Ёзувчи - ҳаёт солномачиси. Ёзувчи - тарихга сўзда жон киритувчи сеҳргар. Ёзувчи - кўнгил таржимони.Унинг машаққатли меҳнати билан халқимиз турмуши, юртнинг тараққиёти тарих саҳифаларига мангуга муҳрланиб қолади. Китоб­лари орқали авлоддан авлодга маънавий мерос бўлиб ўтиб бораверади. Эндиликда фақат Ўзбекис­тонимизгагина эмас, Россия, Германия ва Қозоғистон каби мамлакатларга ҳам танилиб улгурган Исҳоқжон Нишоновнинг янги - "Довон" романининг нишона нусхаси бугун қўлимизда. Шуниси диққатга сазоворки, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлаб ўтказилган анъанавий "Энг улуғ, энг азиз!" кўрик-танловининг вилоят босқичида мазкур китоб "Энг яхши бадиий асар" номинацияси ғолиби, дея эътироф этилди. Бу, албатта, вилоят ҳокимлиги ва Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан беэътибор қолмади. Бир ойки, жойларда "Довон"нинг тақдимоти ташкилланмоқда.

Аввало, шундай анжуман адиб яшайдиган Тўрақўрғон туманидан бошланди. Шаҳардаги маданият саройида нафақат ҳамқишлоқлари, айни вақтда Тошкент, Андижон вилоятларидан ҳамда вилоятимизнинг Наманган шаҳри, Чортоқ, Янгиқўрғон, Чуст, Косонсой, Мингбулоқ туманларидан ташриф буюрган мухлис меҳмонлар жамулжам бўлишди. "Китоб - маънавият сарчашмаси" дея номланган тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Оппоқов кириш сўзи билан очди. Шоир ва публицист Содиқ Сайҳун эса Исҳоқжон Нишоновнинг ушбу китобидан олган таассуротлари ва романнинг мазмун мундарижасию, бадиий жиҳатлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Сўнгра ёзувчининг сафдошлари, асар қаҳрамонлари учун протатип - асос қилиб олинган инсонлар сўзга чиқишди. Таниқли журналист, шоир ва таржимон Рустамжон Умматов, адиб Боқий Мирзо, "Қамчиқйўл" корхонаси муҳандиси Одилжон Неъматов, Наманган давлат университети немис тили кафедраси мудири, филология фанлари доктори, таржимон Зоҳиджон Содиқов, андижонлик шоир Икромжон Аслий ва бошқалар ана шулар жумласидандир.

Косонсойдан ташриф буюрган санъаткор - Абдунаби Мамажонов ўзининг дилрабо қўшиқлари билан даврага янада файз киритди.

Янги роман замонамиз қаҳрамонлари сиймолари Қамчиқ довонининг яқин ўтмиши ва истиқлол йилларидаги манзараси, йўлсозларнинг мардлигу матонати ёрқин лавҳаларда акс этгани билан ғоят қадрлидир. Уни ўқиган ҳар бир китобхон халқимизнинг шонли тарихи тўғрисида унутилмас таассуротлар туюши табиий. Чунки, асар бошидан охиригача қизиқарли воқеалардан, қимматли маълумотлардан, ибратона афсонаю ривоятлардан, элу юрт хизматига бутун умрини бағишлаган фидойи инсонларнинг мислсиз жасоратидан тартибланган. Энг муҳими, истиқлол йиллари ислоҳотларининг оламшумул шарофатидан баҳраманд халқимизнинг бугунги баланд кайфиятини, шукроналарга лиммолим кўнгил кечмишларини ифодаловчи ўқишли ва уқишли яна бир роман билан адабиётимиз бойиди, де­йишга тўла ҳақлимиз.