Тарихга назар ташласак, ярим асрдан ошиқ давр ичида ўзбек тили сиёсий, маъмурий жиҳатдан тазйиқ остида бўлди. Юртимизда 1938 йилда "Рус тилини миллий республикаларда мажбуран ўқитиш тўғрисида" қарори пайдо бўлиши билан шўро мамлакатида кенг миқёсда руслаштиришга ўтилиб, ўзбек тили ҳаётнинг асосий соҳаларидан аста-секин сиқиб чиқарила бошланди.

 

Мустақилликка эришганимиздан сўнг халқимиз маънавий ҳаётидаги бошқа кўплаб муаммолар қатори тил масаласи ҳам кун тартибидаги долзарб вазифага айланди. Айниқса, ўзбек тилининг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш, мамлакатимизнинг жаҳон коммуникация тизимига интеграциялашувини таъминлаш, ёшларга чет тилларни, ахборот технологияларини ҳар томонлама пухта эгаллаш борасида қулай имкониятлар яратиш каби бир-биридан муҳим вазифалар бу масалани кечиктирмасдан ҳал қилишни талаб этар эди. Шу боис давлатимиз томонидан тил сиёсатига истиқлол сиёсатининг узвий бир қисми сифатида қаралди.

 

Инсон гўзаллиги, маънавияти, буюк мероси, ҳатто олам барқарорлигининг асоси ҳам бу - тилдир. Шу сабаб ўз она тилимизни асраб-авайлаш, эъзозлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Чунки, одам ўз она тилиси билан улғаяди, камолга етади, яшаб ўтади. У билан комилликнинг биринчи белгиси намоён бўлади, Яна нутқнинг гўзаллиги, бурролиги, ифоданинг аниқлиги ҳар биримиз учун ўзига хос ҳусндир.

 

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланиб, мустаҳкамлаб қў­йилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди. 1995 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Ўзаро изчиликка, боғлиқликка асосланган 24 моддадан иборат мазкур Қонун ўзбек халқининг миллий ва она тилиси бўлган ўзбек адабий тилининг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.

 

Қонун қабул қилиниши натижасида ўзбек тилининг тарихий тараққиётида янги бир давр бошланди. Мустақиллик йилларида Қонун талаблари асосида ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётда ўзбек тилининг қўлланиш доираси кенгайди, мавқеи ортди, уни ўқитишга эътибор кучайди, дарс соатлари кўпайди, мактаблар учун янги замонавий андозаларга мос "Она тили" дарсликлари яратилди, ёзув тизими ислоҳ қилинди.

 

Ниҳоят, 2019 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбек тилини давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 5850-сонли Фармони билан бу борада янада ижобий қадамлар ташлаб юборилди. Тилимизнинг қадр-қиммати энди чинакамига кўтарилмоқда. Юртбошимиз томонидан халқаро минбарларда ҳам баралла янграётгани қалбимизда чексиз фахру ғурур уйғотади.

 

Президентимиз таъкидлаганидек: "Она тилимиз - миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир". Фармонда таълим муассасалари жамоаларига давлат тилини ўргатиш ва уни билиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш, давлат тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш вазифаси қўйилган. Биз айни пайтда мазкур масалага эътиборни тобора кучайтиряпмиз. Аввало, она тили ва адабиёти фани ўқитувчилар фаолиятини юксак талаблар даражасига кўтариб бормоқдамиз. Бу билан хорижий тилларни ўргатишга пухта замин яратаяпмиз. Инчунин, ўзбек тили бошқа тилларни ўзлаштириш учун гўёки очқич бўлиб хизмат қилади. Уни қанча чуқур билсак, хориж тиллари лексикаси ва грамматикасини ўрганиш шунча осон ҳамда муваффақиятли кечади.

 

Янги Ўзбекистоннинг "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари" деган бош тамойил асосидаги шиори бундан буён ҳам ўқитувчи ва ўқувчиларимизни янада юқори кўрсаткичларга руҳлантириб тураверади.

 

Улуғбек БОБОЕВ,

 

Наманган Президент мактаби директорининг Ватанпарварлик

руҳида ва чақириққача ҳарбий тайёрлаш бўйича ўринбосари.