Мен ҳам "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси билан танишиб чиқдим.

Лойиҳанинг 40-моддасида: "Ҳар ким соғлиғининг муҳофаза қилиниши ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг қонунда белгиланган ҳамда тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ҳам ўз ичига оладиган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли. Давлат соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларини ривожлантириш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур чоралар кўради. Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўради" дейилган. Бу фикрга тўла қўшиламан ва уни қизғин қўллаб-қувватлайман.

Айни вақтда ўз таклифимни билдирмоқчиман. Маълумки, кейинги пайтда тиббиёт ходимларига нисбатан зўравонлик ҳолатлари, уларга тан жароҳати етказиш каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилмоқда. Шуларни ҳисобга олиб, тиббиёт ходимининг ишига тўс­қинлик қилган ёки тиббиёт ходимига тажовуз қилган фуқароларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳам лойиҳада кўрсатилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.

Аъзамжон БОТИРОВ,

ВССБ бош мутахассиси.