9 апрель - Амир Темур таваллуди куни

Маълумки, буюк бобокалонимиз Амир Темур марказлашган давлат қурибгина қолмай, бунёдкор сифатида ҳам тарихда ўзига хос из қолдирган. "Темур тузуклари"даги "Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим", деган гаплари бунинг ёрқин исботидир.

Амир Темур ҳукмронлиги даврида бунёд этилган Аҳмад Яссавий мақбараси, Оқсарой, Бибихоним жомеъ масжиди, Занги ота мақбараси ва бошқалар бугунги кунга келиб ҳам ўз жилосини йўқотгани йўқ.

Соҳибқирон Амир Темур Самарқандни пойтахт сифатида танлагандан сўнг унинг ҳар жиҳатдан мукаммал ва намунали бўлишига алоҳида эътибор қаратди. Бу ҳол ободонлаштириш, ҳимоя, таълим, маданият ва бошқа барча соҳаларда яққол кўзга ташланиб турарди. Айниқса, Самарқанд шаҳри ҳудудида қурдирган бир қанча боғлари таҳсинга лойиқдир. Барпо этилган боғлар тузилишига кўра икки турга бўлинган:

Биринчиси, чорбоғлар геометрик шаклда бўлиб, ҳар томони тахминан 1 километр масофага чўзилган. Саҳнидан ўтган ариқлар уларни тенг 4 қисмга ажратиб турган. Марказида сарой жойлашган.

Иккинчи турдаги боғлар эса тузилишига кўра геометрик шаклдан фарқли ўлароқ табиий дарахтзор ва чакалакзорлар бағрида барпо этилган. Асосий қисми табиий ҳолда сақланиб, умуман қўл теккизилмаган. Уларнинг кичик бир қисмигагина дам олиш учун сарой, кўшк ва чодирлар қурилган, фавворалар ўрнатилган. Амир Темур боғларидан энг машҳурларини қуйидагилар:

БОҒИ БЕҲИШТ - Амир Темур самарқандлик севимли хотини Туман оқага атаб, 1378 йилда қурдирган.

БОҒИ БАЛАНД - Амир Темур набираси Мироншоҳнинг қизига атаб қурдирган.

БОҒИ ДАВЛАТОБОД - Амир Темурга Ҳиндистон юришидан қайтган кун 1399 йил 22 апрелда ҳадя қилинган.

БОҒИ ЖАҲОННАМО - Амир Темур Зарафшон тоғи этагида 1398 йилда қурдирган. Бу боғ ҳудуди жиҳатдан энг катта боғлар сафида турган.

БОҒИ ШАМОЛ - бу боғ Самарқанднинг ғарбида жойлашган. Бу боғнинг ҳудуди ва у ердаги ариқ ҳозир ҳам "Боғи шамол" деб аталади.

Амир Темурнинг боғ қуриш анъанасини темурийлардан Шоҳруҳ, Улуғбек, Бобур ва бошқалар давом эттирганлар.

Жамиятда таълим-тарбия тизимисиз ривожланиш бўлмаган. Шу масала устида Амир Темур катта ишларни амалга оширган. Айниқса, таълим тизими муассасаларидан бўлмиш мадраса ва мадрасаи олияларни қуриш, уларни етук аллома, мударрислар билан таъминлаш ишида ҳам яққол кўзга ташланган. Мадрасаи олиянинг ўқув дастурида ҳам нақлий, ҳам ақлий фанлар мавжуд бўлиб, ақлий фанлардан риёзиётга катта ўрин ажратилган. Ана шу жиҳатдан мадрасаи олияга ўз даврининг энг забардаст алломалари Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи, Муҳаммад Ҳофий ва бошқалар жалб этилганлар. Соҳибқирон Амир Темур бошлаган бу фаолиятни набиралари Мирзо Улуғбек кенг кўламда ривожлантириб, жаҳонга машҳур илмий кашфиётларни майдонга келтирган мадрасаи олия ва расадхона мажмуасини бунёд этди.

Шунга амин бўлдимки, Соҳибқирон Амир Темур томонидан яратилган ҳарбий санъат ҳам кўп қирралидир. У яратган боғлар таърифига тил ожиздир. Таълим-тарбия тизимида олиб борган оқилона ишлари таҳсинга лойиқдир. Шу сабабданми мана ҳозирги кунга қадар бобомиз қолдирган бой меросдан ҳар жабҳада фойдаланиб келамиз.

Хуршидабону УСМОНОВА,

вилоят тарихи ва

маданияти давлат музейи сектор мудири.