ёхуд исми жисмига мос математик

 

Ҳар бир ота-она фарзанди дунёга келганида, аввало - қувонади, кейин - исм танлайди. Ана шу жараён уларнинг кўнгилларидаги эзгу орзу истаклари билан шак-шубҳасиз уйғунлашиб кетади. Чортоқлик миришкор деҳқон Маматвали Эгамбердиев эса, ўғил чақалоғи келгусида илм-маърифатли инсонлар қаторида ном қозонишини ниятлаб, унга Олимжон исмини муносиб билганида илоҳий ҳикмат - олдиндан узоқни кўриш хислати борлиги балки ўзига аён эмас эди-ю, лекин ҳаёт ҳақиқати йиллар ўтиб шуни тасдиқлаб қўйди. Олимжон олим бўлди, олим бўлганидаям донишманду сўзлармон, зуккою ёзармон зиёкорларнинг пешқадами мартабасига эришди.

Албатта, комил инсонлик даражасига етиш осон кечмайди. Яқинда таваллудига 70 йил тўлган маърифат фидойиси, маънавият жонкуяри ўсиб-улғаяётган ёшларга ўрнакка арзигули умр йўлини босиб ўтган. У 1952 йилда Ойқирон қишлоғида туғилган. 1972-1977 йилларда Тошкент давлат университетида математикадан сабоқ олган. Дастлаб Наманган давлат педагогика институтида икки йил меҳнат қилган. 1979 йилдан Тошкент политехника институтининг Наманганда очилган филиалига ишга ўтказилган.

Мана, 43 йилдирки, ҳозирги Наманган мухандислик-қурилиш инс­титутида юзлаб-минглаб талабаларга математикадан сабоқ бериб келмоқда. Бу йилларда олий таълим муассасаси мақоми ва номи бир неча бор ўзгарди-ю, Олимжон домла йилдан-йилга камолот касб этса-да, ўша-ўша камтарин, самимий, изланувчан ва интилувчан мураббий тимсолида барқарор ва бардавомлик билан умр дафтарини чинакамига безашдан ҳеч-ҳеч чарчоқ сезмади. Шундан дўсту қадр­донлари кўп, садоқатли шогирдлари сону саноқсиз. Ёзган илмий-оммабоп китоблари ҳамкасблари ўртасида машҳур, мухлисларининг сафлари кенг.

У физика-математика фанлари номзоди, доцент, институт олий математика кафедрасининг фахру ифтихори. Боиси, қатор-қатор рисолалар муаллифи. Бироқ сира-сира мақтанишни ёқтирмайди. Қувонишни жуда хуш кўради. Ёзганларини ҳамкасблар, шогирдлар ва маънавиятга қизиқувчилар ўқишса, уларга маъқул тушса, боши осмонга етгудек хурсанд ҳолда кўраверасиз. Масалан, Олимжон Эгамбердиевнинг қаламига мансуб "On some incorrect problems for abstract polvcaloric eqvation" номли китоби 2021 йили онлайн интернет китоб савдосига қўйилди. Халқаро миқёсда тарқатилди. "Математик олимлар ва математик атамаларнинг луғавий маънолари" ўқув қўлланмаси кўпчиликнинг эътиборига тушди ва юксак эътирофларга сазовор бўлди.

Домланинг ажойиб инсоний хислатлари уни Наманганнинг олий таълим даргоҳларидаги таниқли олим - ҳамкасбларини дўсту қадрдонга айлантириб юборган. Шунинг учун қутлуғ ёшлари нишонланган аёмда улар муборакбод этишни жуда ўрни-ўрнига қўйишди. Наманган муҳандислик-технология институти профессор ва доцентлари Ҳамидхон Аҳмадхўжаев, Рустам Муродов, Абдулбоқи Раҳмонов, Қурбонали Холиқов, НамМҚИ профессори Юсуфжон Оппоқов, тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирза Нурматовларнинг юксак эҳтиромига ҳамма ҳавас билан боқди.

Тадбирга ташриф буюрган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар - қизиқчи Мирзабек Холмедов ҳамда хонанда Дилноза Исмияминованинг тадбирда қатнашишлари ҳамда мароқли чиқишлари даврага янада файз киритиб юборди. Шунингдек, уйчилик Умиджон Қорабоев, чортоқлик Аъзамжон Болтабоев каби хушовоз хонандаларнинг қўшиқлари кўнгилларни янада яйратди.

Мен бу инсонни дастлаб Ўзбе­кис­тон "Миллий тикланиш" демократик партиясининг вилоят Кенгаши раиси, ке­йинчалик фаоли сифатида яхши биламан. Эндигина мустақилликка эришилган пайтда унинг "Халқ сўзи" газетасида ёритилган "Биринчи Маъмун академияси" мақоласини ўқиганимда улуғ аждодларимиздан фахрланиш туйғуси янада кучайган. Ҳатто маънавият тарғиботчиси сифатидаги фаолиятларига беҳад ҳавасим келган. Шу туфайли бир-биримизга меҳримиз, ҳурматимиз йилдан-йилга зиёдалашиб келаётган бўлса ҳам ажаб эмас.

- Ҳаёт инсонга бир мартагина берилади, уни фақат эл-юртга фойдали ишлар билан ўтказиш керак, - дейди мамнуният билан Олимжон Эгамбердиев. - Мен шундай истиқлолли ва истиқболли Янги Ўзбекис­тоннинг фаол зиёкори бўлганимдан ҳақли равишда фахрланаман, бундан буён ҳам бор билим ва малакамни бунёдкор ёш мутахассислар тайёрлашдек эзгу ишга астойдил сарфлайвераман.

Қалби шукроналарга лимолим олим, Республиканинг таниқли математикларидан - академик Шавкат Алимов ҳамда профессор Мукаррамхўжа Отахўжаевнинг муносиб шогирди Олимжон домла чинакамига исми жисмига мос - олим инсон. У юқори мартабасига хос ўқиб, ишлаб ва яшаб, ўзининг ибрат мактабини яратаётир. Тилагимиз кўз тегмасин бенуқсон ва шарафли олимлик фаолиятларига. Қўлларидан асло қутли қалам тушмасин!

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.