21 октабрда Ўзбек тили байрами нишонланди. Шу куни вилоятимиз даволаш-профилактика муассасаларида она тилимизга бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ташкилланди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали анжуманлар залига тўпланган врачу ҳамширалар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги ҳақидаги маърузани мароқ билан тинглашди. Шоир ва публицист Содиқ Сайҳун аввало туркий тилимизнинг икки буюк алломаси - Маҳмуд Кошғарий ва Алишер Навоийларнинг ибратли фаолиятига, улар яратган луғат ҳамда тилшунослик асарига тўхтаб ўтди. Сўнгра, мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши, мавжуд қонун талаблари, Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 5850-сонли Фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берди.

Филиал директори Аброржон Алижонов, маънавий-маърифий ишлар мутасаддиси Сайдулло Шарифбоевлар сўзга чиқишиб, тилимизнинг обрўси - элимизнинг обрўси эканини яна бир бор таъкидлашди. Тиббиёт ходимлари олдида турган муҳим вазифаларга алоҳида тўхтаб ўтишди.

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникасида "Она тилим - онадек азиз!" мавзуида тадбир ташкилланди. Тадбир меҳмони - шоир ва публицист Содиқ Сайҳун туркий тилимизнинг кўҳна илдизларига, бугунги тараққиётига барчанинг диққат-эътиборини қаратди. Тилшунослар бобоси Маҳмуд Кошғарийнинг, шеърият мулки султони Алишер Навоийнинг тилимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида тўл­қинланиб гапирди.

Ўзбек тили байрамини бутун халқимиз юксак кўтаринки руҳда нишонлаётганини зўр мамнуният билан таъкидлади. Ўзининг шеър ва ғазалларидан ўқиб берди.

- Адабиётимиз тарғиботига ва тилимизни улуғлашга бағишланган анжуманлар шифокорларимиз маънавиятини тобора бойитишга хизмат қилаверади, - деди поликлиника мудир ўринбосари Мушаррафхон Собирова. - Мана шундай тадбирларни тез-тез ўтказиб турсак, ўзимизнинг ўзбек тилимизга меҳру муҳаббатимиз янада кучаяверади.

Бу каби тадбирлар "Бешкапа" сиҳатгоҳида, барча туманлар тиббиёт бирлашмаларида ҳам юксак савияда ўтказилди.