Тиббиёт бирлашмасидаги навбатдаги маънавий-маърифий тадбир Ўзбек тили байрамига бағишланди. Анжуман аввалида бирлашма бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Баҳодир Турдиев сўзга чиқиб, кейинги пайтларда ўзбек тилига бўлган эътибор беҳад кучайтирилиб, ўтган йили Президентимиз ташаббуслари билан 21 октябрь - "Давлат тили ҳақида"ги қонун қабул қилинганининг 30 йиллиги илк бор мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Кейин эса, бугунги тадбирга таклиф этилган шоир ва публицист Содиқ Сайҳунга сўз берди.

- Давлат тилимизнинг ўттиз йиллик санасига бағишланган тантанали тадбирда қатнашган Президентимиз маърузасида тилимиз ривожи учун лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди, - деди у мамнуният билан. - Ўша куннинг ўзидаёқ "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузини тубдан оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги тарихий фармон ҳам имзоланди. 2020 йил 10 апрелдан кучга кирган қонун билан 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Демак, байрамимиз яна биттага кўпайди.

Ижодкор йиғилганларга тилимизнинг тарихи ҳақида қимматли маълумотларни етказди. Чунончи, буюк тилшунос Маҳмуд Кошғарийнинг "Девону луғат-т-турк" асари хусусида фикр юритиб, унинг қадим бобо ва момо сўзларимиз қомуси эканига алоҳида урғу берди. Девондаги тиббиётга тааллуқли 800 дан зиёд сўзларнинг тилимиздаги ўрни қандайлигига барчанинг эътиборини тортди. Шунингдек, Абу Али ибн Сино асарларида қўлланилган туркий сўзларга ҳам алоҳида тўхталди. Ўзбек тилимизнинг софлигини сақлаш, тараққиётини таъминлаш миллатимизнинг муқаддас бурчи эканини таъкидлади. Айниқса, қадим туркий тилимиздаги утюг, кирпеч, фартук, товар, йогурт ва лаваш каби сўзлар бугун бошқа тилларда қўлланиб, ўзимизга қайтаётгани ҳақида тўлқинланиб гапирганида барчанинг кўнглида ўзгача фахру ғурур уйғонди.

Байрам анжуманида сўзга чиққан 1-шаҳар шифохонаси врачининг маънафий ишлар бўйича ўринбосари Мавлуда Турсунова шифокорларни тил тарғиботида фаол қатнашишга чақирди. Шундай тадбирлардан бой таассуротлар олишаётганини мамнуният билан эътироф этди.