Бахт илдизларини биласизми? Агар билмасангиз, мулоҳазаларимизга беэътибор бўлманг. Мақоламизни ўқишга вақт ажратинг. Ана ўшанда бу ҳақда маълум маънода маълумотларга эга бўласиз.

Одамлар дунёга келгач, қандай табиий, оилавий, иқтисодий, руҳий, маънавий, маданий, қонуний, сиёсий, халқаро муҳитда бўлишига қараб шаклланади. Инсоннинг шаклланишида оила муҳити асосий омиллардан биридир. Ота-онанинг жисмоний ва руҳий соғ­лиги, меҳнатга муносабати, яхши ахлоқи, маданияти, маънавияти, инсоний меҳр-муҳаббати, ўз бурчларини бажариши, фарзандларини жисмоний, ақлий қобилиятларига қараб, қизиқишларини ҳисобга олиб, яратилган шароитга тўғри келадиган талабчанлиги муҳим роль ўйнайди.

Ривожланиб, жисмоний ва руҳий мукаммаллашиб ҳозирги кўринишга эга бўлган инсонлар ҳаётнинг гўёки дуру гавҳари-ю, ёқутидирлар. Одамлар ўсимликлар, ҳайвонлар, паррандаларнинг яхши навларини етиштиришни, меҳнатларини енгиллаштирувчи техникаларни ясашни ўрганиб олишган бўлсалар-да, ҳали ҳануз яхши одамларни тарбиялашни, адолатли жамият қуриш илмларини тўлиқ ўрганиб, уларни ҳаётга изчил татбиқ эта олганларича йўқ. Дунё миқёсида ҳозирда ҳам илм-фан, техника ривожи натижасида жуда кўп табиат, жамият ривожи сирлари очилишига, иқтисодий, руҳий шароит етарли бўлишига қарамай, уруш ва тинчлик, очлик ва тўқлик, бахт ва бахт­сизлик муаммолари одамлар фойдасига ҳал этилмай қолмоқда.

Инсонлар ҳаётига яхши ёки ёмон таъсир кўрсатадиган омилларга ота-онанинг насли, саломатлиги, тарбияси, билими, руҳияти, инсоний сифатлари, (она соғлом бўлса, сифатли овқатланса, яхши ниятда, кўтаринки кайфиятда яшаса, танаси қонига фойдали моддалар ишлаб чиқаради) ташқи муҳит таъсири, ҳомиладорлик давридаги касалланиши, ов­қатланиши, руҳиятининг ҳолати, зурриёд ёруғ дунёни кўргач эса, чақалоққа яратилган шароит, парвариш, жисмоний ва руҳий меҳр-муҳаббати киради. Чақалоқнинг қандай умр кечириши яшаётган жойидаги табиий, оилавий, иқтисодий шароитларга, маънавий муҳитга, онанинг тарбиясига кўп жиҳатдан боғлиқ. Фарзандларнинг мукаммал инсонлар бўлиб тарбияланишига ота-оналар тўлиқ масъулдирлар. Чунки бу уларнинг зурриётларидир. Яхши фарзандлардан кўрадиган ҳузур-ҳаловатларни, ёмон фарзандлардан чекадига азоб-уқубатларни бир умр ўзлари татийдилар. Тўғри, боғча, мактаб, касб-ҳунар коллежи, академик лицей, олий ўқув юртлари ўз йўналишлари бўйича илм беради. Лекин тарбиясиз болалар ўзларининг илм олиши бир ёқда қолиб, бошқаларга ҳам ҳалақит қилишади. Катта бўлган сари ота-онасига, жамиятга зарари ҳам катталашади.

Биз "Бахт илдизи" китобимизда муаммони ечиш учун одамларга қулайроқ йўлини топишга ҳаракат қилиб, иложи борича мутахассисларгина тушунадиган илмий сўзларсиз, соддалаштириб, умумлаштириб, илмий-оммабоп йўсинда фикр юритдик. Инсон танаси табиатдан, руҳияти илмлардан озиқланиб, сифати ортади, мукаммаллашади. Тўпламдаги бос­қичма-босқич юксалиб, бир-бирини тўлдириб, ҳаётнинг ҳамма қирраларини қамраб олувчи илмлар тизими инсонлар бахтли, чароғон ҳаётларининг машъали, куч-қуввати озиғидир.

Одамлар умрларининг ҳамма босқичларида илм ўрганиб, шунга асосланган эзгу-ниятли амалларни бажарсалар, илм-фан, техника ютуқларидан яхшилик учун фойдалансалар, ҳар бир шахсни мукаммал яхши инсон қилиб тарбиялай олсалар, инсониятнинг порлоқ, бахтли келажагини таъминлай оладилар. Ўзларига боғлиқ нарсаларни яратувчи ҳам, йўқ қилувчи ҳам инсонлардир. Ҳар бир одам ҳаётини илк бора одамлар яралган пайтда қандай тоза, пок, илмсиз, тажрибасиз бўлса, ўшандай бошлайди. Кейин табиий, ирсий, оилавий, иқтисодий, қонуний, жамият ва сиёсий кучлар таъсирида бўлади. Бу кучларнинг яхши - ёмони таъсирида насли, жисмоний ва руҳий саломатлиги, қобилияти, меҳнатга муносабати шаклланади, ривожланади. Сўнгра мукаммалликка эришади ёки маълум бир бос­қичда тўхтаб қолади.

Дунёга келган одамнинг бир марта яшаш имконияти бор, холос. Бу имконият ҳаммага ҳам берилавермайди. Кимлардир ўз авлодини давом эттириш имкониятига эга эмас (бепуштлик), зурриёт умри она қорнидалигида, туғилиши даврида, туғилгандан кейин турли сабаблар билан тўхтаб туриши мумкин. Ана ўшанда баъзилар ҳаётга керакли ҳамма аъзолари тўлиқ бўлмаган ҳолда дунёга келадилар.

Бу ҳаётий муаммоларни адолатли, инсоний тўғри ҳал қилиш ва тушуниш учун диний ҳамда дунёвий илмлар асосини билиб, тўғри-нотўғрини, яхши-ёмонни, фойда - зарарни ажрата олиш лозим.

Ҳаётда қуйидаги кучлар мавжуд:

1. Табиий кучлар.

2. Шахсларга тегишли кучлар.

3. Жамият ва давлат тузумига тегишли кучлар.

Табиий кучлар коинотдаги, ердаги ўзгаришлар, иқлим, вулқонлар, зилзила, бўрон, тўфонлар, сув тошқинлари, ёнғин каби одамларга яхши ёки ёмон таъсир қиладиган кучлардир.

Шахсга тегишли ёмон кучлар: ота-онаси ёки ўзининг айби билан соғлиги ёмонлашганлик, билимсизлик, меҳр-оқибатсизлик, адолатсизлик, масъулиятсизлик, тарбиясизлик, нафсга берилишдан иборат.

Яхши кучлар табиат тозалигини, одамлар соғлигини сақловчи ва мустаҳкамловчи, келажак авлодни ва ўзларининг бахтли ҳаётини, иқтисодий ва руҳий тенгликни, тинчликни таъминловчи ишлар ҳисобланади. Ривожланишу, мукаммалликка элтувчи билимларни эгаллаш, ҳокимиятни ошкора, халқ маслаҳатига асосланиб, халқ фойдасига адолатли бошқариш жуда муҳим.

Ҳаётга тўғри баҳо бериб, яхшилик томонга ўзгартиришни хоҳловчи, курашувчи инсонлар кўпайса, турмушдаги ҳамма муаммоларни маслаҳатли равишда, ошкоралик билан одамлар фойдасига урушу қурбонларсиз ҳал қилиш мумкин бўлаверади.

Яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги кураш ҳар бир одамнинг ўз ичидан бошланади ва биттасини танлайди. Одамлар ўртасида, жамоалар, миллатлар, ирқлар, динлар, давлатлараро муносабатларда ҳам худди шундай. Агар яхшилик томонни танламай, ўрта ҳолатда иштироксиз турилса, ёмонликнинг кучайишига ёрдам берилади. Бир кун келиб ўзининг авлодлари бошига ҳам кулфатлар келишига сабаб бўлинади. Чунки ёмонлик билан ўз мақсадларига етишувчи кимсалар ҳаёт пайдо бўлгандан бери Аллоҳнинг иродасига ҳам қарамай, ҳеч кимни аямай келишга одатланишган. Уларнинг мақсади ҳалол меҳнатсиз тўкин-сочин ҳаётга эришиш, ҳокимият, бойлик қуролли - зўравонлик, адолатсизлик, алдов, ваҳшийлик. Ҳамма эркинликлар қоғозда ёзилган ва берилган бўлса ҳам иқтисодий қарам бўлса, маблағсиз, билимсиз, кўпчиликнинг умумий кучисиз ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур.

Одамлар иқтисодий тўқчилик, руҳий ва қонуний эркинлик, аҳлоқий ва маънавий пок­лик, жамият ва давлат ишларида адолатли, ошкора демократия тизими орқали ҳаётнинг ҳамма соҳаларида эзгу амаллари билан ўзларининг бахтли, фаровон ҳаётларига эришадилар. Бундай қилмасалар ёвуз кучлар минглаб йиллар давом этганидек ўзларига иқтисодий, маънавий, ахлоқий, қонуний, сиёсий қарам ҳолатда ушлаб туришга интилаверадилар.

Шу боис истиқлолли юртимиз истиқболи йўлида ҳар биримиз ҳалол ва фаол бўлишимиз шарт. Соғлом турмуш тарзига амал қилиб, баркамоллик сари астойдил интилиб, гўё бахт илдизларидан сув ичган дарахт мисол камолот касб этишимиз ҳаётимизнинг долзарб талабидир.

Аҳмаджон ҒАФФОРОВ,

невролог-врач.