб қўйганидан бохабармиз. Бундан кейингиларини қўшиб ҳисобласак, 200 дан зиёд бўлиб чиқади. Уларнинг аксарияти астроно­мияга, тарихга, математикага, географияга, геодезияга, минерологияга ва картографияга тааллуқлидир.

Аслида ҳар бир асари асосан айрим мавзуларга бағишланса-да, барибир энциклопедик хусусиятларга эга. Яъни мавзулар барча жиҳатлардан қараб ёритилган. Тарих ҳам, география ҳам, математика ҳам бор. Чиройли омихталаниб, ўқувчида бой таассуротлар уй­ғотади. Биргина "Қадимги халқ­лардан қолган ёдгорликлар" асарига назар ташласак, шундай фикр келиб чиқади. Яъни унда қадимги яҳудийлар, насронийлар, мажусийлар ва мусулмонларнинг урф-одатлари, анъаналари, байрамлари, календарлари, динлари, пайғамбарлари, муқаддас китоблари ҳақидаги барча маълумотлар берилганлигини кўрамиз. "Ҳиндис­тон" асарида эса Ернинг ҳаракатланиши ҳақидаги мулоҳазаларини билдиради. "Сайдана" доривор ўсимликлар тўғрисидаги китоби ҳисобланади. Неча асрки, табибларга ўзига хос қўлланма бўлиб келмоқда.

Беруний ижтимоий ҳодисалар, жамият тараққиётида муҳитнинг роли, одамлар табиатига, кўринишига географик иқлимнинг таъсирини, кишиларнинг моддий эҳтиёжлари, мулк ва мерос масалаларигача таҳлил қилган. Кези келганда ўзининг ўткир мушоҳадасию, донишмандлиги билан ҳукмдорларни лол қолдирган.

Буюк бобомизнинг ўлмас асарлари асрлар оша яшайверади, ҳар бир авлод улардан керакли сабоқларни олаверади. Бу йил берунийшуносликда янада катта қадамлар ташланишига ишончимиз комил. Боиси, Президентимиз қарори асосида аниқ вазифалар белгиланиб, изчил амалга оширила бошланди.

Муаттар АҲМАДАЛИЕВА,

тарих фани ўқитувчиси.