Абдулҳоди ИМИНОВ,

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

Инсон манфаатларини таъминлаш устувор бўлган мамлакатимизда мустақиллик йилларида халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, юртдошларимиз яшаш тарзини юксалтириш борасида хайрли ишлар кўлами тобора ортмоқда. Хусусан, кейинги беш йилликдаги астойдил саъй-ҳаракатлар натижасида барча соҳаларда улкан ўзгаришлар юзага келганлигига аминмиз.

Бинобарин, соғлиқни сақлаш тизими ҳеч бир даврда бу қадар ривожланган эмас. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги эзгу ишларнинг самараси ўлароқ тиббий хизмат сифат кўрсаткичлари тубдан яхшиланиб бормоқда. Ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътиборлари, ташаббус ва кўрсатмалари билан соҳа муттасил равнақ топмоқда. Тиббиётдаги изчил ислоҳотларнинг беқиёс самараларини вилоятимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида белгилаб берилган улуғвор вазифаларни амалга оширишга дадил киришилганли боис фаолиятда туб бурилиш ясалмоқда. Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш фаолият мезонига айланди. Бу ўринда аҳолининг мақсадли скринингдан ўтказишга алоҳида урғу берилаётганлигини таъкидлаш жоиз. Йил бошидан 40 ёшдан ўтган фуқаролар эндокринологик, кардиологик, онкологик йўналишлар бўйича скрининг текширувларга жалб этилмоқда.

Шуниси аҳамиятлики, бу жараён одамларнинг яшаш жойларида уйма-уй юрилиб ўтказилмоқда. Вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг тажрибали шифокору мутахассислари ва Тиббий бригадаларнинг ҳамкорликдаги фаолияти натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида 70 минг нафардан зиёд беморлардаги касалликлар эрта аниқланди ва уларни соғломлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

"Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун!" шиори остидаги эзгу амаллар баробарида мақсадли скрининглар чоғида рўйхатга олинган беморларни юқори технологик жарроҳлик амалиётлари воситасида дарддан халос этиш чоралари кўрилмоқда. Илгари хирургия, травматология, онкология, гинекология, урология, кардиология, кўз микрохирургияси, нейрожарроҳлик ва бош­қа йўналишлардаги касалликлар фақат пойтахтдаги клиникаларда даволаниб келинган. Эндиликда бу каби мураккаб амалиётлар нафақат вилоят марказида, балки туманлар тиббиёт бирлашмалари шароитида ҳам муваффақиятли бажарилмоқда. Жумладан, олти ойда 4 мингга яқин операция вилоят шифохоналарида, 253 та юқори технологик жарроҳлиқ амалиёти эса туманларда ўтказилди. Бунинг аҳамиятини тасаввур этиш учун авваллари республика тиббиёт муассасаларида сарфланган маблағдан ташқари бемор ва унинг яқинлари Тошкентда қанчалар оворагарчиликларни бошдан ўтказганларини эслашнинг ўзи кифоя.

Жорий йилда тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш борасида олиб борилган ишлар ҳам юртдошларимизга катта қулайликлар яратганлиги бор ҳақиқат. Вилоятнинг энг олис ҳудудларида 14 та оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиникалар очилди. Шу билан бирга чекка манзилларда яшовчи фуқароларнинг узоғини яқин қилиш мақсадида контейнер шаклидаги маҳалла тиббиёт масканлари барпо этилди. Қисқа фурсатда 126 жойда шундай тиббиёт давогоҳлари фаолият кўрсата бошлади. Бунинг натижасида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш миқёси ва даражаси кескин ошди. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, беморлар 120 турдаги бепул дори дармонлар билан таъминланмоқда. Бунинг учун 11,5 миллард сўм бюджет маблағи йўналтирилди.

Вилоятнинг энг олис қишлоқларида яшовчилар саломатлиги ҳам доимий назоратда. Поп туманидаги Маданият, Чоркесар, Имом ота, Чуст туманидаги Ғова, Қорақўрғон, Янгиобод, Тоймас, Чортоқ туманидаги Ҳазратишоҳ, Боғистон, Созсой, Янгиқўрғон туманидаги Мамай, Нанай, Заркент ва Кўкёр қишлоқларида маҳаллабай тизимида ташкилланган чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда ўнлаб беморларни соғломлаштириш чоралари кўрилди.

Оналик ва болалик муҳофазаси бўйича амалга ошираётган ишларимизнинг доираси кенгайиб бораётир. Вилоятдаги барча кўп тармоқли поликлиникаларда болалар бўлимлари очилди. Кўкрак бези саратонининг олдини олиш мақсадида скрининг текширувлари давом эттирилмоқда. Янгиқўрғон, Чуст ва Уйчи туманлари тиббиёт бирлашмалари туғруқ комплекслари негизида туманлараро перинатал марказлари ташкил этилди. Уларнинг моддий-техник имкониятларини ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Мингбулоқ ва Поп туманларида молекуляр-генетик лабораториялари очилди.

Ихтисослашган тиббий ёрдам ҳам тобора такомиллашиб бормоқда. Биргина кардиология йўналишини олиб қарайдиган бўлсак, ўсиш суратлари жадал кетаётганлигини кўрамиз. Қисқа фурсатда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалининг ўзида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари тури 18 тадан 30 тага етказилди. Травматология, онкология, урология, нейрожарроҳлик ва кўз микрохирургияси соҳаларида ҳам ижобий натижалар қайд этилмоқда.

Тиббиётни рақамлаштириш ишлари ҳам илдамлаб қолди. Мавжуд 173 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари "Электрон поликлиника" тизимида ишлашга ўтказилмоқда. Бошқарма марказий аппаратида "Электрон ҳужжат алмашиш" тизими жорий этилди.

Соғлиқни сақлаш тизими моддий-техника базасини ривожлантириш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда. Инвестиция дастури доирасида 10 та объектда қиймати 45 миллиард сўмлик лойиҳалар асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" Давлат дастурлари бўйича яна 10 та тиббиёт муассасаси биносини таъмирлаш кўзда тутилган.

Хуллас, тизимнинг барча йўналишларида халқимизни тиббий хизматдан розилигига эришиш учун фаол изланилмоқда. Соҳа фаолиятидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар юртдошларимизнигина мамнун этиб қолмаяпти, ҳатто қўшни давлатлардан келган беморлар ҳам ютуқларимизни эътироф этишяпти. Яқинда Тожикистон ва Қирғизистондан олиб келинган дарди ўта оғир беморларнинг ҳаёти сақлаб қолинганида наманганлик шифокорлар маҳоратию фидойилигидан миннатдор бўлиб ёзилган раҳматномалар фикримиз далилидир. Келгусида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва малакасини янада яхшилаш учун астойдил интилаверамиз.