Дунё аҳлини оғир синовдан ўтказаётган коронавирус пандемияси шароитида меҳр-оқибат сингари миллий қадриятларимиз яна бир бор ўзини яққол намоён этмоқда. Айниқса, саховатли инсонларнинг олийҳиммати эътиборга лойиқ. Улар коронавирусга қарши фидойиларга курашаётган шифокорларни, уйда қолиб, карантин талабларини бажараётган, иқтисодий кўмакка эҳтиёжмандларни моддий қўллаб-қувватлашга баҳоли қудрат ҳисса қўшишни ўзлари учун долзарб вазифа деб ҳисоблашмоқда. Жумладан, вилоят "Ҳунармандлар" уюшмаси жамоаси ҳам бу эзгу саъй-ҳаракатдан четда қолаётгани йўқ. Саховат ва мадад кўрсатувчилар қаторида туришибди.

Бинобарин, мустақиллик айёмида улар томонидан тайёрланган байрам совғалари илғор тиббиёт ходимларига ҳам топширилди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, вилоят тери-таносил касалликлари диспансери, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Наманган шаҳар 1-туғруқхонаси ва бош­қа муассасаларда хизмат қилаётган ил­ғорлар уюшманинг раҳбар - ташкилотчилари рағбатидан беҳад хурсанд бўлишди.