ёхуд Навоийнинг насиҳатлари - авлодларга назмхатлари

 

Миллатимиз маънавий бобокалони - Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллик айёмида азалий анъана асносида ул зотнинг умрбоқий битикларига кўз югуртирмоқ ҳамда ўзи ва сўзи хусусида фикр юритмоқ яна улкан уммондан томчилар таъмини туймоқ билан баббаробар. Ана шу томчилар нақлнамо назмий байтларидир. Аслида даҳо шоир шеърий меросининг умумий ҳажми 100.000 байтдан иборату, биз ундан атиги 25 байтинигина мутолаа қилиш билан кифоя­ланимиз, холос. Шунинг ўзиёқ одамийликдан оламий тарбия сабоғини бера олади. "Хамса"нинг илк достони - "Ҳайрат ул-аброр"даги (1483 йил) фалсафий-аҳлоқий руҳдаги дурдона фикр­лар бугун ҳам ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди. Баркамол инсонликка хос фазилатлар соҳиби бўлишга чоғлантираверади.

 

Навоий назмида Сўз - жон, Руҳ - жоннинг қолипи. Тирик одам ҳамиша уларга эҳтиёжманд.

 

Сўздин ўлукнинг танида руҳи пок,

 

Руҳи доғи тан аро сўздин ҳалок.

 

(Сўз ўлган одамнинг вужудига жон киритиб, уни тирилтиради. Лекин сўз айни пайтда тан ичидаги руҳ, яъни жонни ўлдиришга ҳам қодир). Шундан сўзни сўздан фарқлаш, яхшисини айтиб, ёмонини айтишдан қайтиб яшаш кераклигини англаймиз.

 

Шоир учун кўнгил энг ноёб, энг нозик сирлар бўстонининг булбули. Навоси ўзи каби бошқалар кўзидан ҳам пинҳон.

 

Кўнгил эрур булбули бўстони роз,

 

Қудс ҳаримида бўлуб жилвасоз.

 

Агар таққос жоиз бўлса, дунё қибласи - Каъбанинг ҳам қадри кўнгилчалик эмас. Боиси, Каъба одамларнинг оддий саждагоҳи, кўнгилда эса Яратганнинг ўзи жилвагар.

 

Каъбаки, оламнинг ўлуб қибласи,

 

Қадри йўқ, андоқки кўнгил каъбаси.

 

 

 

Ким бу халойиққа эрур саждагоҳ,

 

Ул бири холиққа эрур жилвагоҳ.

 

Одоб - инсон безаги. Қалби тоза, ақли етук кишилар буни теран ҳис қилишади. Атрофидагиларга сира малоли келмайди, аксинча ёқимли ва юқумли муомалалари билан яхшилар даврасини кенгайтиришга таъсирлари тугалсиз, токи умрлари сўнггига қадар эъзозга муносиб яшаб ўтишади улар. Аммо, баъзилар юқори амалда турганларида сохта хушомадгўйларнинг "ўйинлари"га ишонади, ўзларининг бошқаларга қўпол муомалаларини, янаям очиғи - адабсизликларини унутишади.

 

Ахир кибрдан не наф. Ҳатто янги чиққан ой эгилиб, таъзимда яшагани туфайли кун сайин тўлишади, камол топади шоир уқтирганидай. Навоийнинг айтишича:

 

Элга шараф бўлмади жоҳу насаб,

 

Лек шараф келди ҳаёву адаб.

 

 

 

Бўлмас адабсиз кишилар аржманд,

 

Паст этар ул хайлни чархи баланд.

 

Бироқ товозуънинг сифати адаб эрса-да, у ҳаммада бир хил эмас. Шоирлар султони буни ҳам назардан қочирмаган. Меъёрлари ва мезонларини таъкид ва талқин қилади "Ҳайрат ул - аброр"да.

 

Гарчи адаб шарти бағоят керак,

 

Ҳар киши таврида риоят керак.

 

Ўриндан туриб, болага жой бериш ҳам ножоиз, асли азал устозлар буни адабга йў­йиш­майди:

 

Тифл учун қўпмоқ эмастур адаб,

 

Пирлар ул ишни демастур адаб.

 

Шоир замонидаги тутумлардан келиб чиқиб, фикр юритса-да, орадан сал кам олти юз йил вақт ҳам кечса-да, сатрлари ҳамон оҳорли, тарбиявий кучини, онгу шууримизга таъсирини заррача йўқотмаган:

 

Рутбада сендин кишиким бўлса паст,

 

Кўрсанг ўз олингда ани зер даст,

 

 

 

Гар санга худ тобиу худдом эрур,

 

Қайғулари кўнглунга ноком эрур.

 

Насрий баёни: "Бир кишини сендан мартабада тобеъ ҳолда кўрсанг, гарчи у ўзи сенга тобеъ, боғлиқ бўлса ҳам, кўнглунг унинг қайғуларига шерик бўлсин". Ҳозирги раҳбарлар ҳам агар шу одобга риоя қилсалар, қўл остидагиларга муносиб муносабат кўрсатган, кибр кўчасини четлаб, меҳрибонлик ва хокисорлик йўлидан юрган ҳисобланишади, албатта.

 

Вожиб эрур барчасига ёрлик,

 

Яхши-ёмон ишга хабардорлиқ.

 

 

 

Бу сифат умид илаким байт эрур,

 

Ушбу жамоатқа бу таъзим эрур.

 

Навоий адаб бобидаги катталар масъулиятини уқтирги йўсинда давом эттиради, чиройли ўхшатишлар билан фикрига далиллар келтиради:

 

Улча эрур тифлға жойиста иш,

 

Билки кичикликда эрур парвариш.

 

 

 

Қатрача чун тарбият этти садаф,

 

Эл бошиға чиққуча топти шараф.

 

 

 

Бириси қўймоқлик эрур яхши от,

 

Ким десалар етмагай андин уёт.

 

Мухтасар маъноси шуки, болани кичикликдан парваришлаш лозим, қатрани садаф тарбия қилгани туфайли у одамларнинг бошига чиқиб шарафланди. Болага улғайганда уялмайдиган исм қўймоқлик керак.

 

Қилмоқ эрур бир муаллим талаб,

 

Қилгали таълим анга илму адаб.

 

Ота-онанинг бурчи сифатида фарзанди билимдон ва хушхулқ бўлиши учун муаллим тарбиясига эътибор қаратиши таъкидланса, ке­йин шоир мана шу оиланинг жуфт раҳнамосини улуғлашга болаларни чорлайди. Кўпчиликка ёд бўлиб кетган байтларни такрорлашдан тийилиб, янги байтларни келтирганимиз янаям ўринли, деб ўйлаймиз:

 

Икки жаҳонингга тиларсен фазо -

 

Ҳосил эт ушбу иккисидин ризо.

 

 

 

Сўзларидин чекма қалам ташқари,

 

Хатларидин қўйма қадам ташқари.

 

 

 

Бўлсин адаб бирла бору хидматинг,

 

Хам қил адаб "дол"и каби қоматинг.

 

 

 

Сўнгра раҳмнинг силасин қарз бил,

 

Раҳм ўшул тоифага фарз бил.

 

Навоий сабр-қаноатни ғоят ҳаётий зарурият тарзида таърифлайди. Қаноат кетидан келадиган тақдир сийловларидан дарак беради. Сабр гадони бой, сабрсизлик бойни гадо қилишдан огоҳлайди:

 

Кимки иши бўлди қаноат фани,

 

Билки, ани қилди қаноат ғани.

 

 

 

Кимки қаноатдан эрур ҳужжати,

 

Яхши-ёмонға йўқ анинг ҳожати.

 

Достонда ростлик-ёлғонлик, тўғрилик-эгрилик масаласида алоҳида мақолат битилган. Тасвирлар, ифодалар лўнда ва ишонарли. Ҳар фикрига далил далолатчи. Насрий шарҳида битилганидек: "Йўл қанча тўғри бўлса, мақсад шунча яқин, йўл эгри бўлса, мақсад узоқлашганига ажабланиш ўринсиз... Сарвнинг қомати тўғри бўлгани учун хазон кулфатидан офат кўрмай, доим кўм-кўк... созланган торнинг қили тўғри бўлади, эгри бўлдими созланмагани".

 

Йўл неча туз, йўлчига мақсад қарийб,

 

Халлиғидин тушса йироқ йўқ ажиб.

 

 

 

Сарвким, ул тўғри чекиб қоматин,

 

Кўрмайин осеби хазон офатин.

 

 

 

Туз дурур эгри қили то соз эрур,

 

Эгри бўлур эмдики, носоз эрур.

 

Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган ҳозирги даврда Алишер Навоийнинг ҳикматона байтларини ҳар бир бола, ҳар бир ёш қулоғига қуйиб, қалбига муҳрлаб олмоғи лозим. Ахир миллатимизнинг донишманд бобоси асрлар оша, аввало, ўз ҳаёти билан билан, сўнгра сўз баёти билан бўйлаб ва сўйлаб турибди.

 

Биргина "Ҳайрат ул-аброр" - "Яхши кишиларнинг ҳайрати" достонидаги фикрий дурдоналардан баъзиларинигина эсга олиш билан кифоялансак ҳам ёш авлод учун ғоят қимматли маънавий меросимиз борлигидан, унга ворислигимиздан беихтиёр фахрланишга тўла ҳақлимиз. Мутолаамиз эса, мудом давомли. Навоийнинг навоси ҳар бир уйда, ҳар бир жамоада янг­рагани-янграган экан, буюк истиқлолнинг улкан истиқболли ислоҳотлари ижроси ва тантанаси йўлида сиз билан бизга ҳамроҳ, ҳамдаму ҳам­қадамлиги ҳамиша кўнглимиздаги Ватан тараққиётига бўлган ишончимизни метиндек мустаҳкамлайверади.

 

Содиқ САЙҲУН,

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

 

аъзоси, Турон фанлар академияси

 

академиги.