Мустақилликка эришганимиздан кейин маънавий қадриятларни, миллий менталитетимизни белгилайдиган фольклор анъаналарини тиклаш ва ривожлантиришга алоҳида аҳамият берила бошланди. Фольклор санъатини ривожлантириш ва халқимизнинг кўп асрлик ижодий анъаналарини изчил давом эттириш мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли маънавий-руҳий тикланиш жараёни билан бевосита боғлиқдир.

Фольклор санъати - ёш авлоднинг орзу-армонлари, иймону-эътиқодини, тоза руҳи ва хотирасини, эзгу ниятларини ўзида мужассамлаштирган қадимий анъаналарини ифодаловчи тарбиявий воситадир. Улар миллий маънавий тарбияда қудратли қурол, ёшларни маънавий жипсликка бирлаштирувчи омил ҳисобланиб, ўзбек миллатининг маънавий дунёсини ифода этади.

Ҳар бир миллат, элат ва этник гуруҳнинг ўзига хос удумлари, урф-одатлари, анъана ва маросимлари бор. У авлоддан авлодга, давр­дан даврга мерос бўлиб ўтадиган, муайян ижтимоий гуруҳ томонидан қабул қилинган хулқ-атвор усулларидандир. Бу бой меросимиз ўзининг мазмундорлиги, тарбиявийлиги, умрбоқийлиги билан бошқа миллатлардан ажралиб туради. Ҳаёт кишиларда эзгу ният, мақсадга интилиш, эътиқод ва барча орзу-армонларни, тоза руҳ ва хотирани, жамиятнинг яхши ниятларини, қадимий анъаналарини ўзида жамулжам этгани учун ҳам кишилар ҳаётига сингиб кетади.

Ўзбек халқининг мусиқа мероси жуда бой ва қадимий тарихга эга. Унинг ажойиб анъаналари ҳозирги кунда ҳам ўз бадиий ва эстетик қийматини сақлаб келмоқда. Бу анъаналар замонавий ўзбек мусиқа маданиятининг ажралмас қисмини ташкил қилади.

Қадим-қадим замонлардан она-заминимиз ўзининг бой маънавий мероси, юксак маданияти, урф-одат, маросим ва анъаналари билан жаҳон цивилизациясида муносиб ўрин эгаллаган. Бу ўлка халқларининг буюк сиймолари дунё илм-фани ва маданиятининг барча соҳалари ривожига ўзларининг муносиб хиссаларини қўшиб келганлар.

Ўзбек халқи ўзига хос ва ранго-ранг мусиқа меросига эга. Унинг қимматли намуналарини тўплаб сақлаш, нотага олиб ҳужжатлаштириш, узун тараққиёт йўлини ҳамда мураккаб илмий-назарий асосларини ўрганиш, шунингдек, уни амалий-ижодий ўзлаштириш борасида республикамизда шунга қадар самарали натижаларга эришилди.

Кўзланган эзгу мақсадларга эришиш учун республикасизнинг маданият ва санъат ўқув юртларида, шунигдек, халқ таълими тизимига кирувчи гуманитар йўналишдаги олий ва ўрта ўқув юртларида ўзбек мусиқа ижодиётининг барча қатламларини - росмана халқ мусиқаси, мақомчилик, достончилик, отмиш ва замонавий бастакорлик, композиторлик, бадиий хаваскорлик, эстрада санъатини қамраб олувчи қатор махсус ўқув фанлар жорий этилди. Ўз навбатида, уларни мукаммал дастур, дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминлаш - ҳозирги кунда мутахассисларимиз олдида турган энг долзарб вазифалардан биридир.

Мусиқа тарбиячилиги ва педагогикаси йўналишларида ўз касбини танлаб олган, унинг турли ихтисосликларини қунт билан ўзлаштираётган бўлажак мусиқа муаллимлари ҳамда мураббийларига мослаштириб ёзилган ушбу мақолада ўзбек миллий мусиқа меросига оид танланган масалалар юзасидан зарур тарихий, илмий-назарий ва услубий маълумот ҳамда тушунчалар берилади.

Санъатда услуб сўзи ҳар хил маъноларда қўлланиб турилиши маълум. Булардан бир ҳолларда унинг кенг, умумлашма, бошқаларда эса хийла тор, ёки кўчма маъно ва мазмунлари қайд қилинади. Таъкидлаш лозимки, услуб атамаси ҳам мазмунан, ҳам моҳиятан турлича идрок этилсада, айни пайт­да у ўзаро яқин, муштарак тушунчаларни англатиши мумкин. Демак, бу масалага аввало ойдинлик киритиш зарур.

Услуб сўзи ёрдамида аввало бир мунча кенг, аниқроги - йиғма маънода жаҳон халқлари мусиқа санъатига хос умумий ёки муайян минтақавий хусусиятлар табиати ифодаланади. Бунга, жумладан, шарқона мусиқий услуб, Европача мусиқа услуби каби иборалар яққол мисол бўла олади. Бошқа барча бадиий ижодиёт кўринишлари мисоли, мусиқада ҳам миллий ўзига хосликка айнан услуб атамаси ёрдамида қисқа ва лўнда тавсиф берилади.

Мусиқий асарларнинг ички тузилиш қонуниятлари бу масалада янада муҳимроқ аҳамият касб этади. Яъни, асосий воситаларнинг ўзаро муносабатларини мезонлардан у ёки бу услуб аниқланади. Хусусан, "бир овозли" ёки "манодан", "кўп овозли", жумладан "гармоник", "полифоник", "гомфоник" номли услублар шулар тоифасига киради. Йирик ижодий йўналиш ва оқимлар. Масалан, "классицизм", "романтизм", "импрессионизм", "реализм" ва бошқалар ҳам услуб тушунчаси билан бевосита боғлиқдир.

Услуб сўзи яна бастакор, композитор, дирижёр, хонанда ва созандалар фаолиятини ижодий жиҳатдан чуқурроқ ёритиш мақсадида ишлатилади. Айниқса, у бирорта машҳур санъаткорнинг ижодий қиёфасини, унинг фарқли, бетакрор чизги қирраларини таҳлил ёки қиёс ила кўрсатишда баҳоли қудрат ҳизмат қилади. Шунингдек, "чолғу услуби", "мақом услуби", "ёввойи" ёки "патнисаки услуб", "бадиқа услуби", замонавий услуб сингари ранг баранг маъноларни билдирувчи ҳолларни кундалик ўқув назарий ва амалий истеъмолда тез-тез учраб туриши мумкин.

Мусиқий фольклоршунослик соҳасида услубга даҳлдор яна бир тушунча бор бўлиб, у бирор халқ, миллат ва элатга мансуб ижодиёт кўламида жойлардаги туб аҳолининг ўзгача бетакрор ижодий хусусият, удум ва анъаналарга диққатимизни жалб қилади. Табиийки, "маҳаллий услублар" масаласини ўзбек халқ мусиқа ижодиёти мисолида, яъни унинг тарихий-назарий-амалий асосларига таянган ҳолда кўриб чиқиш ўқув фани олдига қўйилган мақсадларга мувофиқдир.

Ўзбек ҳалқ мусиқасининг кўҳна, ниҳоятда бой ва сержило анъаналари аввало унинг турфа ярим маҳаллий услубларида ёрқин ва теран ўз ифодасини топади. Дарҳақиқат, айрим ҳолларда мусиқий маҳаллий услубнинг тилшуносликдаги "шева", "лаҳжа", тушунчалари билан қиёс қилиниши ҳам бежиз эмас. Бироқ, адабиётшуносликдан фарқли олароқ, жами мавжуд "мусиқий шева"ларнинг муштарак сифатлари ўз навбатда "умуммиллий мусиқий услуб" сингари йиғма тушунчани юзага келтиради.

Кўлами кенг, серқатлам мусиқа меросимизни ташкил этувчи хилма-хил кўҳна наъмуналарини нота ёзувига тушириб, тўплаб, ушбу йўналишда дастлабки илмий изланишлар билан шуғулланган бир қатор мутахассислар иш фаолиятида кузатилган услубий тафовутларга ўз вақтида алоҳида эътибор беришгган улар бу ҳақида илк бор қизиқарли маълумотларни тўплаб, теран илмий мушоҳадалар юритганлар. Хусусан, эътироф этилганки, Ўзбекистон худудининг барча воҳаларида, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистонда истиқомат қилувчи ўзбеклар орасида, шунигдек, айрим бошқа хорижий мамлакатларда азалдан туб ўзбек аҳолиси зич ҳолда яшаб келаётган ерларда "мусиқий шева"ларнинг кўринишлари ўзгача экан. Кузатилаётган бундай анча мураккаб этник, жуғрофий, сиёсий ижтимоий, тарихий маданий воқейлик тўлалигича қамраб олиш, унга мукаммал тарифу тавсифлар бериш қийин масала, албатта буларнинг орасида ҳозирга қадар кўлами жиҳатидан бир мунча кенглиги, тарихан қадимийлиги, хусусиятлари бўйича беназир, бетакрорлиги билан асосан тўртта маҳаллий услуб тавсиф ила алоҳида-алоҳида ажратилган бўлиб, ўзбек мусиқашунослигида нисбатан атрофлича ўрганилган. Уларнинг ҳар бир муайян худуд номи билан, яъни Тошкент-Фарғона, Бухоро-Самарқанд, Хоразм ва Сурхондарё-Қашқадарё маҳаллий услублари, - деб юритилади.

Хулоса қилиб айтганда, мусиқада услуб том маънода турли туман, бир ҳисобда айрича тушунчалар доирасини вужудга келтирсада, бунда деярли барча таркибий воситаларининг узвий боғлиқлигини, тизимийлигини назарда тутиш даркор. Худди шу боисдан ўзбек халқ мусиқа ижодиёти билан танишиш, уни ўрганиш ҳамда амалий ўзлаштириш борасида услубнинг ўрни ва аҳамияти бениҳоя катта.

Ш. ПЎЛАТОВА,

НамДУ Мусиқа таълими ва санъат мутахассислиги

1-босқич магистранти.