Қорақалпоқ ва ўзбек халқи тарихий, асрлар оша қадимдан бир-бирига жипс халқ. Азалий дўстона муносабатда ҳаёт кечирмоқда. Қувончли дамларда ва қайғули кунларда елкадош,  ёнма-ён яшаган. Айниқса истиқлол йилларидаги муваффақиятлар аҳил-иноқлигимиз шарофатидандир.

Барчамиз Қорақалпоқ заминига ва халқига кейинги йилларда кўрсатилган ёрдам кўламига ва бунинг натижасида Оролбўйи минтақасидаги жиддий ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга гувоҳ бўлиб келяпмиз.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг май ойида РИКИAТМ НФ ходимлари ҳам Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида бўлиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишди. Юқори технологик кардиохирургик амалиётларга мухтож юрак нуқсони бор беморлар Наманганга олиб келинди. Жумладан, қораўзаклик бемор Б.М. га сунъий қон айланиш ва кардиоплегия шароитида очиқ атриовентрикуляр канал нотўлиқ формасини коррекция қилиш амалиёти вилоят ҳокимлигининг тўлиқ ҳомийлигида муваффақиятли ўтказилди. Бемор соғайиб, миннатдор ҳолда уйига қайтди.

Мамлакатимиз тиббиёт ходимлари олдига қўйилган инсон саломатлигини сақлаш, ҳаёт давомийлиги ва сифатини оширишдек улкан вазифаларни фақатгина тинч осойишта ватанда, қонун устуворлигида, ҳамжиҳатлик ва инсон қадриятини юқори баҳолайдиган жамиятда бажариш мумкин. Афсуски, тинчлигимизга, дўстлигимизга раҳна солувчилар ҳам учраб қолмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасидаги кўнгилсиз воқеаларда баъзи ёшларнинг адашгани ва қонунга зид ҳаракатлар содир этгани, ташқи ғаразли кучлар таъсирига тушиб, ҳис-ҳаяжонга берилгани аниқланди. Биз бундан буён шундай нохуш ҳолатлар такрорланмаслигини истаймиз. "Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетади" деган нақлни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Солижон МЎМИНОВ,

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-

демократик партияси Наманган вилоят кенгаши раиси, Республика

ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази

Наманган филиали директори.