Янги давр тақозоси Конституциямизда тўғри ва тўла акс этиши ғоят муҳимдир

Ҳаёт - муттасил ўзгариб бораверади. Ривожланиш барча соҳаларни қамраб олгани сайин янгидан-янги талаб ва эҳтиёжлар пайдо бўлаверади. Шунга мутаносиб равишда ҳатто Конс­титуциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати табиий равишда туғилаверади. Энг муҳими, Бош Қонунимиз ҳаёт жараёнини тартибга солиб турувчи ҳуқуқ ва бурчларимизни мукаммал ифодалаши шарт. Шунинг учун 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳозиргача бир неча бор ўзгартишу қўшимчалар киритиш билан унинг ҳаётийлиги таъминлаб келинмоқда. Бироқ ҳали ҳам бу борада қилинадиган муҳим ислоҳотлар кун тартибидан тушганича йўқ. Аксинча, тобора долзарблик касб этаётган паллада яшаяпмиз. Чунки, Янги Ўзбекистонни ҳуқуқий янгиланишларсиз қуриб бўлмайди.

2022 йил 24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси "Ўзбекистон Республикасининг Конститу­ция­сига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйиш ҳақида" қарор қабул қилди. Лойиҳа матбуотда ва интернет сайтларида ёритилди.

Эътиборли томони, халқимиз ҳаётининг бугуни ва эртасининг ҳуқуқий асослари ифодаси бўлмиш мазкур лойиҳа билан қизиқиб танишмоқда. Муҳокамадан ўтказиб, қимматли таклиф ва мулоҳазаларини айтяпти, ёзиб жўнатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси эълон қилган маълумотномада кўрсатилганидек:

"Конституциявий қонун лойиҳаси Бош Қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритишни назарда тутади. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда.

Уларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра, "инсон-жамият-давлат", "Янги Ўзбекистон - ижтимоий давлат" деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқ­парвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, ўзгартишлар сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, фуқаролик жамияти институтларининг мақомини ва экологик муҳофаза каби масалаларни конс­титуциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш билан боғлиқ"дир.

Умумхалқ муҳокамасида фуқароларнинг иштироки ихтиёрий қилиб белгиланган. Бу кампанияда барча тенг ҳуқуққа эгадир.

Яна эътиборга сазовор жиҳати, умумхалқ муҳокамасининг ошкора тусда ўтаётгани, албатта. Ҳамма ўз фикрини эркин билдириш учун кенг имкониятлар яратиб қўйилмоқда. Давлат органларининг мажлислари, фуқаролар йиғинларида, корхона, муассаса, ташкилотлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоа йи­ғи­лишларида, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали муҳокама қилинмоқда. Таклиф ва мулоҳазалар якка тартибда ёки жамоа тарзида ёзма ва оғзаки йўсинда билдирилмоқда.

Албатта, ҳеч бир таклиф ҳамда мулоҳаза эътибордан четда қолмайди. Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари Ўзбе­кис­тон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

Тиббиётчилар ҳам бу тадбирда фаол қатнашишмоқда. Газетамизнинг иккинчи саҳифасидан уларнинг муносабати, таклиф ҳамда мулоҳазалари ифодаланган мақолалар ўрин олган.