Юрганмисиз бирга ой билан

Оқшом пайти кўм-кўк ўрмонда?

Тун. Қоронғу осмонда юлдузлар чарақлаган. Бир чеккада янги келинчакдек ой ҳам уялиб турибди. Қалин дарахтзор оралаб юрсанг, сенга эргашади, тўхтасанг, дарахт шохлари панасидан сенга мўралаб боқади. Усмон Носир ушбу шеърида ёш, нав­қирон қалбининг сирини баён этиб, оташин юрагида ҳаётнинг сирини сезаётганлигини ўқувчига тун, ой мисолида етказмоқчи бўлади. Аслида, бу ҳолат ҳар бир кишида намоёнланади, ойнинг "ҳаракат"га келиши гўё унинг қалбини ром этиб, маст қилади. Шеърдан кўриниб турибдики, шоир бегона юртда. Бу ҳолат унинг "қамоқ"қа олингунга қадар бўлган даврини эслатади. Ўрмонда тунда сайр қилиб, кўнгли мастона ҳолатга келган вақт­ни тонгда тасвирлайди. "Сил ўпкам" деб у ўзининг соғлигини эмас, балки ўша давр­да унга нисбатан бошланган бўҳтонларни назарда тутган бўлиши мумкин.

Бу йил оташин шоир, драматург, таржимон Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини нишонлаяпмиз. Бу ҳақда Давлат раҳбарининг қарори эълон қилинган. Унда шоир таваллуд санасини кенг нишонлаш билан бир қаторда, ҳаёти ва фаолиятини, қатағон даврида кечган йилларини чуқур илмий ўрганиш, ҳозирга қадар номаълум бўлиб келаётган қўлёзма асарларининг тақдири ҳақида маълумотлар тайёрлаш масалалари алоҳида аҳамият касб этади. Қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири – шоирнинг ҳали бизга номаълум бўлган қўлёзмаларини аниқлаш, излаб топиш ва янги маълумотлар тайёрлашдир. Айни маҳалда унинг қатағон йилларидаги ҳаёти, биз билмаган кечинмаларини ўрганиш, Россия архивларидаги маълумотларни топиш билан боғлиқ чоралар кўрилмоқда.

Шоир ҳақида сўз борганда, унинг 1932 йил "Қуёш билан суҳбат" номли илк шеърий тўплами нашр этилганлиги унинг шоир бўлиб етишишдан аввал адабиётга, шеъриятга ёшлигидан қизиқиш уйғонланганини англатади. Шу шеърий китобидан сўнг, бирданига иккита – "Сафарбар сатрлар" ва "Тракторобод" номли китоби кўп нусхада чоп этилиши ўша давр сиёсатчилари ва ҳукуматининг шоирга нисбатан илиқ муносабатда бўлганлигидан далолат беради.

Усмон Носир маданияти учун янги соҳа бўлган театр, драматургияга қизиқиши кучли эди. Жамоатчиликни лол қолдирган саҳна асарларини яратганда у бор-йўғи ўн саккизга кираётди. Аслида саҳна асарларини илгарироқ, рус-тузем мактаблари, марказдаги завод ишчилари театри, чор рус ҳукумати қурдирган кўчма театрларга кириб, болалик йилларида интернатда ўқиб юриб саҳналаштирилган тамошаларни кўриб драматургияга илк қизиқиши ортган.

Мовий осмонга боқиб, баҳор палласи шафтоли гулига қўнган асалариларни томоша қилган, қир-адирлар теппасига чиқиб олиб, варрак учирган, болалигида бутун борлиқ оқ кабутарлардек айбсиз, мусаффо осмондек чексиз кўрингандир. Нима бўлганда ҳам унинг ҳаёти жўшқин жабҳада ўтганлигини ижодидан, ҳаёт йўлидан билиш мумкин. 1935 йилга келиб "Юрак", 1936 йил эса "Меҳрим" китобларини чоп эттирди. Ижод ҳаяжонидами, ҳаёт шашқолоқликлариданми Самарқанддаги ўқишини тугатмади. Москвага кинематография институтига ўқишга боради. Кўп дўстлар орттиради. У ҳар қандай инсон қалбига лирик сўзлари билан йўл топа олган.

Шоир ижодининг ўн йиллиги ҳам намунали нишонланган. Қарангки, демак шоир ижодидан эл мамнун бўлган, энг муҳими одамлар рози бўлишган. Адабиёт аҳли уни кўкларга кўтариб Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилишган. Афсуски, бу кўпга чўзилмаган. Иғво, фисқу-фасод, ижодни кўролмаслик, ҳали гўдакдек ёш шоирнинг ижодини синдириш каби қабиҳ ниятли "дўстлар" ўша даврнинг сиёсий қуролига айланган эди. Айнан шу "қурол" билан ёш шоирнинг ижодига завол етди. Олдинда уни "ГУЛАГ" (қамоқ лагерларининг бош бошқармаси) таркибига кирувчи бир нечта лагерлар кутарди.

Усмон Носир йигирма ёшида Москва газеталарини забт этган эди. Рус тилини яхши ўзлаштиргани учун бир неча буюк шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилишга имкон топади. Шу туфайли ўзбек ўқувчиси Пушкин, Лермонтовни англайди. Москва газеталарида уни Пушкин ва Лермонтовга қиёслашади. Бир нечта достонлари нашр қилинади. У достонларида ўзбек достончилигига янги йўналиш олиб киради.

Усмон Носир ўз ижодида ўзининг қисматини олдиндан билгандек, уни нималар кутишини ўзи билмаган ҳолда башорат қилгандек шеърларида ўз юрагига, қалбига дод солади. Метиндек иродаси билан у ижодида ўтмиш, ҳозир ва келажагини кўради. У ўз юрагига мурожаат қилиб, "Сенга тор келди бу кўкрак" дея жар солади. "Боғим" номли шеъри "Минг йиллардан кейин ҳам, Унутмас мени боғим. Шеърларим янграб қолур... Бир умрга ўлмайман" дея башорат қилгандек гўё.

1937 йил. Қатоғон даври. Зўрлик эвазига ҳурликни парда қилиб, ҳўрлик ўрнатган большевиклар ҳукуматининг янги найранглари – "халқ душмани" тамғаси эди. Гўёки, совет тузумига қарши чиқаётган оддий деҳ­қонми, ишчи, ўқитувчи, шоир-ёзувчими большевиклар сиёсатига қарши қарашлари учун узоқ ва совуқ ўлкаларга бадарға қилина бошланди.

Усмон Носир ҳам "халқ душмани" рўйхатига қўшилиб, 1937 йилда ҳибсга олинади. Бу уюштирилган ҳаракатларни у аввалига тушунмайди. Зудлик билан йиғилган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси кенгаши уни уюшма аъзолигидан чиқаради. Ўшанда унинг қиш бўйи ортидан кимлардир пойлагани, бир неча бор "катта оғалар" огоҳлантиргани ёдига тушади. Ўзининг шоирона хаёлпарастлиги, оддий йигитлиги туфайли уйида, дўсту-биродарлариникида бир қанча қўлёзмалари қолади. Майли, кейин оларман, Россияга бориб қайтайин, бир гап бўлар қабилида яшади. У ҳибсга олинганида нималарни ўйлади, бизга бугун қорон­ғу, кимлар бўлган, ким уни ушлаган билмаймиз. Тошкентга олиб келинишини билганидан сўнггина, у нима бўлаётганлигини англайди. Шу зайлда у ўз синглисига хат битади.

"Синглим Роҳатхон! Уйғунникига бориб, нарсаларимни ол, Мадамин Давроннинг уйида пальтом бор, Иброҳим Назирникида этигим ҳам, шуларни олиб келиб, менга киргизиб юбор, кетадиганга ўхшайман." Усмон Носир, 1937 йил. Тошкент қамоқхонаси.

1937 йил ёзи, жазирама иссиқ. Қамоқхонадаги кечган умри ҳақида биз билмаймиз. Бир ойдан сўнг тунда қамоқхонадан тўрт аскар (конвой) қўлларига кишан солинган шоирни вокзалга олиб боришди. Тошкент вокзалидан юрган поезд Қозоғистон оралаб Сибирга кетди. 28 кунда Усмон Носирни Златоуст қамоқхонасига олиб келишди. Қаранг-ки, 25 ёшли йигит, шоир "халқ душмани" сифатида айбланади. Нега?

Сибирь қамоқхоналарида кечган азобли ҳаёти ҳақида балки у бирон белгилар, чизгилар, қўлёзмалар қолдиргандир. Бирон асарлари ҳам бордир. Аммо у бизга ҳозирча қоронғу. Шуниси аёнки, Усмон Носир қамоқхонада ўтирган йиллари ҳам ижод қилган. Буни ўша давр доҳийси Сталинга йўллаган мактубида баён этган. Хатда у ҳали ёш, кучга тўла эканлиги, ватанига ўз ижоди билан хизмат қилишга тайёрлиги, ўша ерда ҳам ижод қилиб, поэма яратаётганлигини баён этади. Хатни Сталин Ўзбекистонга қайта кўриб чиқиш учун юборади. Қайта кўриб чиқиш иши 1944 йилда куз ойларида амалга оширилади. Усмон Носир эса ўша йили март ойида жавобини кута-кута бу ёруғ дунёни тарк этган эди...

Шуҳрат Мир Райим,

"Ўзархив" агентлиги директори маслаҳатчиси.