Оламнинг гултожи инсон бўлса, улар орасида Оллоҳнинг чексиз марҳаматига муносиб инсонлар, албатта, устозлардир. Ой қуёшдан нур олгани каби шогирдлар ҳам устоздан зиё олиб ўз ҳаёт йўлларини ёритадилар. Шогирдини ўз фарзандидай ардоқлаб, унга тақдирнинг эгри йўлларида қоқилганда тик тура олишни ўргатган ягона зот бу - устоздир. Йўлдаги тўсиқлардан қочишни эмас, балки уларни бартараф этишга даъват этувчи зот ҳам устоздир. Мағлубиятимиз аламини биз билан тенгма-тенг тортиб, ғалабамиздан биздан-да қувонувчи зот, шаксиз, устозимиз.

Билим - чексиз дарё, устоз эса мироб. Бу мироб илм чашмаларини онгимизга шундай моҳирлик билан тарайдики, шууримиз ёрқинлашади, фитратимиз тиниқлашади.

Ёшликда қоп-қора доскадаги оқ чизиқлар бугунги камолотимиз остонаси сарҳадини белгиламоқда. Дафтаримдаги қизил ёзувлардан миннатдорман, яхшиям устозим уларни тўғрилаган экан. Энди хатоларимдан огоҳ бўлишга интиляпман.

Устозим, сабрингизга, меҳрингизга ташаккур!

Бугун устози томон тош отаётган инсонларга бир сўзим: Устозингиз ким?

Қадимда уч мерган устоз ораларида ким таълим беришда илғорлигини аниқламоқчи бўлишибди. Учаласи ҳам биттадан шогирдларини чақиришибди. Ҳар бир шогирд устозларига тош отиб, бу санъатни қанчалар ўзлаштиришганини намойиш этиши керак экан. Биринчи устоз шогирди отган тошларга эпчиллик билан чап берибди. Иккинчи устоз отилган тошларни усталик билан шогирдига қайтарибди. Учинчи устознинг шогирди қанча мажбурлашмасин устозига тош отишдан бош тортибди. Шунда холис ҳакамлар учинчи устоз шогирдини ғолиб деб топишибди. Қолган икки устоз норози бўлиб:

- Ахир, улар тош отиш санъатини кўрсатиб беришмади-ку, - дебди.

- Тўғри, - дебди ҳакам, - лекин у шогирдини устозига тош отмайдиган қилиб тарбиялаган.

Шогирдлар, устозингизга сира ҳам тош отманг!

Моҳира РАҲМОНЖОНОВА,

муаллима.