НАВРЎЗИНГ - ЯНГИ КУН, ЯНГИ ДАВРОНИНГ МУБОРАК, ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ!

Халқимиз ҳаётига азалдан сингиб кетган байрамлардан энг суюклиси ва энг қадрлиси Наврўздир. Агар номини таҳлил этадиган бўлсак, Янги кун маъносини ифодалайди. Ахир худди шу куни, яъни 21 март айёмида тун ва кун тенглашади, эртасидан кун узая бошлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида айтилганидек: "Халқимиз миллий юксалиш ва миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган ҳозирги вақтда барча эзгу қадрият ва анъаналаримиз қатори Наврўз байрамининг ҳам ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Айниқса, ушбу қадимий байрамнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган яшариш ва янгиланиш, яхшилик ва бағрикенглик, табиатни асраб-авайлаб, доимо у билан уйғун бўлиб яшаш каби ўлмас ғоялар бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади ва маъно - мазмунига ғоят ҳамоҳанг эканини таъкидлаш лозим".

Мана, иккинчи ҳафтадирки, ҳамма ёқда уйғониш фаслининг долзарб юмушларини уддалаш авжида. Кексаю-ёш кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига қизғин киришиб кетган. Кимдир ариқ кавлаяпти, сув йўлларини қиши билан тўпланиб ётган лойқа-қуйқалардан, хору ҳашаклардан холи қилмоқда. Кимдир йўл қирғоқларига манзарали, боғларга мевали ниҳоллар ўтқазиш билан банд. Кимдир гул кўчатлари остини юмшатяпти. Кимдир дарахтларнинг танасини оқламоқда. Бекор туриш йўқ, ҳамма бирдай ҳаракатда.

Бу байрам бежиз умумхалқ байрами деб аталмайди. Етти ёшдан етмиш ёшгача, ҳатто саксон, тўқсон ва юз ёшли бобо-момоларимизнинг чеҳраларига нур югуртиради. Қаёққа қарамайлик, эгзу ниятли чолу кампир, эркагу аёл, ўғилу қизларнинг юзларида табассум кўрамиз, қадамларида илдамлик сезамиз, тилларидан саодатбахш тилаклар эшитамиз. Мингдан - минг шукроналар айтамиз шундай беқиёс ўзгаришларнинг иштирокчиси бўлаётганимизга, шундай Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр фуқароси эканимизга.

Гарчи Наврўз 21 мартдан кирса-да, унинг нашидаси, шукуҳи аллақачон ўлкамиз узра кезиб юрибди. Маҳалла гузарларида, кўча бошларида, ташкилот ва муассасаларнинг ҳовлиларида дош қозонлар осилиб, сумалаклар қайнатиляпти. Бозорларда турли дармондор кўкатлар савдоси эртадан кечга қадар тинмайди. Навбаҳорнинг сертаъм таомларини суймайдиган одам борми. Хонадонлардаги тандирларга кўксомсалар ёпил­япти, қозонларда кўкманти, кўкчучваралар пишириляпти. Қўни-қўшнилар биргаликда баҳам кўриш учун серфайз дастурхонлар ёзиш­япти.Эҳ-ҳа, қандай меҳр-оқибатли халқмиз-а! Илоҳим, ҳеч вақт кўз тегмасин, кўҳна удумларимизга, қадриятларимизга!

Наврўз байрами бутун юртимизда, шаҳру туманларимизда, қишлоқ ва овулларимизда умумхалқ сайили тусини олиши табиий ва буни ғоят кўтаринки кайфиятда шоду хуррамликда ўтиши учун масъул раҳбарлар, мутасадди ташкилотчилар тараддудлар тўкис бўлишига эришишлари шарт. "Наврўзинг - Янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!" деган бош ғоя барча тадбирларда мужассам бўлмоғи керак.

Қарорда кўрсатилганидай Наврўз кунларида инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътибор яққол ўз ифодасини топишини кўрсатиб берадиган, атроф-муҳитни, унинг неъматларини асраб-авайлаш, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилиши керак. Энг муҳими, уларда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналарига ҳамоҳанг тарзда таъсирчан усулларда ифода этишга эришилиши мақсадга мувофиқдир.

Наврўз яқин, азизлар! Ҳар биримиз учун шарқона Янги йилнинг янги куни битмас-туганмас шодликлар билан бошлансин. Йил давомида у бахш этган куч-қувват, ғайрат- шижоат кўнглимизни асло тарк этмасин!