Дунё мамлакатлари тарихида, дунё халқлари ҳаётида ўчмас из қолдирган раҳнома зотлар унча кўп эмас. Саркардалик бобида ҳам, юртбошиликда ҳам оламга танилган буюклар эса бармоқ билан санарли, холос. Улар ичида ўзига хос мардоналик касб этган, ҳамиша зафарёрлик нашъасидан масрурлик туюб яшаган, атрофидагиларга, қўл остидаги эл-улусга саховату мурувватда бетимсоллик касб этган, адолат туғини беҳад баланд тутган, миллионларнинг халоскорига айланган Амир Темур бобомизнинг мавқе-мартабада ғоят юксак мақомга эришганликларини бутун жаҳон тан олган. Бу зот ҳақда эътирофлар кўп. Ёзилган китоб­лар қат-қат. Аввал ҳам битилган, бугун ҳам битилмоқда, эртага ҳам битилаверади.

Сўнмас шон-шуҳратга бурканган суюкли Соҳибқиронимизнинг фахру ғурурбахш умрлари неча-неча авлодлар учун сабоқ мактаби бўлиб қолаверади, албатта. Биз истиқлол айёми арафасида биргина ҳайратомуз воқеани эсга олмоқ билан кифояланамиз. Инчунун, шунинг ўзиёқ ул зотнинг довруғи ҳаддан зиёд кенг миқёсни қамраб олганини, ҳатто вафот этганларидан кейин ҳам ер куррасидаги қудрати зўр ҳукмдорларнинг ҳавасини уйғотганидан, номлари тилда зикр қилинганида ҳар қандай подшоҳ дарров ҳушёр тортиб қолаверганидан воқифланамиз.

Тарихий китоблардан яхши биламизки, Амир Темур 1399 йил қиш мавсумини Қорабоғда ўтказаётган чоғда Хитой ҳоқони томонидан арзимаган баҳона билан қўл остида яшаётган юз мингдан ортиқ мусулмон қавмнинг қирғин қилинганини эшитиб, ғоят изтироб чекади. Аҳли мўминларни зулму хўрликдан халослашга азму қарор қилади. Шу аснода қўшни юртдаги исломга ёвназар Мин сулоласи кучайиб кетишининг олдини олиш чорасини излайди. Айни пайтда Темур давлати ва Хитой мамлакати ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган эди. Савдо карвонларининг Буюк ипак йўли бўйлаб борди-келдиси учун зарур имконияту шароитларгача яратиб қўйилганди.

Бора-бора асосий мақсадга эришиш учун Хитой сари жанговар юришдан ўзга йўл қолмаганига тўла ишонч ҳосил қилган Соҳибқирон 1405 йилнинг қирчиллама қишлигига қарамай, ўша ёққа отланади. Совуқнинг ўта кучлилигидан Сирнинг суви қалин музлагани учун дарё устидан осонгина ўтилиб, Ўтрорда бироз тин олишга тўғри келади. Бироқ 9 февралда буюк жаҳонгирнинг соғ­лиғи тўсатдан ёмонлашади.

Мирҳонднинг "Равзат ус-сафо" асарида битилганидай: "...18 февраль куни шом билан хуфтоннинг орасида ҳазрат Соҳибқирон Темурбек Кўрагон бир неча бор калимаи тоййибани такрор этиб, азиз жонини Яратганнинг қўлига топширади".

Унинг тахти вориси бўлганлар ичида ўғли Шоҳруҳ айниқса қўшни давлатлар билан алоқалар бардавомлигини таъминлашга астойдил интилади. Дўстлик ришталари иқтисодий ва сиёсий муносабатларнинг яхшиланишини кўзда тутганлиги табиий, албатта. Бироқ, дипломатик алоқа вақтида салгина хато фикр­лаш, бир-бирини тушунмаслик ҳолатлари ҳар икки томон учун ҳам қимматга тушиши мумкин. Ёки аксинча энг қалтис вазиятда муаммоли масаланинг чигилини ўйлаб айтиладиган жўяли изоҳ ёзиб юбориши қуйидаги ҳаётий мисолда мужассамдир.

XV асрнинг машҳур тарихнависи Абдураззоқ Самарқандийнинг "Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн" - "Икки саодатли юлдузнинг чиқиши ва икки денгизнинг қўшилиш жойи" китобидаги 1421 йилги Хитойдаги воқеалар диққатга лойиқ:

"Қози элчилар олдига келиб: "Отдан тушинглар ва подшоҳ етиб келганида бошларингизни эгинглар", - деди. Элчилар шундай қилдилар. Подшоҳ: "Отга мининглар", - деб буюрди. Элчилар отга миниб подшоҳга ҳамроҳ бўлдилар. Подшоҳ гина қилишга бошлаб, Шодихожага айтди: "Тортиқ ва совға, ҳадяга юборилган от ва овчи қушлар ғоятда яхши бўлмоғи лозим, токи икки орада муҳаббат ортмоғига сабаб бўлсин; сен келтирган от эса, мен унга ов вақтида минган эдим, ғоятда қарилигидан мени улоқтириб ташлади; менинг қўлим оғрияпти, кўкариб кетди, кўп дори суртган эдим, алами бир оз таскин топди",-деди.

Ўша лаҳзаларда Хитой подшоҳи кўнглида "Мовароуннаҳрдан келган меҳмонлар атайлаб мени шу аҳволга солишни режалаштирган бўлса-чи?" - деган ўй ҳам бор эди. Аччиқ устида элчиларни жазога гирифтор этиши эҳтимоли туғилиб, юракларини ҳовучлаб туришганида кутилмаган нажотбахш фикр орадаги гинахонликни кўтариб юборади. Яъни: "Шодихожа узр айтгандай бўлиб: Бу от улуғ амир ҳазратлари Темур Кўрагондан ёдгор қолган, Шоҳруҳ жаноблари ғоятда ҳурмат кўрсатиб, бу от сизнинг улусингизда отларнинг САРОМАДИ бўлар деган умид билан юбордилар" - деб арзга етказди. (Бу гап) подшоҳга ёқиб тушди ва таҳсин айтди. Шундан кейин (қушчиларга) шунқор келтиришни буюрди ва бир турнани учириб, шунқорни қўйди; шунқор уни қувиб уч марта тепгач, олди. Подшоҳ отдан тушди, унинг оёғи остига бир курси қўйилган эди, (шунқор) яна бошқа бир курсига тушиб қўнди. Подшоҳ шу шунқорни Султоншоҳга тақдим қилди ва яна бир шун­қорни Султон Аҳмадга берди..."

Демак, хитой ҳукмдорлари ҳам Амир Темурнинг омадёр отларини қадрлашган. Бобомизга ўхшаб, шону шуҳратларга кўмилишга интилишган.

Содиқ САЙҲУН.