(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

Истиқлолли юртимиздаги ислоҳотлар инсон манфаатлари ва унинг соғлом ҳаётини таъминлаш мақсадига йўналтирилгани йилдан-йилга ўзининг қувончли самараларини бера бошлади. Айниқса, кўп миллионли халқимиз саломатлигини сақлаш учун бор билим, бор куч ва бор имкониятларни тўла сарф­лаш шароитларини тобора тўкислаш ҳаракатига астойдил киришилди. Аниқроқ айтилса, Ўзбе­кис­тон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дас­тури тўғрисида"ги ПФ-2107-сонли Фармони билан "Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг 1999-2005 йилларга мўлжалланган Давлат дастури" қабул қилинди. Бу борада катта ўзгаришларни рўёбга чиқариш чора-тадбирлари кўрилди. Шифокорлар хизмати янада қадрланадиган бўлди.

Қисқа вақт ичида, яъни 2000 йилга келиб бирламчи тиббий хизмат тизимини тубдан яхшилаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ихтисослаштирилган марказлар ҳамда соҳада янги - шошилинч тиббий хизматни ташкил қилиш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, фармацевтикани ривожлантириш йўналишларида дадил қадамлар ташланди. Чунончи, Давлат дастури ижроси доирасида вилоятда кутилган самара бермаётган фельдшерлик-акушерлик пунктлари ва қишлоқ амбулаториялари ўрнида замонавий диагностика ва тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 245 та қишлоқ врачлик пунктлари вужудга келди. Шундан 82 таси барча шароитлари тўкис янги қурилган биноларда очилди. Вилоятнинг 9 та туманига ҚВПлар тиббий хизмати учун "DAMAS AMBULANCE" санитар автомашинаси олиб берилди.

2000 йилнинг 22 майида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган вилояти филиали шаҳарнинг "Гўзал" даҳасида иш бошлади. Унинг бўлимлари эса 11 та туманда ташкил этилди. Республика акушерлик ва гинекология илмий-текшириш инс­титутининг Фарғона водийси бў­йича филиали ҳам шу йили Наманганда очилди. Йилнинг сўнгги ойи - декабрда Наманганда эндокринологларнинг халқ­аро симпозиуми ўтказилди. Маросимда Республика Соғлиқни сақлаш вазири Феруз Назиров қатнашди. Симпозиумнинг якуний йиғлишида ЮНИСЕФнинг Ўзбе­кис­тондаги вакили Руди Родригес "Болалар соғлиғи доимий эътиборимизда, наманганлик эндокринологларнинг тажрибаси ғоят қимматли" деб эътироф этган бўлса, қозоғистонлик профессор М.Е.Зельцер "Шу анжуман сабаб Наманганни дунё таниди" дея баралла таъкидлади.

"Оналар ва болалар йили" аталмиш 2001 йилдаги воқеа-ҳодисалар тиббиётдаги тараққиёт тобора тезлашганидан далолат беради. 9 февраль куни РШТЁИМ Наманган филиалига энг замонавий чет эл тиббиёт аппаратлари тантанали топширилди. "Бугун тақдим қилинаётган нарсалар жуда ноёб ва қимматбаҳо, фақатгина Наманганда бор, холос. Ҳали Республикамизнинг бирорта шифохонасига бундай аппаратлар етиб келгани йўқ. Вилоятингиз аҳли Европанинг энг ривожланган давлатларидагидек ўз соғлиқларини тиклаш бахтига муяссар бўлди. Бу, албатта, мустақиллигимиз меваларидандир", деган эди Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Т.Т.Рис­қиев тақдимот маросимида.

2001 йил истиқлолнинг ўн йиллиги сарҳисоби йили ҳам эди. "Шифокор ва ҳаёт" газетасида "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 10 йиллиги шарафига" рукни остида ҳар бир туман ва шаҳардан махсус саҳифа ёритишнинг йўлга қўйилгани давр талаби билан ҳамнафаслигу ҳамқадамликнинг ёрқин кўриниши бўлди. Хайрулла Шохўжаев, Одилжон Иномов ва Аъзамжон Акбаров сингари журналистларнинг астойдил саъй-ҳаракатлари туфайли Наманган шаҳри, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон, Чортоқ, Норин ва бошқа туманларнинг шифокорлари истиқлол йилларидаги ислоҳотлар туфайли эл саломатлигини сақлаш борасида қандай натижаларга эришганликларига бағишланган саҳифалар сонма-сон уюштириб борилган.

Газета таҳламларига кўз югуртириб билдикки, Наманган шифокорлари қисқа вақт ичида анча илгарилаб кетиша олишган. Яна муҳим жиҳати, янгича шароитда, янгича имкониятлардан самарали фойдаланиб, янги аппарат ва ускуналарни малакали ишлатишни ўзлаштирган ҳолда, янги-янги даволаш усулларини амалда жадал қўллашга ўтишган. Бу чинакам тажриба яратилди, деган хулоса ясашимизга асос бўлади. Илғор тажриба эса ҳамма вақт қадрланган, ёйилган, ўзгаларнинг ҳам ўрганиши ва қўлланиши учун гўё мактаб ролини ўйнаган.

Йилнинг бошиданоқ республикамиз вилоятларидан тиббиётчи меҳмонлар Наманганга бежизга ошиқишмаган. "Сурхондарёлик шифокорлар вилоятимизда", "Қашқадарёликлар Намангандан ўрганмоқдалар", "Андижонликлар меҳмонимиз" мақолаларида худди шулар тўғрисида гап боради.

2002 йил - "Қарияларни қадрлаш йили" шифокорларда зиммадаги масъулиятни янада чуқур англаб, одатдагидан ҳам астойдилроқ ишлаш ҳиссини уйғотди. Қарияларга қулайликлар яратиш масаласи соҳа мутасаддиларининг доимий диққат марказида турди. Вилоят қўп тармоқли шифохонасида геронтология бўлими ташкилланди. Геронтологиянинг ўзи нима? - дерсиз беихтиёр. Бу қарияларни ўрганувчи фан бўлиб, мақсади кексаларни соғ­ломлаштиришдан иборатдир. Бўлимда 55 ёшдан юқори аёллар, 60 ёшдан ошган эркаклар барча хасталиклар бўйича даволаниш имкониятига эга бўлишди.

"Йилнинг намунали бош шифокори" кўрик-танлови ўтказилганида Наманган шаҳридаги 2-Бирлашган шифохонаси бош врачи Неъматжон Сотиболдиев ғолибликни қўлга киритди.

Сентябрь ойида онкологларнинг республика илмий-амалий семинарига яна наманганликлар мезбонлик қилишди. Гастроэнтерологларнинг республика ўқув семинарига ҳам гуллар шаҳри танланди.

2003 йилнинг ҳаракат шиори "Ҳар бир фуқаро соғлиғи эътиборда!" дея аталди. Шу боис, вилоят тиббиётчилари фаолияти аҳолини мунтазам тиббий кўрикдан ўтказишга, соғлом турмуш тарзига эришишга йўналтириб борилди.

2003 йилнинг 19 майида республика травматологлари, ортопедлари ва нейрохирургларининг "Қўш­ма мураккаб шикастларда шошилинч тиббий ёрдам" мавзусига бағишланган илмий-амалий анжуманига вилоятимизда тўпланилди. Россиялик профессор А.Ф.Лазерев ўзининг тадқиқот-тажрибалари натижаларини ўзбекистонлик ҳам­касб­лари билан ўртоқлашди.

2004 йилнинг "Меҳр-мурувват йили" сифатида номланиши эзгу ишлар бардавомлигига ўзига хос мотивация берди, десак асло янглишмаймиз. 30 январь куни водий кардиологларининг илмий-амалий тадбирига қўшни Андижон ва Фар­ғона вилояти мутахассислари ҳам таклиф этилдилар. "Йилнинг энг меҳр-мурувватли врачи" кўрик-танлови уюштирилди. Июнь ойидаги "Саломатлик ўн кунлиги" тадбирлари инсон омили, аҳолининг тўлақонли саломатлигига эришиш, мавжуд муаммоларни атрофлича ўрганиб, ҳал қилишга қаратилди.

Йил охирида Германиядан бир гуруҳ мутахассислар вилоятимизга ташриф буюришди. Улар сил касаллигига қарши курашишда ҳамкорлик қилишди. ДОТС муваффақиятини таъминлашга кўмаклашишди. Яъни сил касаллигини қисқа муддатли назоратли химиятерапия курси дастури даволаш жараёнига дадил тадбиқ этилди.

Мамлакатимизда 2005 йил - "Сиҳат-саломатлик йили" деб аталди. Аввалги йилларда республикамизда "Саломатлик-1" лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларнинг узвий давоми сифатида "Саломатлик-2" лойиҳаси жорий этилди. Бу билан барча қишлоқ врачлик пунктларининг тиббий жиҳозларга бўлган эҳтиёжини қондиришга муваффақиятли эриша борилди. Шугина эмас. Яна вилоят кардиология маркази реконструкциялаш ва энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланишини ҳам йилнинг муҳим воқеаларидан бўлганлигини эсга олишимиз жуда ўринли. Айниқса, Швейцариянинг "SCHILLER" компанияси томонидан келтирилган энг ноёб ускунаси эътиборга лойиқ. Янги ускуна сутка мобайнида бемор танасида туриб, қон босимини, юрак фаолиятини назорат қилади. Натижада врачларнинг муолажаси тўғри ва самарали олиб борилишига янада тўлароқ ва осонроқ эришилади.

2005 йилнинг биринчи ярмида "Йилнинг намунали қишлоқ врачлик пункти фидокор шифокори" кўрик-танлови уюштирилиши умумамалиёт шифокорлари фаоллигини янада ошириб юборди. Энг муҳими, "Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури"да белгиланган зарур вазифаларнинг вилоятда муваффақиятли бажарилиши таъминланди. ҚВПлар сони 215 тага етказилди.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми келгуси сонларда).