2020 йил март кунларидан бошлаб Ўзбекистон Республикасида "Covid-19 " пандемияси муносабати билан карантин эълон қилинди. Халқнинг уйда қолиши коронавирус тарқалиши олдини олишнинг энг муҳим шарти деб топилди.

 

 

          ОЛАМИЙ ФАЛОКАТ КОРОНАВИРУС,

          ОММАВИЙ ҲАЛОКАТ КОРОНАВИРУС

Жаҳонгашта "ковид" учиб юрибди,

Одамдан одамга кўчиб юрибди,

Милёнларга кафан бичиб юрибди,

Оламий фалокат коронавирус,

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Янги асримизнинг янги балоси,

Тезроқ топилсайди даъфи давоси,

Арирди бошлардан жабру жафоси

Оламий фалокат коронавирус,

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Жиловин тортгунча э-воҳ Уханда

Жасадлар устида отди у ханда,

Одамкуш одатин қилмас у канда

Оламий фалокат коронавирус

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Ичинга беаёв қалайди гулхан,

Тириклик томирин ялайди гулхан,

Ажалнинг қиличин қайрайди гулхан

Оламий фалокат коронавирус,

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Ўлимга томоша ярашмас, эсиз,

Англамади кимлар "Тинчмизку..." деб биз,

Ҳеч юртдан ҳеч қачон кетолмас "изсиз",

Оламий фалокат коронавирус,

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Лондон, Париж, Теҳрон, Нью Йорк ҳамда Рим.

Мунғайиб қолар деб ўйлаганди ким,

Бой-қашшоқ, ёш-қари қираверар жим,

Оламий фалокат коронавирус,

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Ғафлат тўшагида ётма, одамзот!

Шарпасиз изиллаб жон овлар сайёд,

Кўксинга ин қўяр минг оҳу фарёд,

Оламий фалокат коронавирус,

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Еримиз қуёшга мудом парвона,

Номинг ягонадир, томинг ягона,

Бирлашмоқ - омонлик! Ўлим афсона!

Оламий фалокат коронавирус,

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Мен, сен, у - ҳаммамиз курашсак ҳушёр

Ҳавони кўзига қила олсак тор,

Ўзи қазган чоҳга ўзидир дучор,

Оламий фалокат коронавирус,

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Аждодлардан ўзиб кетган, эй одам,

Боларидай тўзиб кетган, эй одам,

Ўқ томирин узиб кетган, эй одам,

Оламий фалокат коронавирус,

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Ер қолиб, коинот ҳукмин хоҳлайсан,

Наҳот осмон қадар гуноҳ таҳлайсан,

Яратганга ўзинг қандай оқлайсан,

Оламий фалокат коронавирус,

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Кўнглинг безимасми қаҳшат-қаҳшатдан?

Нажот топ меҳрдан, раҳм-шафқатдан,

Бошингдаги бало даҳшат-даҳшатдан,

Оламий фалокат коронавирус,

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Доллар деб, евро деб, ҳар ишга шайсан,

Чиркин гуноҳларга ботиб яшайсан,

Шайтоннинг бошига қачон муштлайсан?

Оламий фалокат коронавирус,

Оммавий ҳалокат коронавирус.

 

Дерсан: "Пул устига қурилган ҳаёт",

Дерман: "Нур устига қурилган ҳаёт",

Соғлиқ тан қуёши - юлдуздан зиёд,

Оламий кураш бу - булутни суриш,

Одамий қисмат бу - Қуёшни суюш!..

10.04.2020

 

           СЕН ЎЗИНГ, ОИЛАНГ АСРАЙСАН ОМОН,

           МЕН ЎЗИМ, ОИЛАМ АСРАЙМАН ОМОН

Уйда қолгин дўстим! Иш кутиб турар,

Кўзинг катта очгин, туш кутиб турар,

Тўйу тўйчиқ, "хайру ҳуш" кутиб турар,

Сен ўзинг, оиланг асрайсан омон,

Мен ўзим, оилам асрайман омон.

 

Асли бу - ҳушёрлик, қўрқоқлик эмас,

Бугунги айролик тарқоқлик эмас,

Вақтинча кураш бил, ҳар чоғлик эмас,

Сен ўзинг, оиланг асрайсан омон,

Мен ўзим, оилам асрайман омон.

 

Яқинлар ёнма-ён, эмассан ёлғиз,

Уйинга йўлолмас, корона ёвуз,

Хотиржам кўнгилда лиммо-лим болҳис,

Сен ўзинг, оиланг асрайсан омон,

Мен ўзим, оилам асрайман омон.

 

"Covid-19" бу офатий зарра,

Зимдан тирик танга тортади арра,

Атомдан ҳам ваҳший, юз бор, минг карра,

Сен ўзинг, оиланг асрайсан омон,

Мен ўзим, оилам асрайман омон.

 

Саёҳатда урчир, найза учи бор,

Дунёни ларзага солар кучи бор,

Инсонларда қандай қасди, ўчи бор?

Сен ўзинг, оиланг асрайсан омон,

Мен ўзим, оилам асрайман омон.

 

Учрашув, дийдорни тўхтат, кечиктир,

Дўстларни соғинтир, майли ичиктир,

Телефонда овунар катта-кичикдир,

Сен ўзинг, оиланг асрайсан омон,

Мен ўзим, оилам асрайман омон.

 

Ойнаи жаҳонда олам аҳволи,

Нақадар даҳшатли умр заволи,

Лаънати лоқайдлик - одам уволи,

Сен ўзинг, оиланг асрайсан омон,

Мен ўзим, оилам асрайман омон.

 

Қара, болаларинг меҳрга тўяр,

Бирга китоб ўқир, суюниб суяр,

Гоҳ мактаб, боғчани соғиниб қўяр,

Сен ўзинг, оиланг асрайсан омон,

Мен ўзим, оилам асрайман омон.

 

Уйинг тинч, тирик жон хатардан холи,

Онлайн ўқувда боланг баҳоли,

Паноҳкор давлат бор - халқмиз иқболли

Сен ўзинг, оиланг асрайсан омон,

Мен ўзим, оилам асрайман омон.

 

Наҳотки асримиз - фожиа асри,

Бу қандай касофат, бу кимнинг касри!

Тириклик тугаса, бир пул Ер қасри,

Сен ўзинг, оиланг  асрайсан омон,

Мен ўзим, оилам асрайман омон.

 

Сабрдан сабрга берайлик сабоқ,

Қариндош-уруққа учмасин қабоқ,

Ҳаётга ошуфта меҳр товлаб боқ,

Сен ўзинг, оиланг асрайсан омон,

Мен ўзим оилам асрайман омон.

 

Сино авлодига синов онидир,

Савоб ўзбегимга ҳаёт қонидир,

Халоскор Юртбошим, гўё жони бир,

Сен ўзинг, оиланг асрайсан омон,

Мен ўзим, оилам асрайман омон.

 

Осуда кунлар ҳам яқиндир ишон,

Офатдан қолмагай ҳеч ному нишон,

Қайтажак ҳар уйга, Ватанга ҳуш он,

Сен ўзинг, оиланг асрайсан омон,

Мен ўзим, оилам асрайман омон!

12.04.2020

 

 

                                   СИНОВ ВА САБОТ

                     УЙДА

Ҳаёт тарзи бу чоғ одатга хилоф,

Уйда қолмоқ асрар жонни жабрдан.

Минг шукур, халқда йўқдир ихтилоф,

Синов шарти битта - нажот сабрдан.

 

Эрта-кеч оила бирга жамул-жам,

Ҳар ким ўз уйида, тану-жон сиҳат.

Эҳ, бугун бир четда йиғлар соғинч ҳам,

Дастурхон тўкину, дийдордир қаҳат.

 

Туйғулар уятда - боши хамланган,

Оқибат раъйини хатар қайирар.

Бир-бирин асраш-чун қалбда ғамланган

Бирлаштирар меҳр бугун "айирар".

 

Кийимни ямаса, ярар кийишга,

Қориннинг бормикин бирор ямоғи.

Тоғ ҳам туриш бермас ётиб ейишга,

Ҳар тирик инсоннинг тешик тамоғи.

 

Деҳқон халқ ҳовлида эмасдир ёлғиз,

Лек парча ери ҳам кондир ризққа.

Қанчалар бўлмасин ёвуздан-ёвуз

Қотил коронанинг умридир қисқа.

 

Компьютер, телефонга кўчди кўп ишлар,

Масофа писандмас - яқиндир йироқ.

Умид эртанги кун баридан ушлар

Тун бағрин тилгандай чақмоғий чароғ.

 

Талабалар уйда, ўқувчи уйда,

Ҳамма якка-якка, дарслар онлайн.

Елга совуришмас вақтни беҳуда

Ойнаи жаҳонда таълими тайин.

 

Нигоҳлар югурар илдам, қатма-қат,

Ажаб! Китобларнинг арази тарқар.

Мағзин чақиб борар ота хатма-хат,

Бурро набирасин бобоси алқар.

 

Уйда қолиш асли - яшаш соғ-омон,

Уйда қолиш асли - олмоқ соф нафас.

Уйда қолиш асли - энг сўнгги имкон,

Уйда қолиш асли - кураш, беҳавас.

 

Жим туриб курашмоқ - курашнинг зўри,

Жипсдан жипсмиз яккама-якка.

Коронанинг шаксиз қуригай шўри,

Саботли халқ етар орзу тилакка.

 

 

               КЎЧАДА

Оғзимизда ниқоб, кўнглимиз нотинч,

Одамнинг ҳадиги одамдан наҳот!

"Масофани сақланг!" - ягона ўтинч,

"Ковид" қаршисида бу - ҳаёт-мамот!

 

"Қирқ йил қирғинда..." -ўргатар ақл,

Манмансирарларнинг шарҳи беҳуда.

Ноҳақ у, айбин ҳеч оқлолмас нақл,

Асралганни асрар ҳар қачон худо.

 

Молу дунёларсиз яшолмас нафс,

Кимнидир ирғитар гуноҳий чоҳга.

Корининг касридан хўрланади лафз,

Шайтонни босганда бир кас қучоққа.

 

Озиқ-овқат учун чиқиб дўконга

Турфа савдолардан оғриди дилим.

Замон ўнг боқдими нафси ўпқонга,

Баҳонаси ботиб қичиди тилим.

 

Оғир дам қимматдан ризқ излар банда

Ўзгаларни тунар ўғридан камми?!

Пулга тўярмикин кўзинг ўлганда

Сендай кимсаларга иймон ҳамдамми?!

 

Йўқ-йўқ, сояларни яна нур қувар,

Деҳқон илк ҳосилин тарқатар арзон.

Кўнгилнинг ғуборин яхшилар ювар,

Ўзи инсоф берса, бу жуда осон!

 

Камбағал қозони қайнамай қолмас,

Саҳий тадбиркорлар бутлайди камин.

Юксак марралари қуруқ хаёлмас,

Давлати қўллайди ҳамкор, ҳамдамин.

 

Ҳотамлик ўзбекка азалий одат,

Ҳар катта, ҳар кичик туғма ҳимматкор.

Кўчаларни кезар савоб-саховат,

Раҳбару депутат - элга хизматкор!

 

Саховату кўмак - нажотдир ахир,

Аҳил эл ғамини чекар Юртбоши.

Соғу саломатлик - куч-қудрат, фахр

Раҳнамодан рози барча юртдоши.

 

Ҳувиллаган кўча, машина сийрак,

Одамлар уйида, жоннинг қайғуси.

Халқимиз ҳушёрдир, халқимиз зийрак,

Омон-омон кунлар яна қайтгуси!

22.04.2020. 

 

ШИФОХОНАДА

Коронавирус пандемияси чангалига тушган ҳамюртларимиз матонатли шифокорларнинг кеча-кундуз чеккан заҳматлари туфайли тезда соғайиб, оилалари бағрига қайтишяпти.

 

Бошда вирус балоси,

Борми бирон давоси?

Тиб илми уммонида

Сузар олам "ғаввоси".

 

Зарра-зарра найзадор

Қилмасин деб азадор,

Эли учун қайғудош

Жони фидо шифокор.

 

Ўпкасида корона,

Бемор ичи вайрона.

Сунъий нафас олдида

Ажал лолу ҳайрона.

 

Ёндиради истима,

Йўтал, қонли қустирма.

Нажот тилар халоскор:

- Аллоҳ, тилим қистирма!

 

Бир тан, бир жон бўлади,

Азобларга тўлади.

Курашар тенг яшашга,

Бемор ўлса - ўлади.

 

Урушдайин кетар "жанг",

Инсонларнинг ҳоли танг.

Дўхтирларга фарқи йўқ

Қачон оқшом, қачон тонг.

 

Ниқоб қалқон, албатта,

Қолмасин ҳеч ғафлатда.

Хато қилса салгина

Кутар фожиа катта.

 

Бу - огаҳий фалокат,

Бу - оламий ҳалокат,

Қаҳрамонлик синови -

Қасамёдга садоқат.

 

Нигоҳи тиғ - бургуткўз,

Тили бийрон - булбулсўз.

Шарафлайсан шаънингни

Қуёш қиёс - ёруғ юз!

 

Халқ ихлоси, ишончи,

Нажоткори қувончи.

Келар дардли, кетар соғ,

Сен - тириклик таянчи!

24.04.2020.

 

Содиқ САЙҲУН,

шоир ва публицист, «Турон» фанлар академияси академиги.