(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

2006 йил 2005 йилдаги ишларнинг давомини таъминлаш мақсадида "Ҳомийлар ва шифокорлар йили" дея номланди. Шу йили вилоятда 13 та тез тиббий ёрдам станциялари ва унинг 66 та шохобчаси фаолият кўрсатди. Уларга 100 та "Леон" мобил рациялар ўрнатилди.

Октябр ойида "Ихтисослаштирилган хирургиянинг танланган масалалари"га бағишланган республика илмий-амалий анжумани Наманганда ўтказилди.

Йил сўнггида Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тиббиёт ходимларига ҳақ тўлаш такомиллаштирилди.

2007 йил "Ижтимоий ҳимоя" йили деб эълон қилинди. Тиббий хизматни жаҳон андозалари даражасига кўтариш ҳаракати туфайли Наманганда илк бор сунъий қон айлантириш шароитида юракни тўхтатиб қўйиб, операция қилиш муваффақиятли бажарилди.

2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаларининг ташкилий тузилмаси ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" (18 март), "Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" (3 апрель) қарорлари қабул қилинди. Шу муҳим ҳужжатлар асосида тармоқ тараққиёти таъминлаб борилди.

Кейинги тўрт йил Наманган тиббиётининг шароит ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашда алоҳида босқичга айланди. Президентимизнинг "Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ вилоятдаги барча даволаш-профилактика муассасаларида тўлиқ инвентаризация ўтказилиб, 2009-2012 йиллар давомида олиб борилиши керак бўлган ишлар ҳажми аниқланди ва Иқтисодиёт вазирлигига тақдим қилинди. Шу асосда ажратилган катта маблағ эвазига кенг кўламли қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Тиббиётдаги ислоҳотлар йилма-йил кўзга кўринарли даражада натижалар берди. Чунончи, 2014 йили – "Соғлом бола йили" дастури доирасида кенг кўламли тиббий кўриклар уюштирилди. Айниқса, "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин! шиори остида шаҳар ва туманларда республикадан ташриф буюрган мутахассислар иштирокида ўтказилган тадбирлар аҳолини беҳад мамнун этди. "Энг намунали ҚВП" кўрик-танловида Уйчи туманидаги "Хизробод" қишлоқ врачлик пункти республикада фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида"ги қарори ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

2015 йил январидан республиканинг таниқли мутахассислари Наманганга келишиб, "Маҳорат дарслари"ни изчил ўтказиб туришни йўлга қўйишди. ВССБда "Бош врачлар мактаби" фаолият бошлади. Июль ойида "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида ҚВП ва ОПларга катта миқдорда тиббий жиҳозлар етказиб берилди.

2016 йил 1 мартдан 1 апрелга қадар "Патронаж ойлиги" эълон қилинди. Энди уйма-уй юриб, аҳоли соғлиғини муҳофазалашга астойдил киришилди.

Вилоятдаги 60 минг нафар ҳомиладор аёлларга уй варақаси тарқатилди. Октябрь ойи­да вилоят шаҳар ва туманларидаги тез тиббий ёрдамчиларга Япониянинг "NISSAN" реанимобили тарқатилди. Кейинроқ Жанубий Кореянинг 10 та "Хундай" реанимобиллари ҳам келтирилди. 2017 йил февралида Наманган шаҳрида "АNAMED" диагностика маркази очилди. Сал кейинроқ бу хусусий тиббий муассасага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди.

Шу йил августида Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиниканинг тақдимоти ўтказилди. Вилоятда биринчи бўлиб, электрон поликлиника фаолият бошлади.

2018 йил январида шифокорларнинг янги авлоди сафга қўшилди. Андижон давлат тиббиёт институтининг 7-босқичини якунлаган 75 нафар битирувчиси ВССБда тантанали кутиб олиниб, ишга жойлаштирилди.

Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги "Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доираси вилоятда 106 та янги ижтимоий дорихонлар очилди.

2019 йил январида Наманган давлат университети билан Россия Федерациясидаги Урал давлат тиббиёти университети ҳамкорлигида янги тиббиёт факультети ташкилланди. Даволаш иши, педиатрия, стоматология ва фармацевтика бўйича мутахассислар тайёрлаш вазифаси белгиланди.

2019 йил майида вилоят эндокринология шифохонасининг тўрт қаватли янги биноси фойдаланишга топширилди. Июлида наманганлик Дилафрўз Паттаева "Ҳамшира-2019" республика танловининг мутлоқ ғолибига айланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2017 йил бошидан буён шахсан Президентимизнинг ўзлари тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини тобора юқори даражага кўтариш билан астойдил шуғулланмоқдалар. Қатор-қатор Қарору Фармонлар ва уларнинг ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишлари бугун қувончли самараларини намоён қилмоқда.

Аввало, 2020 йилдаги "COVID-19" пандемияси шароитида врачу ўрта тиббиёт ходимлари чинакамига фидойилик кўрсатдилар. Халқимизнинг бошидаги бало-офат кам талофат билан аритилди. Минглаб оғир ҳолатдаги беморлар коронавирус тажовузидан, ўлим чангалидан қутқариб қолинди.

2021 йилда эса Наманганда пойтахтдаги 14 та Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг ҳудудий филиаллари фаолият бошлаб юборди. Эндиликда оғир хасталикка чалинганлар вилоятнинг ўзида тўла соғайиб кетишлари учун барча зарур шароитлар муҳайёдир. Мураккаб операциялар – буйрак ва жигарни кўчириб ўтказиш амалиётлари, яъни инсон аъзолари трансплантацияси пойтахтлик устоз олим-шифокорлар бош-қошлигида, маҳаллий мутахассис-шогирдлар иштирокида муваффақиятли бажариляпти.

2022 йилнинг режалари янада улуғвор. 50 нафар шифокорнинг Туркия ва бошқа давлатлардаги хорижий клиникаларга бориб, тажриба ва малака орттириши таъминланади. 8 та оилавий шифокорлик пункти фаолияти қайта тикланмоқда. 2 та янги оила поликлиникаси қурилиб, ишга туширилади.

Хусусий тиббиётни ривожлантиришга эътибор янада кучайтирилади. Йил давомида яна 28 та янги нодавлат тиббиёт муассасаси эшиклари халққа очиб қўйилади. Улардаги хизмат турлари купайтирилади, тиббий туризмни ривожлантириш, давлат хусусий шериклик, аутсорсинг асосидаги фаолиятни кенгайтириш, соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш каби долзарб масалалар домий диққат марказида туради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидай: "Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, фақатгина соғлом халқ, баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади". Бу борада эса соғлиқни сақлаш ходимларининг билимдонлиги, юқори малакаси ва фидойилиги ғоят муҳим ва ҳал қилувчи омил бўлиб қолаверади.

Содиқ САЙҲУН.