Тарихда буюк саркарда, шоҳ ва шоир сифатида ном қолдирган ҳамюртимиз Бобур ўз даврининг бетакрор бунёдкори ҳамдир. Гарчи у киндик қони тўкилган Ватанида амалга ошира олмаган бўлса-да, Афғонистон ва Ҳиндистонда кўплаб муҳташам бинолар, боғи-роғлар бунёд этган.

У Самарқанддан чиқиб кетишга мажбур бўлгач, анча машаққатлар чекиб, Кобул ва Ғазна вилоятларини эгаллайди. Мустақил давлат тузади. Бу ерда 1504 йилдан 1526 йилгача ўзи, кейин ўғли Камрон Мирзо ҳукмронлик қилади. Умри давомида Бобур давлатни тадбиркорлик билан бош­қарган. Айни чоғда қурилиш ва ободончиликка алоҳида аҳамият берган. Ҳинд мозийшуноси М. Рандҳаванинг ёзишича: "Кобул шаҳрининг ўзида 10 та боғ режа билан тузилади: Боғи Шаҳараро, Чорбоғ, Боғи Жалухона, Ўрта боғ, Суврат боғ, Боғи Маҳтоб, Боғи оҳухона шулар жумласидандир".

Шунингдек, Кобул вилоятининг обод манзилгоҳларида бир неча боғларни ўз дидига мослаб яратган. Буларга Боғи Вафо, Боғи Бинафша, Боғи Сафо, Хожа Сеёрон боғи ва Боғи Истолиф кабилар киради. "Бобурнома"дан биламизки, Кобулга яқин Памғон тоғи этакларида жойлашган Истолиф қишлоғидаги ажойиб бир боғни сотиб олади ва у ерда янгидан ариқлар кавлатиб, аниқ режали, ғоят кўркам маскан бунёд қилдиради.

Бобур табиат туҳфаларига алоҳида эътибор қаратади. Масалан, Кобулдаги тоғ ён бағрида Хожа Сеёрон чашмасига бўлган муносабати шундан далолат беради. Унинг фармонига мувофиқ булоқ кенгайтирилади. Атрофига тошлар тердиртиради ва супа ясаттиради. Ҳатто чўмилишга боп қилиб, ҳовуз барпо қилдиради. Қирғоқларини ганч ва соруҳ билан текис қоплаттиради.

Унинг ҳар бир юмушни олдиндан тархини чиздириб, пухта режа билан бажартиришга одатланганини далилловчи эътирофларни яна ўзидан билиб оламиз:

"... ариқ қаздуруб дашти Сеёроннинг  ғарби-жануб тарафидаги пуштанинг устига келтурт­тум, пуштанинг устида улуғ гирд суфа солдирдум. Суфанинг гирдида тамом тол дарахтлари экилди. Хили яхши манзил бўлди. Бу суфадин юқорироқ пуштанинг ёнида узум боғи солдурдум".

Чорбоғи Қандаҳор ёдгорлиги Бобур томонидан тикланган. Бу боғ шаҳарнинг шимолий-ғарбий қисмида, Арғандоб дарёси қирғоғидаги ғоят хушманзара гўша бўлган.

Бобурнинг бунёдкорлиги шарофати билан Ҳиндистоннинг кўплаб шаҳарлари , айниқса, Агра ва Деҳли обод ва кўркам тусга кирди. Шаҳарлар ободончилиги оқар сувлар билан таъминланиши, хайрия биноларини қурилиши ҳамда боғ-роғлар яратилишида яққол намоён бўлди.

Таниқли олимимиз Ҳамидулла Ҳасанов уларни бориб ўрганганидан бохабармиз. У кишининг илмий асарларида қайд қилишларича: "Оромгоҳ боғи Агра марказидан 2,5 километр нарида, Жамна дарёсининг чап қирғоғида жойлашган. Ҳозирда бу боғ Ромбоғ деб аталади". Сикрида Боғи фатҳ, Дилпурда Нилуфар боғи, Гувалиёр боғи ва Боғи Назаргоҳлар ҳам Бобур ташаббуси ва раҳнамолигида яратилган. Бу хушманзара гўшалардаги сайру саёҳатлар одамларнинг кўнглига ўзгача айшу фароғат бағишлаган. Чунки гўзаллиги, ҳушҳаволиги, қолаверса, ранго-ранг гулларию, турли-туман мевалари билан ҳам кирганларнинг кўнглига мунавварлик бағишлаган.

Эътибор ЖАЛОЛОВА,

тарих фани ўқитувчиси