ЎЗБЕКИСТОНДА ҚОЗОҚ ХАЛҚИНИНГ УЛУҒ НАМОЯНДАСИ АБАЙ ҚЎНОНБОЕВ ИЖОДИЙ МЕРОСИ ҲАФТАЛИГИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 ноябрдаги 272-сон йиғилиши баёни асосида 5 – 10 декабрь кунлари Абай Қўнонбоевнинг адабий меросини ўрганишга бағишланган ҳафталик тадбирлари ташкилланди. Қуйида биз ана шу ижодий кечаларда шоир ва публицист Содиқ Сайҳун томонидан ёзувчи Исоқжон Нишоновнинг "Миллат виждони" романи ҳақида ўқиган маърузасини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Ўйлаймизки, бу ўзбек ва қозоқ хал­қи дўстлигининг бадиий ижод соҳасида ҳозир ҳам барқарору бардавомлиги борасида сиз газетхонларда бой таассурот қолдиради.

 

ҚОЗОҚ ХАЛҚИГА МАЁҚ ТУТГАН ЧАРОҒБОН

Ўзбекистонимиз пойтахти Тошкент шаҳрининг қоқ марказидаги катта кўчалардан бири Абай номи билан аталади. Янада эътиборли ҳолат шундаки, у Навоий кўчасига туташ. Гўёки ҳар икки халқнинг улуғ фарзандлари устозу шогирд сингари қўл беришиб тургандек тасаввур уйғотади менда. Ахир XIX асрнинг ўрталарида таваллуд топиб, умрини қозоқ хал­қининг камолоти қайғусида ўтказган шоир Абай Шарқ мумтоз адабиёти алломалари – Фирдавсий, Низомий, Саъдий Шерозий, Алишер Навоий ва Фузулийларнинг асарларидан болалигиданоқ баҳраманд бўлиб, барчаларини ўзига устоз санаган. Уларга ўхшаб чинакам сўз санъаткори даражасига етишишга интилган. Ва ниҳоят қозоқ ёзма адабиётининг асосчиси, қозоқ халқининг буюк маърифатпарвар шоири, халқлар дўстлигининг оташин куйчисига айланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоевнинг ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида"ги қарорида таъкидланганидай "Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ хал­қи, айни пайтда бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётган бугунги кунда Абай Қўнонбоев сингари улуғ алломаларнинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно ва аҳамият касб этади".

Шу боисдан 2018 йилнинг баҳоридан бошлаб Абай ижодининг Ўзбекистондаги тарғиботига алоҳида эътибор билан жиддий ёндошилмоқда. Мазкур қарор дирасида қатор тадбирлар ҳам ўтказилди. Айниқса, шоирнинг таваллуд санаси – 10 августда адабий анжуманлар авжига чиқди. Бу борда ёзувчи ва шоирларимизнинг фаоллиги янада ортди. Чунончи, ўзбек детектив жанри ривожига йилдан-йилга баракали ҳисса қўшиб келаётган наманганлик адиб Исоқжон Нишонов бир неча бор дўстона сафар билан Қозоғистонда бўлди. Ҳамкасблари ва Абай авлодлари билан учрашиб, буюк оқин яшаган жойларни, мангу қўнимгоҳини зиёрат қилди. Албатта, у қуруқ қайтмади. Янги ёзилажак асарларига маълумотлар йиғди. Қисқа фурсатда "Самода чақнаган юлдуз", "Муҳаббатнинг мангу қўшиғи" номли қиссаларини битди. Айни пайтда оқин ҳақидаги янги "Миллат виждони" романини яратди.

Тўғри, Қозоғистонда Абай ҳақида прозада роман-эпопеядан тортиб, поэзияда шеър­лару поэмаларгача, ҳатто драматургия­да саҳна асарларигача яратилган. Ўзбекис­тонда ҳам Уйғун, Миртемир, Асқад Мухтор, Носир Фозилов сингари ёзувчи, шоирларимизнинг Абай ижодидан таржималари, унинг ўзига бағишланган назму наср дурдоналари битилган. Ўзбекнинг улуғ шоири Миртемир Абай ҳайкали қаршисида туриб:

 

Ана у доим уйғоқ манглайида ёруғлик,

Бургут кўзлари қарар парвоз кўзлаб осмонга.

Шоирона сиймою, доҳиёна улуғлик,

Кўз узмай рози боқар чексиз Қозоғистонга,

– деб мамнунона сатрлар тизганида нақадар ҳақ эди. Инчунин, истиқлол йилларида Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг юксак эътибори-ю, миллат улуғига беқиёс эҳтироми туфайли Абай бор бўй-басти билан оламга бўйлади. Президент томонидан айтилган "Абайнинг сўзи – қозоқнинг тумори" деган ибора ижодкор инсоннинг халқига бағишланган сўзларию амаллари ўзига юқори мавқе-мартаба бўлиб қайтишининг ҳаётий ифодаси эмасми?! Исоқжон Нишоновнинг қиссалари ва романи мана шу боқий ҳақиқатни кўз ўнгимизда гоҳ маҳзун, гоҳ қувноқ, гоҳ ўкинчли, гоҳ фахрли йўсинда намоёнлаган. Ўтган икки асрнинг орзу-армонли авлоди билан бугунги истиқлолдан бахту иқболли авлоднинг турмушини таққослайди. Абайнинг адолати ва халқининг садоқатига самимий олқишлар ёғдирган. Халқини эзиш эвазига ўзининг омонат бахтини қурмоққа ўрганган риёкорларнинг жирканч афт-башарасини фош этган. Тавқи лаънат бот­қоғига ботганларнинг, юртбосарларга ўз юртини сотганларнинг юртдошларига ҳиёнаткорлигини кескин қоралаган. Бугунги истиқлол ёшларига эзгулик ва ёвузликни фарқлаш сабоғига арзирли мисолларни лавҳа ва ҳикояларига беҳад таъсирчан тарзда муҳрлай олган.

Қиссалару романи саёҳат йўсинидаги йўлнома тарзида қоғозга туширилганига қарамай, муаллиф Абай абадиятининг чуқур илдизларини очиб беришга интилади. Қозоқнинг улуғ адиби Мухтор Авезов, таниқли ёзувчи Талгат Кенесбоев, академик Солиқ Зимонов, филология фанлари доктори Феруза Агаеваларнинг ёзганларидан ғоят ўринли фойдаланган. Абайнинг жиянлари Эрнур ва Давлет билан мулоқотлари чоғида ўзининг яратилажак асарига зарур чизгиларни илғаб олган, кейин эса асосий "кўмак"ни Абайнинг ўзидан, яъни алёрлари ва насиҳатларидан излаган.

Мен ёзувчи асарларини зўр ҳаяжон билан мутолаа қилиб чиқдим Абайнинг беҳаловат ҳаёти, жўшқин ва курашчан ижоди тасвирида ва талқинида дўст қозоқ халқининг буюк даҳосига кўнглимда ўзгача эҳтиром уйғонди. Абайни ўз бобомдек суюб ва қисматидан куюб, биз туркий халқларнинг ўтмишдошигина эмас, кечмишдошлигимиз ҳам худди икки томчи сувдек ўхшашлигига яна бир карра иқрорландим.Ўзимни Исоқжон Нишоновга ҳамроҳлик ва ҳамфикрлик қилгандай сездим. Бу эса, романнинг беҳад таъсирчан ва ҳаяжонбахш битилганидан, албатта.

Ҳозиргача қатор-қатор романлар, қиссалар ва ҳикояларнинг муаллифи сифатида наинки Ўзбекистонга, балки хорижий юртлардаги мухлисларгача танилган сермаҳсул адиб Исоқжон Нишонов ўзининг ижод оламига Абай тимсолида дўсту қадрдон қозоқ халқи ҳаётини моҳирона ифодалаб, ғоят долзарб мавзуга янгича кўриниш, янгича жило бағишлаётган экан, буни фақат ва фақат олқишлашимиз жоиз. Энг муҳими, у икки халқ орасидаги маънавий-маърифий алоқаларнинг янги босқичида ўзбек қаламкашлари орасида биринчилардан бўлиб, дадил қадамни ташлади, дейишга тўла ҳақлимиз. Ўйлаймизки, бу битиклар Абай абадиятига хизмат қиладиган янада жозибали янги асарлардан бири сифатида китобхонларнинг жовонидан муносиб ўрин эгаллайди.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

аъзоси, Турон фанлар академияси академиги.