Агар биз Бобурнинг "Девон"и ва "Бобурнома"сини мутолаа қилсак, асарлари тили халқчил эканини дарров пайқаймиз. Орадан беш асрдан зиёд вақт ўтганига қарамай, ўқишда ва тушунишда унча қийналмаймиз. Энг муҳими, маъно-моҳиятини осонгина англаб етамиз. Сабаби, Бобур гарча шоҳ бўлса-да, асарларида оддий инсон қиёфасида тасаввур этишимизга имкон яратган. Сўзлари, иборалари теран ифодали. Таъсирчан, ёқимли ва юқумли. Худди бугун ёнимизда туриб, сўз айтаётгандек туюлади:

Ишлар бори кўнгилдагидек бўлғусидур!

Инъому вазифа – бори буйрулғусидур!

Ул ғаллаю маҳмилки, деб эрдинг, билдим,

Маҳмилға бўю ғалладин уй тўлғусидур!

Тўрт сатрда биргина фақат маҳмил сўзи нотанишроқ, лекин матндан маъносини дарров илғаб оламиз. Ортиқча шарҳга хожат йўқ. Чунки, шоир сўзлари содда ва лўнда. Бироқ, унда ўз атрофидагиларга таскин, умид ва ишонч берилмоқда. Раҳбар ходимини тўқ тутса, уни яхши ишлари учун сийлаб борса, зиммасига иқтидорига қараб, лавозим ва вазифа юкласа, ҳамма ишлари кўнгилдагидек кетишига далолат берилмоқда.

Унинг ўзи "Бобурнома"сида Андижон ҳақида "Эли туркдур. Шаҳр ва бозорисида турки билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била росттур" деб ёзгани бежиз эмас. Яхши билардики, турк тилининг ҳимоячиси, ривожига кенг йўл очган улуғ ижодкори Навоийнинг камолотига қаноат берган ҳам шу она тилиси эди. "...Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким Ҳирийда нашъу намо топибтур, бу тил биладур" каби таъкидида ҳам Бобурнинг  туркий тилнинг ёйилган миқёси кенглигига, унинг таъсирчан сўзлари Навоий навосидан юксакларга кўтарилганига ёрқин ишора бор.

Бобур тилшуносликка ҳисса қўшишнинг ўзгача йўлидан борди. Буни бобурона ёзув ихтиро қилишга журъату, иқтидори етганидан биламиз. У 1504 йили "Хатти бобурий"ни яратди. "Ушбу маҳалларда бобурий хатини ихтироъ қилдим" деган ғоят фахрланган ҳолда. Бобур араб алифбоси асосида шакл жиҳатидан янги эски ўзбек тили товушларига монанд 29 ҳарфли ёзувни вужудга келтирган. Ҳатто шу ёзувда "Қуръон"ни кўчиртириб, Макка ва бошқа катта-катта шаҳарларга юборгани тўғрисидаги маълумотларни ҳам  учратамиз.

Бобур адабий тилни жонли тилга яқинлаштирди. Ортиқча мураккаб ифодаларсиз тушунарли асарларни бизга мерос қолдирди. Буюклик оддийликда ақидасига мос равишда яшаган бобомиз ўзини шоҳу дарвеш сифатида англади. Тахтида шоҳ, кўнгил кўшкида дарвеш мисоли тутди. Дунёга ҳақиқат кўзи билан қараб баҳо берди. Ўша дунё ичида ўзи ҳам борлигини бирор дақиқа унутмади, толесизликдан толе ахтарди. Эски ўзбек тилига заргарона сайқал берди назмий ва насрий асарларида.

Машҳура ҚОДИРОВА,

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси,

"Илм-фан ифтихори" эсдалик кўкрак нишони соҳибаси