"Ҳозирда Бекободдаги Йигит  пирим  қадамжосига яна файз  қайтяпти. Тадбиркор ва олийҳиммат инсонлар - Муродилла Боқижон ўғли, Мақсуджон Назаров, Исмоилжон Ҳакимовларнинг эътибори билан қурилиш ва  ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Раҳимжон  Арслонов, Абдулазиз Арслоновлар ҳам беминнат хизматлари билан  ҳисса қўшиш­япти. Яқин орада  зиёратга келувчилар учун барча  қулайликлар яратиб  қўйилади. Натижада  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тарихий  обидалар, зиёратгоҳлар ва қадамжоларда аҳолига  ҳамда  сайёҳларга  хизмат кўрсатишни янада яхшилаш чоралари юзасидан қўшган талабларини бажаришда яна бир хайрли  қадам ташланади".

Биз бундан роса икки ой муқаддам Тўрақўрғон туманининг Бекобод  қишлоғидаги мана шу эзгу  ишлар ҳақида "Йигит пирим ёхуд  Эр Ҳубби  зиёратгоҳи" деган бир саҳифали мақола  билан "Шифокор ва ҳаёт" газетасида қатнашган эдик. Унда Йигит пирим - Эр Ҳубби тўғрисидаги тарихий  ҳақиқатлару таъсирчан  ривоятларга ҳам  алоҳида  урғу бергандик. Тўғриси, мақоламиз  газетхонларда ҳам, зиёратгоҳ жойлашган  қишлоқда яшовчи кексалару, ҳатто ёшларда ҳам қизиқиш  уйғотганидан беҳад  хурсанд бўлган эдик.

Яқинда  эса зиёратгоҳнинг  эшиклари халққа очиб қўйилди. Ҳовлига қадам қўйган кишининг нигоҳи рўпарадаги айвонча  остида тикланган қабрга тушади.  Кун чиқиш тарафда неча-неча аср­ларга шоҳид кўҳна тут дарахти, кун ботар томонда - зиёратчилар ўтириши учун  иккита кенг  ва ёруғ хоналар жиҳозлаб қўйилган. Қутлуғ қадамжонинг биринчи  зиё­ратчилари ҳамқишлоқларнинг ўзлари бўлишди. Шунингдек, Ўзбекистон  Миллий тикланиш  партия­си вакиллари, тарихчи олимлар, шоирлар ва рассомлар ҳам ташриф буюришди.

Йиғилганларга даставвал Йигит пирим  ҳақида тарихий манбалар устида иш олиб борган мозийшунос ижодкор, Турон фанлар академияси академиги Содиқ  Сайҳун  сўзлаб берди. "Янги Ўзбекистон - янгича дунёқараш" шиорининг мазмун-моҳиятига, аждодлар  меросига авлодларнинг садоқати юксак  қадрият эканига барчанинг диққат-эътиборини қаратди.

Сўнгра қишлоқнинг  қадри баланд қариялари Усмонжон қори Раҳмонов ва  Абдулазиз ҳожи  Ортиқовлар  ёшларга панду насиҳатлар қилишди.

Таниқли олим ва мусаввир Алижон Турдиалиев Йигит пирим  сиймоси акс  эттирилган  ижодий порт­ретни зиёратгоҳ мутасаддиси Исмоилжон  Ҳакимовга тақдим қилди.

Ўзбекистон Миллий тикланиш партияси  Тўрақўрғон туман Кенгаши раиси Нурилло Дарвишев эса миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил қадамлар  ташланаётган юртимизда туризмни ривожлантириш ва зиёратгоҳларга эътиборни тобора кучайтириш борасида яна бир манзилгоҳни ободонлаштириш бўйича амалга оширилган ғоят  хайрли иш билан  бекободликларни қутлади. Бу гўша узоқ-яқиндан келган нажотмандларга руҳий мадад  беришига катта умид билдирди.

Биз юқоридаги эзгу ишларнинг бардавомлиги учун янада астойдил  фаолият кўрсатаверамиз.

Раҳмонберди РАҲИМОВ,

меҳнат фаҳрийси,

"Олтин мерос" жамғармаси Тўрақўрғон туман

бўлимининг жамоатчилик асосида иш юритувчиси.