Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси катта мажлислар залида тизимда маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унга вилоят даволаш-профилактика муассасаларида фаолият олиб бораётган маънавият тарғиботчилари таклиф этилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдулла   Ғозиев кун тартибига киритилган мавзулар юзасидан маъруза қилди. Дастлаб энг улуғ, энг азиз айём – Ўзбекис­тон Республикаси давлат мус­тақиллигининг ўттиз бир йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ва уни  юқори савияда ўтказиш юзасидан фикрлашиб олинди.

Таъкидландики,  истиқлол халқимизнинг асрий орзулари ушалган буюк тарихий воқеадир. Байрам "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий  тадбирларни қамраб олади. Шу боис ҳам мазкур йўналишдаги тарғибот-ташвиқот ишларини уюшқоқлик билан амалга ошириш даркор.

Йиғилишда вилоят Маънавият ва маърифат Кенгашининг шу йил 4 августдаги йиғилишида белгилаб берилган долзарб вазифаларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари, вилоят даволаш-профилактика муассасаларида "Маънавият ва маърифат хона"ларини ташкил этиш, уларни белгиланган тартибда жиҳозлаш, "Маънавият соатлари"ни мунтазам ўтказиб борилишини таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди.

Вилоят пульмонология ва фтизиатрия маркази, Тўра­қўр­ғон тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамда вилоят болалар стоматология поликлиникаси маънавият тарғиботчилари Муяссар Бойматова, Абдусаттор Тўйчибоев, Баҳодир Турдиев ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Илғор маънавиятчилар иш тажрибасини оммалаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Йиғилиш ниҳоясида қатнашчилар реконструкциядан чиқарилган бошқарма биносидаги тасвирий тарғибот воситаларининг жойлаштирилиши билан таништирилди. "Наманган тиббиёти тарихи" музейига ташриф барчада катта қизиқиш уйғотди.