Қирғизистоннинг Олабуқа тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи Алишер Тўрабоевнинг ўғли – ўн беш ёшли Эрнест бундан олти ой муқаддам операция столига ётган, қорин соҳасидаги оғриқдан жарроҳларнинг астойдил ҳаракати туфайли қутилган эди. Афсуски, яна кутилмаганда танасига дард қайтди. Ичакларини кимдир бураётгандек сезди ўзини, ғужанак бўлиб олса ҳам аҳволи баттарлашса, баттарлашдики, асло енгиллашмади. Инграб азобланаётган ўғлининг ҳолати ота-онасини жуда ўйлатиб қўйди.

Энди не қиламиз? – боши қотган эр хотини оғзига қаради.

Мен Ўшдаги дўхтирларга ишонмай қолдим, – деди Феруза маъюс кўзларига мунг чўкиб.

Алишер хотини гапини дарров тушунди. Ўшанда даставвал "Ўғлингиз аппендицит бўлибди" деб айтган врачлар операциядан сўнг "Ҳе-е, ошқозонида яра боракан, ёрилибди, тешилган ерин беркитиб қўйдик" дейишганди. Икки хил гапдан отаниям, онаниям энсаси қотган эди-ю, боласи соғ қолганига шукурлар айтишиб, улардан раҳматларини айяшмаганди. Бугун эса Эрнестнинг танасини тағин оғриқ пармалаяпти. Дод-войи борган сари зўраяпти.

Кетдик! – деди отаси бир қарорга келиб.

Яна Ўшгами? – деди онаси.

Йўқ, Наманганга!

Ўзбекистонда бизларга қарашармикан?

Ҳеч бўлмаса боламизнинг аҳволига ачинишар, жим туришмас. Кечикмасдан йўлга отланайлик!

Улар енгил машинага ўтиришгач, Алишер рулни пастга бурди. Ўн беш дақиқадаёқ чегара постига етиб келишди. Косонсойга ўтиб олишгач, у тезликни тағин оширди. Бу орада боланинг рангу рўйи бўзариб, гоҳ-гоҳ ўхчирди.

Жоним болам, озгина сабр қил, касалхонага етиб олсак бас, у ердаги врачлар чорасини топишади. Ичингдаги оғри­ғинг­ни йўқотишади, – деб тиззасидаги Эрнестнинг бошини силаб борарди муштипар она.

Отасининг кўзи эса йўлда. Бошқарувидаги машинанинг газини қаттиқ босганича ҳушёрлигини ошириб, олдидаги машиналарни қулай пайтда қувиб ўтишга ҳаракат қилгани қилган эди. Шу чоғда орқа ўриндиқда кучли оғриқдан тинимсиз азобланаётган ўғлининг ҳаётини сақлаб қолишдан бошқа нарса кўзига кўринмасди.

Ниҳоят ярим соатда "Гўзал"даги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали ҳовлисига кириб боришди. Омадларини қа­ранг­ки, филиалдагилар "Нега бу ерга келдиларинг?" деган саволни бериш ўрнига қирғизистонликларини билишгач, оқ халатлилардан бири " Жуда яхши қипсизлар, худо хоҳласа, врачларимиз аҳволини ўнглаб юборишади" дея дарров таскин ҳам берди. "Чида-чида, полвон, сен ишончли қўллардасан" деди дастлабки тиббий кўрикни бошлаб юборган нав­батчи врач. Бу гап билан Эрнестнинг кўнглига умид уруғини сепди у. Эшитиб турган ота-онасининг кўнглига ҳам энди ёруғлик инди. Эру хотин бир-бирларига мамнун кайфиятда маъноли боқиб қўйишди.

Болалар хирурги Анваржон Абдураҳмонов Эрнест­нинг ҳолатига қараб, қорин соҳасини текшираркан, қатъий хулосага келиши учун рентген ва УЗИга туширишни тезлаштирди. Чунки, болада оғриқ кучли, зардоб қайт қилиш, ич келмаслик ҳолатлари намоён эди. Ниҳоят ташхисга аниқлик киритилди: ўткир битишмали ичак тутилиши. Демак, операцияга тайёрланиш зарур. Бундай аҳволда врачлар очмасдан, яъни лапаростомик усулда амалиёт ўтказиши ҳам мумкин эди-ю, лекин аввал кесиб операция бажарилгани учун ичаклар қоринга ёпишган бўлса, иложи йўқлигини ҳам эътибордан четда қолдирмасликни унутишмади.

Тунги соат 1 да бемор операция столига олинди. Анестезиолог Эгамберди Тўйбулов бола танасига керакли миқдорда оғриқсизлантирувчи дорини юборди. Олий тоифали жарроҳ Абдураҳмон Халилов қўлига скапелини тутди. Ёнида асистент Анваржон Абдураҳмонов билан ҳамшира Маъмура Абдувоҳидовалар ёрдамга шай туришибди. Ниҳоят бемор қорнига аввалги очилган жойидан жарроҳ тиғи юритилди. Янглишмаган экан – ичаклар қорин деворига ёпишиб, букилиб, бирикиб, ҳалқаланиб ётибди. Кечикилганда борми... Хирурглар танг аҳволни кўриб, бош чайқашди. Бу -"Кечикмабмиз, вақтида очибмиз, энди асосий амалиётни тезроқ уддалашимиз шарт" деган тўхтамни англатарди. Битишмаларни ажратиш, ичак тутилишига барҳам бериш, қорин бўшлиғини санациялаш ва дренажлаш осон кечмади. Улар бир ярим соат ҳаракат қилишди. 2:30ларда амалиёт сифатли якунланиб, бемор жонлантириш бўлимига ўтказилди.

У ерда эса олий тоифали реаниматолог Дилмурод Мамадалиев зарур муо­лажаларни олиб борди. 10 соатлардан сўнг Эрнест кўзини очди. Дунёга янгидан келгандек мийиғида табассум сезилди. Танасидаги оғриқ қаерга кетганини англаёлмай, ҳайрат билан оқ халатли халоскорларга боқиб турарди.

Болалар хирургияси бўлимининг олий тоифали врачи Хайрулло Хўжаев эса 8 кун даволади. Бола шу вақт ичида оёққа турди. Ўзбекистон шифокорларининг мўъжизакор қўллари фарзанди бошидаги кулфатини аритганидан отаси Алишер Тўрабоев, онаси Феруза Сулаймоновалар бир олам қувонч туйишди...

Филиалимиз директори Аброржон Алижонов хонасига чақирганида кутилмаган эҳтиромга сазовор бўлганимизни билдим, – дейди болалар хирургияси бўлими мудири, олий тоифали жарроҳ Авазбек Зуфархонов. – Эшикни очиб ичкарига кирганимда, беморимиз Эрнест Абдулазизовнинг ота-онаси ўтиришган экан. Директоримизга бўлимимиз жамоасининг тиббий хизматидан ғоят хурсанд эканликларини айтишаётганида ўзимни гўё бошим осмонга етгандай ҳис қилдим. Ҳатто, миннатдорчилик хатини чиройли рамкага солиб тақдим этиб кетишди. Меҳр-оқибат шу-да. Бир-биридан ёрдамини, ғамхўрлигини аямасликка нима етсин. Қолаверса, савоб ишнинг кейин ҳам ажри борлигиниям ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

Мен ҳам директор хонасидаги жавонга териб қў­йилган дил изҳорлари қаторига яна биттаси қўшилганини кўриб, наманганлик шифокорларимиздан беҳад фахрландим. Мана, Эрнестнинг оиласи номидан қолдирилган "ЫРААЗЫЧЫЛЫК КАТЫ" (Розинома): "Ҳурматли Алижонов Аброр Алижонович! Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали раҳбари бўлган Сизга, сиз орқали бизга керак пайтда зарур тиббий кўмагини аямаган ходимларингиз хизматларидан рози бўлганимизни билдирамиз.

Сизлар ўз вақтида қабул қилиб, очиқ чеҳра билан кутиб олиб, фарзандимиз ҳаётини сақлаб қолдингиз.

Ҳурмат билан Қирғизис­тон Республикаси фуқароси Алишер Тўрабоев.

10.06.2022 йил".

"Ён қўшни-жон қўшни" деганлари нафақат маҳалла доирасида, балки бутун мамлакатлар миқёсида ўз исботини топмоқда. Бу азалий дўстлик анъаналарига садоқатнинг ёрқин намунасидир. Ўзбекона меҳр-оқибатимизга ҳеч вақт кўз тегмасин! Истиқлол ислоҳотлари шарофатидан баҳрамандлик бахтидан ҳеч ким бенасиб қолмасин!

Содиқ САЙҲУН.