Жонажон Ватанимиз тараққиёт йўлидан дадил бормоқда. Буни мамлакатимиздаги турли миллат вакиларининг аҳил ва иноқ бўлиб, ягона мақсад сари ҳамжиҳатликда қилаётган саъй-ҳаракатлари самараси, десак айни ҳақиқатдир. Қайси соҳага қараманг, ривожланишни кўрасиз. Жумладан, соғлиқни сақлашда ҳам.

"Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун!" эзгу ғоянинг амалиётга татбиқ этилиши баробарида халқимиз дардига дармон бўлиш учун амалга оширилаётган эзгу ишларнинг кўлами кун сайин кенгаймоқда. Бу эса ҳар бир юртдошимиз дилида мамнунлик уйғотмоқда. Бинобарин, барча ҳудудларда бўлгани каби, Қорақалпоғистонда ҳам инсон манфаатларини таъминлаш йўлида, одамларга муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида қатор-қатор дастурлар рўёбга чиқарилмоқда.

Афсуски, шу ойнинг илк кунлари Қорақалпоғистонда рўй берган нохуш воқеалар барчани жиддий ташвишга солгани рост. Чунки, бундай талатўплар тараққиётимизга тўсиқ бўлишдан, азалдан дўсту қадрдон, қардош ва қондош бўлиб яшаб келаётган икки халқнинг бирлигига, жипслигига раҳна солишдан бошқа иш эмас. Янги Ўзбекистоннинг келажаги, Қорақалпоқ элининг эртанги куни янада порлоқ бўлишини кўра олмайдиган айрим калтабинларнинг ўйламай-нетмай қилган бебошликлари оқибатида республикада беқарорлик юзага келди.

Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли оммавий тартибсизликларга тезда барҳам берилди, оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган таҳдидларнинг олди олинди. Бугун Қорақалпоғистонда ҳаёт яна изига тушаётганлигидан кўнглимиз равшан торт­ди. Салбий ҳолатларнинг барчаси ортда қолган бўлсин.

Биз - қорақалпоғистонлик дўсту қадрдонларимиз билан доимо биргамиз. Уларга ҳар томонлама кўмак беришга, жумладан, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш учун ҳамкорликни янада кучайтиришга бел боғлаганмиз. Мақсадимиз - халқ фаровонлигини юксалтириш борасидаги хайрли ишларимиз бароридан келиб, юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлашда муваффақиятларга эришиш. Ниятимиз - юртимиздан тинчлик ва тотувлик, ҳамфикрлилик ва ҳамжиҳатлик асло аримасин! Куч -ғайратимизни, билим ва тажрибамизни юрт тараққиётини юксалтиришга сарфлашдан ҳеч қачон чарчамайлик.

Ёвуз ниятли кучлар сира мақсадига ета олмасин!

Абдулҳоди ИМИНОВ,

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.