Нанайда Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат туман кенгаши ўзига хос фестивал ташкиллади. Тадбирга "Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси - умуммиллий тарбия асоси" мавзу қилиб олинди. Фестивал тантанали очилгач, меҳмонлар дастурда белгиланган масканларга ташриф буюришди. Дастлаб қишлоқдаги мактабгача таълим ташкилотининг фаолияти билан танишилди.

Спорт мактабида ҳудуддаги маҳаллаларнинг уюшмаган ёшларидан иборат жамоалари иштирокида мусобақаларга старт берилди. Қишлоқ маданият марказида меҳнат ярмаркаси уюштирилди. Кутубхона ва гаме клуби очилди. Мактабларнинг ўқувчилари томонидан тайёрланган амалий санъат намуналари кўргазмаси намо­йиш қилинди.

Фестивал дастуридан алоҳида ўрин олган юртимизнинг икки буюк алломаси - Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд айёмларига бағишланган адабий-бадиий мусиқали композиция ғоят мароқли ўтди.

Сўнгра, янгиқўрғонлик таниқли шоир ва журналист Қамбар Ҳайдарнинг янги "Изҳор", 18-мактаб ўқувчиси Маржона Тўхтасинованинг "Дил дафтари" китоблари тақдимоти маънавий-маърифий тадбирнинг давоми сифатида барчага маъқулу манзур тушди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари - Боқий Мирзо, Содиқ Сайҳун ва Лобар Рустамовалар сўзга чиқишиб, Қамбар Ҳайдарнинг эссэ ва ҳикоялари ҳақида ўзларининг қимматли фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Қизғин эътирофлар муаллифнинг кўнг­лини янада тўлқинлантирди, уни бундан-да фаол қалам тебратишга руҳлантириб юборди.

Маънавият фестивали барча қатнашчиларда бой таассуротлар қолдирди. Соҳа мутахассислари эса ўзига хос янгилик ва тажрибалардан баҳраманд бўлишди. Нанайликларнинг бу борадаги фаолияти туманда узлуксиз тарбия концепциясини изчил амалга оширишда бошқаларга ибрат ролини ўйнади.

(Ўз мухбиримиз).