Вилоят қон қуйиш марказида ташкилланган бу галги тантанали тадбир Зокиржон Ҳожимирзаевнинг 60 ёшга тўлган қутлуғ айёмини нишонлашга бағишланди. Бош врач Мунира Умрзоқова фидоий инсон, ўз касбининг устаси, олий тоифали лобарант-шифокорни самимий қутлади. Унинг ҳалол ва фаоллигини, ишга доимо масъулият билан ёндошишини алоҳида таъкидлади. Фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди.

Сўнгра Наманган шаҳар санитария эпидемиологик осойишталик маркази ходими Замира Акбарова, РШТЁИМ Наманган филиали қон қуйиш бўлими мудири Ҳамидулло Тўхтамирзаевлар муборак ёш соҳибига эзгу тилакларини изҳорлашди.

Шунингдек, марказнинг ташкилий-услубий бўлими мудири Юсуфжон Аминов, донорлик бўлими мудири Азимжон Давронов, врач Шарифжон Тўхтаназаров, врач-лаборант Нуритдин Муҳсинов, ҳамширалар Муқаддас Нуриддинова ҳамда Мўътабар Ғаффоровалар ҳам қутлов сўзларини айтишди.

- Мен 7 ёшимда отамдан айрилганман, - дея хотирладилар Зокиржон ака. - Бир умр ўқувчиларга илму маърифатдан сабоқ берган дадам касаллик туфайли бевақт оламдан ўтганлар. Ана ўшанда мурғак юрагимда шифокор бўлиш орзуси уйғонган. Биз фарзандларга қатор-қатор ҳовли-жойлар эмас, иккита шкафда энг бебаҳо ҳазина - китоб­ларни мерос қолдирганлар. Ана шу китобларни ўқиб асло кам бўлмадим. Умримни фақат ва фақат яхшиликлар безади. Ҳаётда ҳеч қоқилмадим. Китоблар менинг суянчим, таянчим, мададкорим бўлди. Шунинг учун шогирдларимга, фарзандларимга ҳамиша таъкидлашдан чарчамайман. Китоб ўқиган инсон асло кам бўлмайди, дея уқтираман.

Ҳаёти ёшларга ибрат қилиб кўрсатишга муносиб бўлган инсонга биз ҳам узоқ умр тилаймиз. Ҳамиша ҳамкасблари ардоғида юрсинлар!

Манзура ЭРГАШЕВА.