(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).

Юқорида айтдикки, Навоий тўртта мадраса бино қилган ва уларнинг эшикларини халққа очиб қўйган. Таниқли шарқшунос олим, профессор Исматулла Абдуллаевнинг далолатича ўтмиш давр мадрасаларида, албатта, тиббий билимлар ҳам берилган. Навоийнинг бу борадаги фаолияти тиббиёт назариясини амалиёт билан боғлаб, бир-бирига яқинлаштириб олиб бориш имконини яратган.

Тозалик - саломатлик гарови эканини ҳамиша эътиборда тутган Амир Низомиддин халқ учун қатор ҳаммомлар ҳам барпо қилдирди. Хондамирнинг санашича, уларнинг сони 9 тага етказилган: "Шифоия" ёнида қурилган ҳаммом, Зиёратгоҳ ҳаммоми, Дарайи зангий ҳаммоми, Чилдухтарон ҳаммоми, Тарноб ҳаммоми, Панждеҳ ҳаммоми, Тувучи ҳаммоми, Файзиобод ҳаммоми". Шифохона ва хаммомнинг бир жойдалиги ҳам меъморий, ҳам тиббий-гигиеник уйғунликни таъминлаган. Агар ўрта асрлардан, балки ундан-да аввалроқдан ҳаммомлар ўзича хос давогоҳ вазифасини ўтаб келганини инобатга олсак, Навоий хайрли ишларининг қўшалоқлиги туфайли элга янада суюкли ва қадрли инсонга айланганини чуқур англаймиз.

Ҳаммомда дастлаб ювинишган, турли гиёҳлар солинган ванналардаги шафобахш сувларда чўмилганлар эса ҳар-хил дардлардан фориғланишган. Яна терлатиш, уқалаш (массаж) каби физиотерапевтик муолажалардан фойдаланишган.

Сувнинг яшаш манбаи экани ҳавоникидан сира-сира каммас. Бу табиий неъмат тиббий талаблар меъёрида бажарилади, сиҳат-саломатлик барқарорлашади. Ариқлардаги сув узоқ-узоқдан келаётгани учун унинг бардавом оқишига талатўп чоғларда кафолат қаерда. Боз устига шаҳар ичида, маҳаллаларда у пайт­лар ҳозиргидек қувурли сув тармоқларининг ер остидан тортилиши орзу эди. Халқ учун ягона ва ишончли сув иншооти ҳовуз бўлган. Навоий 20 жойда ҳовуз қаздирган, атрофини мустаҳкамлатиб, чиройли, дилтортар кўринишга келтирган. Ҳовузларнинг масжид, мадрасалар ховлисида, маҳаллаларда, йўл қирғоқларида, ҳатто қабристон ҳудудларида барпо қилдиргани элга бениҳоя қулайлик туғдирган. Агар шоирнинг беш достонли "Хамса"сига ишланган миниатюраларга назар солсак, ҳаммом, ҳовуз ва фавворалар тасвиридан ҳайратга тушамиз.

Шу ўринда "Алломалар олами" китобининг ҳаммуаллифлари, янаям аниқроғи буюк бобокалонимизнинг бунёдкорлик фаолиятларини тадқиқ қилган Актам Ўролов ва Иноятулла Сувонқуловларнинг фикрларини беихтиёр такрорлагимиз келади: "Миниатюралардан бирида Навоий даврининг ҳаммомлари ғоят ҳашамдор қилиб безатилганлигининг, уларда қадимий Шарқ­нинг фаришта қушлари Анқонинг тасвири ифодаланганлигининг шоҳиди бўламиз. Ювиниш залининг поли мармар тахталар, изораси эса одам бўйи баланд­лигида ҳошияли ложувард нақшлар, билан безатилган. Деворнинг юқори қисмига содда орнаментал нақш­лар, пештоқига эса ўсимликсимон шакллар билан ҳашам берилган. Қизиқ, ҳозирда ҳам ҳаммомлар пок­лик ва гўзаллик, халқимизнинг шифо маскани ҳисобланса-да, уларнинг нечоғлик ҳашамсизлигини кўриб таажжубга тушасан киши!"

Навоий ва тиббиёт мавзусининг аввалини бунёдкорлик ва меъморчилик ишларига боғланиб кетиши асносида ёритар эканмиз, биз бир ҳаётий ҳақиқатдан чекина олмаймиз. Ҳазрат Навоийнинг ўзлари зўр ишонч билан айтганларидай:

 

Ким қилса иморатки, қадр топгай,

Чун исми тарихларда боқий қолгай.

Не чоққача ул биноки маъмур бўлиб,

Ани исми эл тилига машҳур бўлгай.

 

"Бедард киши доимо шод ила хандон"

Тириклик неъматининг офати касаллик. Азал-азалдан "дард - бало" дейишларида ундан ҳар вақт эҳтиётланишга ишораям борлигини инкор этиб бўлмайди. Лекин ҳамма бирдай ўзини-ўзи ҳимоялашнинг уддасидан чиқа олмайди. Бирида тушунча, билим етмаса, бирида имконият топилмайди. Халқ ташвишида умргузаронлик қилувчи, халқи ҳаёти яхшиланиши учун қайғурувчи Навоийга ўхшаган буюк инсонпарвар шахслар болалигиданоқ кимгадир бир тикон кирса, ўзига санчилгандек озор туйганлар. Дардкашликда яшаб, ўзларидан айро кўрмаганлар. Юқорида айтганимиздай қадим мадрасаларнинг илму урфони таълими фақат хаёлий ҳолатлар, ғоялар маҳсулини эмас, ҳаётий - кўз ўнгида, ўзи яшаётган, ўзининг бугуни ва эртасига тааллуқли билим ҳамда амалиётларни мужассамлаган сабоқномалардан ҳам иборат эди. Инчунин, тиббий билимлар яшаш эҳтиёжи зарурати тақозосидан ўрганилганидан келиб чиқиб, Алишернинг ҳам болалик ва ёшлик чоғлари қизиқтирган фанлар қаторида табобат илми сир-синоатлари ўзига ром айлаган дейишга бемалол ҳақлимиз. Соҳанинг улуғлари, ҳаёти ва фаолияти гарчи мухтасар тарзда бўлса-да "Маҳбуб ул қулуб", "Мажолис ун-нафоис", "Тарихи анбиё ва ҳукамо", "Насойим ул - муҳаббат" асарларида қимматли маълумотларни келтиради. Уларга ўзининг муносабатларини изҳорлайди, фаолиятларини баҳолайди, фикру мулоҳазаларини қайд қилиб ўтади.

Навоийга бедардлик бегона, бедард кимсалар етти ёт. Дўст тутиши учун улар ҳам "дард"ли бўлиши шарт. Бу ердаги дардни биз кенг маънода тушунишимиз керак. Тор маънодаги хасталикнинг ўзигагина йўйишимиз мутлақо хато. Навоий наздида дард фақат салбий маъно - моҳиятга эга эмас. Кўпроқ ижобий ҳолатнинг ҳосиласи. Ҳақ дарди, халқ дарди, юрт дарди, келажак авлод дарди, миллат дарди ва тил дарди, ниҳоят ёр дарди. Навоий дардларини умумлаштириб ягоналасак, фақатгина битта сўз ифодалашга қодир. У ҳам бўлса ИШҚ! Ҳа, Навоий буюк ДАРД - буюк ишқ соҳиби эди.

 

Бедард киши доимо шод ила хандон,

Дардлилар ҳолини билмас ҳеч қачон.

 

Агар ҳикматқа бўлса илтифотли,

Ки бўлсун Нуҳ умрича ҳаётинг.

 

Ва лекин тиббу ҳикмат ҳам эрур ҳўб,

Ки сиҳатдир киши жисмида матлуб.

 

Дардли дардкаш инсон тимсолига айланган Навоий аслида Шарқ олами табобатининг устози авваллари - машҳур табиатшунос, файласуф, кимёгар ва табиб Абу Али ибн Сино ва ундан юз йил муқаддам яшаб, ижод этган қомусий олим Абу Бакр Розий меросидангина баҳрамандлик билан кифояланиб қолмаган. Улардан илгаригиларнинг тиббий фаолиятидан ҳам қўлёзма китоблар орқали бохабарлигини шаҳодатловчи маълумотларни ёзган асарларида учратамиз. Жумладан, жаҳонга донг таратган "Рим табиби Жолинус, Балиноснинг шогирди. Ва анинг сўзларидиндур буким, андуҳ жон беморлиғидур. Беморким иштаҳаси бўлмағай. У тандурустдин яхшироқдурким, иштаҳаси бўлғай. Ким анга сиҳат ортар ва мунга ранж" деб хабар беради. Ва бунга бир байтли назмий шарҳу изоҳ ҳам битади:

 

Бемор муштаҳийга саломат нишонидур,

Чун тандуруст муштаҳида эрмас, зиёндур.

 

Мазмуни:

Беморда иштаҳа борлиги тузалиш нишонидур,

Соғлом кишида иштаҳа бўлмаса - касалдур.

 

Навоий табобатга бағишланган алоҳида рисола битмаган бўлса-да, назмий ва насрий асарларида тиббий қарашлари у ёки бу йўсинда ўз ифодасини топган. Зеро, инсон учун ҳаёт ва саломатлик масаласи ҳамиша биринчи ўринда турадиган масала бўлиб келган. Халқона байтлар замиридаги одамнинг қандай яшаш кераклиги фалсафаси билан тиббиётни ҳеч вақт айро тасаввур этолмаймиз. Болалигиданоқ китоб ўқимоқликни асосий машғулот деб санаган кичик Алишернинг ақлу шуур бисоти Шарқнинг дурдона яратиқлари билан бойигандан бойиган. Аввало уйидаги, ке­йин мадрасалардаги, ниҳоят саройдаги кутубхоналардан баҳрамандлик сўз санъаткори мақомига кўтарилишининг мустаҳкам омилига айлангани беинкор ҳақиқатдир.

У - фаол ва зукко китобхон эди. У - халқининг содиқ дардшуноси эди. У - халқининг ҳормас халоскори эди. У сўз мулкининг сеҳргари эди. У - қалбларнинг табиби эди. Сўз - унинг дори - дармони эди. Сўз унинг давоси эди. Сўз унинг садоқатли дастиёри эди.

 

Сўз гуҳарига эрур онча шараф,

Ким бўла олмас анга гавҳар садаф.

 

Тўрт садаф гавҳарининг дуржи ул,

Етти фалак ахтарининг буржи ул.

 

Яъни: сўз гавҳарининг шарафи шунчалар юксакки, гавҳардек қимматбаҳо нарса ҳам унга садаф бўла олмайди. Тўрт садаф (сув, ҳаво, ўт, тупроқ) ичидаги гавҳар қути ҳам шу сўз, етти қават осмон юлдузларининг буржлари ҳам шу сўздир. Навоий нима учун сўзга сиғинганининг, нима учун юкинганининг, нима учун сўзга сарварликка интилганининг боисини ана энди англаган бўлсангиз керак.

Аслида табибликни касб-ҳунарга тенглаш унча тўғри эмас. У билим билан узвий боғлиқ фаолият. Тиббиётнинг бир-бири билан ажратиб бўлмас назарий ва амалий томонлари худди бир олманинг икки палласи кабидир. Шундан тиббий билим тиббий амалиётни, тиббий амалиёт тиббий билимни бойитиб борувчи бардавом жараён, инсонларнинг оғриқли жонига оро киритувчи, умрига умр қўшувчи фаолият сифатида тиббиёт боқий қадр-қимматга эга. Шарқнинг буюк алломаси, ўз кузатишлари асносида 800 га яқин касалликларнинг тарихини ёриб қолдирган олим-табиб Абу Бакр ар-Розий айтганидай: "Тиббиёт илми жуда узоқ асрлар давомида ривожланиб, такомиллашди. Бунда мингларча буюк табибларнинг хизматлари бор. Шунинг учун кимки уларнинг битикларини қунт билан мутолаа қилар ва моҳиятини англар экан, у ўзининг қисқа умрида жуда кўп йиллар аввалги касалларни кўздан кечириб, орттирган тажрибаларига нисбатан кўпроқ нарсани билиб олиши мумкин... чунки, бир киши, у ҳатто минг йил умр кўрса ҳам ўзидан илгари ўтган олимларнинг тажрибаси билан таниш бўлмаса, фақат ўз кузатувлари билан тиббиёт илмини етарли даражада эгаллай олмайди". Алишер Навоий адабиётни ўрганганидек, тиббиётни ҳам ўрганишни сира-сира канда қилмаганларига ҳеч шубҳа йўқ.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор).