Миллат адабиёти тарихини ҳар замонда янгилаб, унинг бадиий имкониятларини бутун дунёга намоён этиб турувчи азиз инсонлари, ижодкорлари бўлади. Булардан бири Темурийлар салтанатида хизмат қилиб, амири мукарраб унвонига эга бўлган ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий бўлса, иккинчиси бевосита Темурийзода, давлат арбоби, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир.

Бобур, аввало, буюк шоҳ ва истеъдодли шоир, бобурийлар сулоласига асос солган йирик давлат арбоби. Бу сулола тарих саҳнасида 332 йил ҳукм сурган.

Унинг "Бобурнома", "Девон", "Мубаййин", "Аруз рисоласи", "Ҳарб иши" сингари асарлари неча асрки китобхонлар томонидан ўқиб-ўрганилади. Бобур кўп қиррали фаолият соҳиби.Унгача бирор қаламкаш ўзбек тилида "Бобурнома"чалик ҳақиқий наср намунасини ярата олмаган десак, асло муболаға бўлмас. Айни маҳалда лирик, фалсафий, ахлоқий - таълимий йўналишларда ғазал, рубоий, қитъа, туюқ, фард ва маснавийлар ёзган буюк сўз санъаткори.

У - бастакор. "Вақоеъ" ("Бобурнома")да куй ижод қилганини қайд этган.

У - санъатшунос. Камолиддин Беҳзод асарлари ва шахсига баҳо берган. Мусаввирнинг ютуқ ва нуқсонлари юзасидан қимматли фикрлар юритган.

У - тилшунос. Тилнинг этимология, фонетика ва қиёсий тилшунослик соҳаларида қалам тебратган. Ҳатто янги ёзув хати ихтиро қилган.

У - адабиётшунос. Араб, форс ва туркий халқларнинг арузшунослигига катта ҳисса қўшган.

Адабиётимизнинг дилбар ва дилкаш шоири, серқирра ижодкор, ўз асарлари билан ҳамиша барҳаёт. Бугунги ёш авлод доимо Бобурга юксак эҳтиром кўрсатиб келмоқда.

Ҳулкархон ҲАМДАМОВА,

Наманган шаҳридаги 14-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси